ОЧИҚЛИК ВА ОШКОРАЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ ЙЎЛИДА

“Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан 2020 йилнинг ўтган 5 ойи давомида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда маҳаллий ва марказий оммавий ахборот воситалари вакиллари, матбуот котиблари, АОКА вилоят бошқармаси  ҳамда жамият мутахассислари иштирок этди. Унда асосий эътибор вилоятда электр энергиясини янада яхшилаш борасида жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар ҳамда келгусида амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли лойиҳалар хусусида сўз юритилди.
Хусусан, вилоятда 383 минг 299 та истеъмолчилар мавжуд бўлиб, улардан улгуржи истеъмолчилар 19 минг 621 тани ташкил этмоқда. Ўтган 5 ой давомида «Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан истеъмолчиларга 648,7 млн. кВт.соат яъни 244,2 млрд. сўмлик электр энергияси етказиб берилди. 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 76,9 млн.кВт.соат яъни 46,3 млрд.сўмлик 13,5 фоиз ортиқ электр энергияси етказилди.
Асосий мақсадимиз аҳолини, айниқса чекка ҳудудларни сифатли ва тежамкор электр тармоғи билан таъминлаш, — дейди «Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бош директори Муродбой Базаримбетов. Ҳозирда маҳаллий ва марказий ОАВ билан яқин ҳамкорлик ўрнатиб, соҳада амалга оширилаётган янги лойиҳаларни кенг жамоатчиликка етказишга асосий эътибор қаратилмоқда. Истеъмолчилар билан жамият ўртасида ижобий ва қонуний ҳамкорлик ўрнатишда журналистларнинг амалий ёрдами асосий ўрин тутади. Пандемия шароитида ҳар қандай қийинчиликка қарамасдан, ўз хизмат бурчимизни виждонан бажариб, кундалик юмушларимизда хавфсизлик ва санитария қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда вилоят аҳолисига узлуксиз ва сифатли электр энергияси етказиб беришда барча имкониятларимиздан самарали фойдаланиш диққатимиз марказида.
Тадбир давомида журналистлар жамиятнинг техник алоқалар хоналари, интекрактив хизматлари ҳамда матбуот хизмати фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Қизғин баҳс-мунозалар ва очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга тўлиқ жавоб олиш имкониятига эга бўлдилар.