ТУРКСОЙ: МАДАНИЯТ, ТАРИХ, САНЪАТ ВА ТУРИЗМДА ҲАМКОРЛИК

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) томонидан 2020 — 2021 йилларда «Хива шаҳри — турк дунёси маданий пойтахти» деб эълон қилинган.
«Хива шаҳри — турк дунёси маданий пойтахти» доирасида жорий йилнинг 2-9 август кунлари Туркия Республикасида Хоразм вилоятининг бой тарихи ва маданиятига бағишланган фестиваль ўтказилиши режалаштирилган.
Халқаро ТУРКСОЙ ташкилотининг таклифига биноан Хоразм вилояти делегацияси ва ижодий жамоаси 1 август куни Истанбул шаҳрига етиб боришди.
Маълумот ўрнида, Хоразм вилоят ижодий жамоаси таркиби Хоразм вилояти мусиқали драма театри, Хоразм вилояти филармонияси санъаткорлари, шунингдек, «Ичан-қалъа» давлат музей-қўриқхонаси музейшунос ходимидан иборат.
Фестиваль доирасида ўтказиладиган тадбирлардан Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини оширишга ҳамда маданият тарғиботига қаратилган фотокўргазма, ҳунармандлик кўргазмаси ва миллий санъат намуналари ўрин олган.
Жамоани Истанбул шаҳрида ТУРКСОЙ ташкилоти раҳбари ўринбосари Санжар Мулозимўғли ва ташкилий ишлар бўйича гуруҳ раҳбари Шехноз Бурхониддинова кутиб олди.
Куннинг биринчи ярмида Истанбул шаҳри Малтепе мериядаги муҳташам маданият марказида ижодий жамоанинг олдиндаги тадбирларга тайёргарлик (репетиция) жараёнлари олиб борилди.
Куннинг иккинчи ярмида ушбу маданият марказида Малтепе тумани мэри ўринбосари Канан Денер хоним ҳамда ТУРКСОЙ ташкилоти раҳбари Дусен Касейнов билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда халқаро маданий алоқаларни янада ривожлантириш, ТУРКСОЙ ташкилотининг турк дунёси мамлакатлари маданиятини сақлаш ва тарғиб қилиш, бу орқали туркий халқларнинг бирлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлари эътироф этилди.
Шунингдек, 2020 — 2021 йилларда «Хива шаҳри — турк дунёси маданий пойтахти» доирасидаги лойиҳалар билан билан таништирилди.
Канан Денер хонимга Хоразм диёридан эсдалик совғалари топширилди.
Шундан сўнг маданият марказининг галереясида ТУРКСОЙ ташкилоти томонидан ташкил этилган Ўзбекистон, хусусан Хива шаҳрига бағишланган фотокўргазма, ҳунармандчилик кўргазмаси бўлиб ўтди.
Бундан ташқари, «Ичан-қалъа» давлат музей-қўриқхонаси томонидан «смарт музей» лойиҳаси намойиш этилди. Ушбу лойиҳа ташриф буюрувчилар томонидан жуда катта қизиқиш билан қарши олинди.
100 га яқин картинани ўз ичига олган фотокўргазмада Хива шаҳридаги тарихий обидалар, вилоятнинг ўзига хос туризм салоҳияти билан таништирилди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти томонидан тайёрланган туркий дунё мамлакатларининг қўшма концерти бўлиб ўтди.
Бадиий қисмда Хоразм вилоятининг ижодий жамоаси томонидан саҳналаштирилган театр чиқишлари, миллий куй-қўшиқ ва рақслар гулдастаси тақдим этилди.
Ўзбекистон делегациясининг Туркиядаги ижодий сафари давом этмоқда…