ТАҲРИРИЯТЛАР ИЖОДИЙ УЮШМА ЭЪТИБОРИДА

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи доирасидаги музокараларда Ўзбекистон ва Тожикистон давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқли амалий ҳамкорлигимиз сифат жиҳатдан янги даражасига кўтарилгани қайд этилди.

Таъкидлаш жоизки, айни кунда мамлакатимиздаги уч юзга яқин умумтаълим мактабида тожик тилида ҳам дарс берилади. Бир қатор ўрта ва олий таълим муассасаларида, жумладан, Самарқанд ва Термиз давлат университетларида тожик филологияси бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган.  Тошкент шаҳри ва вилоятларда тожик маданият марказлари самарали фаолият юритмоқда.

Ўнга яқин туман ва шаҳар газеталарида тожик тили саҳифалари  бор. Марказий ва ҳудудий телерадиоканалларда тожик тилида кўрсатув ва радио эшиттиришлар тайёрланиб эфирга узатилмоқда. Ўтган йили Самарқанд шаҳрида нашр этиладиган вилоят ҳокимлигининг “Овози Самарқанд” газетасининг 30 йиллиги кенг нишонланди. Ушбу таҳририят жамоаси Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ўтказиб келинаётган  “Олтин қалам” танловининг матбуот йўналиши бўйича ғолиби ҳисобланади.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан юртимизда турли тилларда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари, уларда меҳнат қилаётган ходимларни қўллаб-қувватлашга алоҳида  эътибор қаратиб келинмоқда.  Тожик, қозоқ ва бошқа тилларида фаолият олиб борадиган оммавий ахборот воситаларида самарали меҳнат қилиб келаётган истеъдодли, қалами ўткир журналистлар уюшма томонидан моддий ва маънавий рағбатлантириб келинаётгани фикримизни тасдиқлайди.

Уюшма томонидан ўтказиб келинаётган ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси “Овози тожик” ва “Нурли жол” газеталари таҳририятларида бўлиб ўтди.  Унда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров кўп миллатли мамлакатимизда  матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар ортга қайтмас тус олгани, уюшма томонидан ОАВ вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида изчил ишлар давом эттирилишини алоҳида таъкидлади.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси  томонидан “Овози тожик” ва “Нурли жол” газеталари таҳририятларига замонавий компьютер тўпламлари совға қилинди. Шунингдек, Уюшма аъзолигига қабул қилинган “Овози тожик” газетаси бош муҳаррири Шерпўлат Вакилов, таҳририят масъул котиби Аълам Нарзиев  ҳамда «Нурли жол» газетаси бош муҳаррири Ғуломзокир Юсупов, газета бўлим муҳаррири Жаннат Молдашеваларга аъзолик гувоҳнома ҳамда аъзолик кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.

Журналистлар  уюшмаси ахборот хизмати