АКАЛАРГА ЙИРТИҚ ШИМ, СИНГИЛЛАРГА КАЛТА ЮБКАМИ…

Инсоннинг ташқи кўриниши, маънавий дунёси, гўзаллик, нафосат, назокат, одоб борасидаги қарашларини очиб берадиган восита бу унинг кийиниш маданияти саналади. Кишиларнинг кийинишига қараб, унинг нафақат маънавий-маданий даражаси, балки моддий аҳволи, касби, жамиятдаги мавқеи, ҳатто эътиқодини ҳам аниқлаш мумкин. Аммо кейинги пайтларда миллий қадриятларимиз нумунаси саналган либосларимиз шакли, кўриниши ўзгармоқда. Айниқса, ўзбекона кийиниш маданиятимизга “оммавий маданият”нинг турли кўринишлари салбий таъсир этмоқда десак янглишмаймиз. Бу ҳолат айниқса, ёш йигит-қизларимизнинг кундалик кийимларида кўзга яққолроқ ташланмоқда…

Кейинги пайтларда нафақат аёллар, балки эркаклар ҳам “мода”нинг мухлисига айланишмоқда. Автобус, истироҳат боғи, бозор, кўча-куйда ва бошқа жамоат жойларида соқоли ўсган, калти шўртик, ҳар хил ёзувли футболкалар кийган ёки сочини бўяб олган йигитларга кўзингиз тушади. Сигарет чекаётган одамнинг сурати туширилган, скелет расми солинган, ёки хорижий тилларда турли иборалар ёзилган футболкаларни кийишга иштиёқманд йигитларимизнинг бу ишлари ўзбекона маданиятимизга тўғри келмаслигини ўзлари ҳам билишади, албатта.

Европа модаси деб урф бўлган йиртиқ шим, калта юбка ва тор кўйлакни  кийиб ўзини бугуннинг замонавий ёшлари деб хисоблайдиган хар бир йигит қиз қаттиқ адашади ва аксинча улар ўзларининг маънавияти тафаккури ва дунё қараши қанчалик саёз эканлигини “замонавий” либослари орқали намоён этишмоқда. Аслида инсоннинг маданиятга хос кийиниш услуби унинг маънавий олами қанчалик бой эканлигини намоён этувчи мухим омил хисобланади. Шу ўринда бир хақиқатни айтиш ўринли деб биламан.  Йигит қизларимизнинг кийиниш маданиятида ота-оналарнинг алоҳида ўрни бор. Танасига ёпишиб турувчи ёки калта ва очиқ кийимларни ўз қизларига олиб бераётган айрим ота-оналар бунинг салбий оқибатларга олиб келишини билишармикан. Афсуски ота-оналар орасида қизларининг кийинишига бефарқ қарайдиганлар талайгина.

Яқинда буюм бозорида тиззаси йиртиқ женси шимларга кўзим тушди. Энг қизиғи, иккита ёш қиз ўзларига тўғри келадиган ўлчамли йиртиқ шимни олиш учун кийиб кўраётган эканлар. Қизлар “мода”даги шимни бир-бирига мақташ билан овора. Лекин менинг кўзимга бу кийим жуда хунук кўринди.  Энг қизиғи қизларнинг юзу кўзи ҳаддан зиёд бўялган, сочлар ёйилган. Улардаги ёшлик ифоридан, табиий гўзалликдан асар ҳам қолмаган. Ёш қизларнинг бу ҳолатини кўриб, “ғоз юриш, сарв қоматлар қайда қолди, қизларимиз ниманинг қулига айланмоқда”, деган фикр билан ҳайратда қолдим. Ёшлар шу ахволда отаси ва онаси олдидан кўчага чиқмаяптими? Устозлари ҳузурига боряпдими? Ориятли акалар, тарбиячи тоғалар, меҳрибон амакилар қани? Ибрат бўлувчи амма-ю, онанинг ўрнини босувчи холалар қани? Улар нима билан банд? Уларнинг дарди, қайғуси нима?

