КРИПТО-БИРЖАЛАР ЭЛЕКТРОН ИҚТИСОДИЁТ РИВОЖИ САРИ
Иқтисодиётнинг рақамли секторини ривожлантириш борасида давлат томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилмоқда, электрон ҳужжат айланиши тизимлари жорий этилмоқда, электрон тўловлар ривожлантирилмоқда ва электрон тижорат соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тизими янада мустаҳкамланмоқда. Давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш, рақамли иқтисодиётни жорий этиш ва ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, инвестиция муҳитини яхшилаш, шунингдек, 2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги лойиҳа бошқаруви миллий Агентлигининг 2019 йил 21 январдаги буйруғи билан “Крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди. Ушбу Низомда мамлакатимизда крипто-биржаларнинг фаолиятини тартибга солиш, фаолият олиб бориш учун махсус рухсатнома олиш тартиби ҳамда унга қўйилган шартлар ва талаблар белгиланган.