ЎЗБЕК-ТУРК: ИККИ ҚАРДОШ ХАЛҚНИНГ МАДАНИЙ ТАРИХИ МУШТАРАК

ТУРКСОЙ ташкилоти ҳамда Қозоғистон ва Қирғизистон вакиллари билан Караман шаҳридаги Мустафо Камол Отатурк ёдгорлиги майдонига ташриф буюрилди.
ТУРКСОЙ ташкилоти раҳбари Дусен Касейнов ҳамда Караман шаҳри ҳокими Саваш Калайжи бошчилигидаги расмий вакиллар иштирокида Мустафо Камол Отатурк ҳайкали пойига гулчамбар қўйилиб, ҳурмат бажо келтирилди.
Шундан сўнг ушбу майдонда туркий тилли давлатларнинг ўттиз йиллиги ҳамда 2020-2021 йилларда «Хива шаҳри — турк дунёси маданий пойтахти» деб эълон қилинганлиги муносабати билан ташкил этилган кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Кўргазмада Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Озарбайжон Республикаларининг тарихи, маданияти, урф-одатлари, уларнинг туризм салоҳиятини юксалтириш учун хизмат кўрсатувчи объектлар бўйича маълумотлар берилди.
Айниқса, «Ичан-қалъа» давлат музей-қўриқхонасида жорий этилган смарт музей лойиҳаси ва вилоятимизнинг миллий маҳсулотларига бағишланган ҳунармандлик кўргазмаси ташриф буюрувчилар диққатини тортди.
Тадбир якунидан кейин Караман шаҳри беледиесида шаҳар ҳокими Саваш Калайжи билан учрашув ташкил қилиниб, туркий дунё мамлакатларининг тили, урф-одат ва анъаналари бир-бирига яқинлиги, қардош халқларнинг маданияти ва санъати ривожи йўлида доимий ҳамкорлик ўрнатилиши эътироф этилди.
Куннинг иккинчи ярмида Караман вилояти валилигида вилоят ҳокими Меҳмет Алпаслан Ишик билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда туркий тилда сўзлашувчи мамлакатлар мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан ўтказилаётган мазкур фестиваль ушбу халқларнинг маданий муносабатларини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши қайд этиб ўтилди.
Мамлакатларнинг туризм соҳаси бўйича алоқаларни янада мустаҳкамлаш, маданий алоқалар орқали туристик хизматлар турини янада кенгайтириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар тўғрисида фикр алмашилди.
Хоразм вилояти мусиқали драма театри директори Д.Ибрагимова томонидан самимий қабул ва меҳмондўстлик учун вилоят ҳокимига миннатдорчилик билдирилди.
Учрашувларда турк қардошларимизга Хоразм вилояти миллий маҳсулотлари, чопон ва бошқа эсдалик совғалари топширилди.