Хўш, бу муаммоларнинг илдизи қаерда? Аслида ғарбона кийим-кечакнинг тарғиботчиси савдо марказлари, кийим бозорлари десак адашмаймиз. Сабаби бугун кийим-кечак бозорларида, савдо марказларида айнан ёшларга мўлжалланган бачкана бўлмаган, ҳеч қандай ёзувсиз, оддий кийимни топиш муаммо. Шу ерда мана бу мисолларга тўхталиб ўтмоқчиман. “Jorj exclusive” (Ажралиб турувчи, махсус Жорж), “Love Fashion” (Севимли мода, фасон), “No, You HANGUP” (Йўқ, сен осиласан), “You heart wanted love me” (Сенинг юрагинг мени севишни хоҳлаяпти), “What EVER” (Яна нима), “Kiss me slowop lose me fast” (Мени секин ўпиб, мендан тез ажрал) ва ҳоказо. Энг ачинарлиси санъаткорларимиз ичида бу каби ёзувли кийимларни кийиб,  клипга суратга тушиш ёки тўй ва концертларга бориш ҳам “мода”га айланган. Ёшларнинг кўпчилик қисми бугун энг кўп жамоатчиликнинг диққат марказида турувчилар, яъни санъаткорларга тақлид қилишни яхши кўришади. Аммо бугунги кунда айрим ўзбек санъаткорларнинг кийиниш маданияти Шарқ эмас, Ғарб давлатлари меъёрларини ҳам ортда қолдирмоқда. Айниқса, телеканалларда эфирга берилаётган баъзи клиплар, кино, сериалларидаги санъаткорларнинг кийиниш услуби ёшларни маънавий жарликка етакламоқда.

  • Ёшлигимизда ҳозиргидек тўқчилик, бозорларда тўкин-сочинлик бўлмаган. Кўп фарзандли оилаларда катта фарзандга олинган кийимни ундан кейинги укалари ҳам кийишарди. Агар кийимингиз йиртилиб қолибди дейишса, йиртиқдан уялиб, шарманда бўлишдан қўрқардик. Лекин бугун юртдошларимизнинг кийим борасидаги қарашлари жуда “замонавийлашган”. Айниқса ёшлар очиқ-сочиқ, ярми йиртиқ кийимларни кийишни, шу кийимларда никоҳ ва кечки базмларга боришга одатланишмоқда. Бу билан ўзбекона урф-одатларимизга, миллий қадриятларимизга ҳурматсизлик кўзи билан қаралмоқда, — дейди 70 ёшли урганчлик Ойбиби она Вафоева.

Онахонни гапларини тинглаб, ҳаёлимдан ўзбек дизайнерлари сифатли ва бежирим кийимларни таклиф этмас экан, фарзандларимиз йиртиқ кийимларни кийишдан тўхташмайди деган фикр ўтди. Лекин мавзунинг яна бир оғриқли томонида ҳам йўқ эмас. Ҳозирги замонавий ахборот технологиялари асрида интернетда, айниқса ижтимоий тармоқлар орқали онлайн тадбиркорлик оммалашмоқда. Интернет савдо гуруҳларига аъзо бўлган инсон Туркия, Хитой ва бошқа давлатлардан келтирилган уст, оёқ ва бош кийимлар ҳақида ҳар куни янги эълонлар билан тинимсиз танишади. Ушбу гуруҳлардаги савдо талаблари ҳам кишини таажжубга солади. Яъни гуруҳ аъзолари буюмнинг ранги, ўлчамини айтиб, буюртма беришади. Энг ёмони гуруҳда харидорларнинг «Очиқроғи йўқми?», «Калтароғи йўқми?» каби саволлари ва бунга жавобан янада калта, янада очиқ кийимларни таклиф этаётган интернет-сотувчилари маънавий дунёқараши ҳам етарли даража, аслида. Аммо на илож, даромад тадбиркорнинг бирламчи мақсади.  Авваллари кийим олиш учун бозорга атай чиқиш, уни соатлаб айланиш, сотувчи билан тортишиш керак эди. Бугун уйдан чиқмай туриб ҳам нафақат кийим, бошқа нарсалар ҳам харид қилиш мумкин. Айниқса, тўй-ҳашам учун бозорга нисбатан арзон кийим-кечалар бундан онлайн бозорларда талайгина.

