ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ КУРАШИШДА ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ

Бугунги кунда экстремизм ва терроризм нафақат алоҳида мамлакатларнинг миллий хавфсизлигига, балки жаҳон ҳамжамиятига жиддий таҳдид солаётган омилга айланди. Сўнгги пайтларда тобора кучайиб бораётгани мазкур муаммонинг нақадар долзарб эканлигини назарда тутиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзининг Олий Мажлисга 2017 йилги Мурожаатномасида: «Айни вақтда дунёнинг баъзи минтақаларида юзага келган нотинч вазият аҳоли миграцияси кучайишига, бу эса, ўз навбатида, терроризм ва экстремизмнинг тарқалишига ҳамда уларнинг глобал муаммолардан бирига айланишига олиб келмоқда. Бундай вазиятда миллий давлатчилигимиз, мустақиллигимиз, аҳолимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти ва хавфсизлигимизни сақлаш биз учун энг устувор вазифага айланиб бормоқда», – дея таъкидлаб ўтган.

Қайд этиш жоизки, турли экстремистик ва террористик ташкилотлар Марказий Осиё республикаларидаги ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқаришга қаратилган фаолиятини давом эттирмоқда. Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари жаҳон ҳамжамияти эътиборини Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, терроризм ва экстремизм, трансмиллий жиноятчилик ва наркотрафик таҳдидларига қарши самарали курашишни БМТ превентив дипломатия усулларидан фойдаланган ҳолда, шунингдек, МДҲ, ШҲТ, ЕХҲТ ва бошқа нуфузли халқаро ҳамда минтақавий тузилмалар механизмлари доирасида ўзаро ҳамкорлик, минтақа мамлакатлари ўртасидаги амалий ҳамкорлик механизмлари дои­расида таъминлаш мумкин эканига, хавфсизликка таҳдидларни «ўзиники ва ўзгаларники» деб ажратишдан воз кечиш, «яхлит хавфсизлик» тамойилига амалда риоя қилиш зарурлигига қаратмоқда.

Ўзбекистон терроризм таҳдидлари ва унинг зарарли оқибатларини ўз бошидан кечирган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Юртимизда ушбу иллатларга қарши курашиш, унинг олдини олиш бўйича жаҳон ҳамжамиятига намуна бўла оладиган даражада ўзига хос таж­риба шаклланган. Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблея­си 72-сессиясидаги нутқида халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини бошқа омиллар билан бирга, жаҳолат ва муросасизлик ташкил этиши, шу муносабат билан одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакл­лантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифа эканини таъкидлади.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатланган ҳуқуқимизга кўра, ҳар бир шахс аниқ содир этган ғайриқонуний ҳаракати учун жазонинг муқаррарлиги суд ҳукмига кўра таъминланади. Ҳеч ким ноҳақ айбланишига йўл қўйилмайди. Суд адолат принципларига асосланиб, гувоҳларнинг кўрсатувлари ва аниқ асослантирилган далиллар мажмуи­га кўра ҳукм чиқаради. Бу чиқарилган ҳукмнинг асослилиги назорат тартибида, кассация ва аппеляция тартибида юқори суд инстанциялари томонидан назорат қилинади. Шу билан бирга, бир шахс содир этган жиноятга бошқа шахс, унинг яқинлари (албатта, агар жиноятга алоқадор бўлмаса) масъул бўлмайди ва жавобгарликдан озод этилади.

Терроризм кишилар, жамоатлар ёки давлатларнинг дини, жони, онги, моли, номусига бузғунчилик билан душманлик қилишдир. Унинг доирасига қўрқитиш, азият етказиш, таҳдид қилиш, ноҳақ ўлдириш, мол-мулкни тортиб олиш, йўлтўсарлик, зўравонлик, таҳдиднинг барча турлари билан якка ёки жамоавий тарзда жиноий режани амалга ошириш киради. Ушбу ҳаракатларнинг мақсади кишилар орасида қўрқув, таҳлика солиш, азият етказиб қўрқитиш ёки бошқаларнинг ҳаёти, эркинликлари ва мол-мулкини хавф-хатарга қўйишдир. Буларнинг барчаси бузғунчилик қилиш бўлиб, Аллоҳ Қуръони Каримда мусулмонларни бу ишдан қайтарган. Ақидапарастлик, бузғунчилик бугунги кунда пайдо бўлган долзарб масалалар эмас, бу муаммога нисбатан буюк алломалар ҳам кўп мурожаат этиб, уларнинг салбий оқибатларига ҳуқуқий ва фиқҳий жиҳатдан баҳо берган.

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида «Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади» – деган эди. 2018 йилнинг 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Лойиҳаси Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Резолюциянинг қабул қилиниши Президентимиз илгари сурган ташаббуснинг амалий ифодаси бўлди. Ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилганлиги таъкидланди.

 

Хулоса қилиб айтганда, терроризм иллатига қарши курашишда замонавий ҳуқуқ манбаларидан ташқари, оммавий ахборот воситалари фаолияти ва жамоатчилик назоратидан унумли фойдалансак, жамиятда тарғибот тадбирларига алоҳида эътибор қаратсак, юртимизда тинчлик-хотиржамликни таъминлашга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшган бўламиз.