-Яқинда бир қариндошим ўғлини уйлантирди. Бахт остонасида эндигина қадам ташлаётган келиннинг эгнидаги оппоқ либоси барчани диққатини тортди. Елкаси ярим очиқ, этаги ўзидан икки-уч метр узун тўй кўйлаги оҳирги русумдаги “мода” экан. Келиннинг тўй либосидан андиша қилдик. Лекин ёш келин-куёв тўй охиригача ўзларини бемалол тутишди, тинимсиз расмга тушишди, энг қизиғи катта даврада ярим елкаси очиқ оқ либосли келин куёв билан рақсга ҳам тушди. Балки бу ҳолат ёшлар учун замонавий мода, янгича удум саналар, лекин ижара пули ўзидан катта, ярми елкаси очиқ келин кўйлакларини олишга, тўй рақси билан ҳаммага кўз-кўз бўлишга шароит яратиб бериш миллийлигимизга тош отиш деганидир, — дейди Боғот туманида яшовчи Зумрад опа Оллаберганова.

Гап кийиниш маданияти ҳақида борар экан, унга аллақачон одамларнинг меъдасига теккан мавзу эмас, балки танамизни иссиқ-совуқдан асровчи, шу билан бирга кимнинг ким эканлигини кўрсатувчи восита сифатида қарашимиз лозим. Энг аввало ота-она ўз фарзандини кийинишига эътибор бериши, доимий назорат қилиши зарур. Шундагина юқорида келтирилган  муаммолар ва салбий фикрлар юзага келмайди. Истардимки қизларимиз ибо ҳаёда барчага намуна бўлиб, йигитларимиз ҳақиқий ўзбек ўғлони сифатида қолишса ва кийиниш маданияти ҳам миллийлигимизни ўзида мужассам этган энг муҳим омил эканлигини ёдда сақлашса нур устига аъло нур бўлар эди.

  • Фарзандларимиз “оммавий маданият” қурбонлари бўлмаслиги учун биз катталар нафақат бонг уришимиз, балки уларни миллий маданиятимизга ўргатишимиз керак. Бу борада Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқига хотин-қизлар қўмиталари, “Нуроний” жамғармаси, фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш Кенгашлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари ёрдам бериб, мактаб, коллеж, академик лицейларда, олий ўқув юртларида, ёшларнинг оммавий йиғиладиган жойларда тарғибот ишларини кучайтириши зарур. Бу ишга машҳур ва энди иш бошлаётган либослар дизайнерларини таклиф этиб, уларнинг кўргазмалари намойишини ташкил этилиши ҳам ўз навбатида кийиниш маданиятимизни ўзбекона сақланиб қолишига амалий ёрдам беради, — дейди меҳнат фахрийси Гулнора Исмоилова.

Бир сўз билан айтганда, ҳар биримиз ўзимиз ва яқинларимизнинг кийинишига беэътибор қарамаслигимиз керак. Либосларимиз шунчаки танамизни ёпувчи мато эмас, балки халқимиз маданиятини, қарашларини ўзида мужассам этиб, миллатимизга, миллийлигимизга муносабатимизни ифодалайди. Ўзбек оилаларида фарзанднинг ўзини тутиши ва кийиниши ҳамиша нафақат ота-она, балки бобо ва бувилар назоратида ҳам бўлиб келган. Ўйлайманки, ҳар бир оиланинг ёши улуғлари ўғил-қизларининг кийинишига назоратни кучайтирса, “ёшларнинг ҳаммаси шундай кийинаяпти-ку,” деган “тасалли”ни фикрлар луғатидан олиб ташласа, айни муддао бўларди. Ватанимизга ташриф буюрган ҳар бир сайёҳ бизнинг эгнимизда миллий либосларимизни кўриб ҳайратланса, қандай яхши! Миллий либосларимиз тимсолида уят, андиша, ибо, ҳаё каби гўзал хислатларимиз ҳам ўзини намоён этар эди. Қолаверса, “акасига йиртиқ шим, синглисига калта юбка олиб бердим”, деб мақтанаётган айрим ота-оналарга маҳалла-кўй дашном берса, миллий анъаналаримиз давомчисига айланишига ҳисса қўшса, нур устига аъло нур бўлади.

Бу мавзуда қолган фикр ва мулоҳазалар сиздан, азиз газетхон!

 

Дилрабо КУРЯЗОВА

журналист