ТУРКСОЙ ДЕЛЕГАЦИЯСИ БУЮК ШАҲАР КОНЯДА

Халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти вакиллари бошчилигида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон делегацияси Караман шаҳридан 100 километр масофада жойлашган Коня шаҳрини зиёрат қилишди.
Коня Туркиянинг жанубий қисмида жойлашган бўлиб, шаҳарда озиқ-овқат, тўқимачилик, цемент ва трактор заводи мавжуд. Шунингдек, ушбу ҳудудда машҳур гиламлар тайёрланади. Қисқа айтганда, Коня Туркиянинг саноат зоналаридан бири ҳисобланади.
Кун ярмида Коня шаҳрига етиб келган делегация аъзолари шаҳар ўртасидаги Жалолиддин Румий зиёратгоҳи ва музейига ташриф уюштирилди.
Дунёнинг улуғ донишмандларидан бири, беназир шоир ва бетакрор мутафаккир, валий инсон Жалолиддин Румий 1207 йилда Хоразмшоҳлар империяси тасарруфида бўлган Балхда (ҳозирги Афғонистон ҳудуди) туғилган.
Мавлоно Румий майдонида жойлашган мақбара ва музей зиёратчилар ташриф буюриши учун қулай меъморий ансамблга айлантирилган. Шунингдек, ушбу ҳудудда Султон Салим масжиди жойлашган.
Делегация аъзолари зиёрат қилаётган вақтда Коняда (кейин билишимизча, ёнғин бўлаётган ҳудудларда ҳам) ёмғир ёғишни бошлади. Бу айни ўрмон ёнғинларини бартараф этишда турк қардошларимизга мадад бўлганини маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали ҳам бир неча бор таъкидлаб ўтишди.
Шундан сўнг, делегация аъзолари Коня шаҳрининг хушманзара ва диққатга сазовор жойларини томоша қилди. Улкан тоғ бағрида кечки овқат ташкил қилинди. Шу ўринда, айтиб ўтиш жоиз, айнан Конядаги таомлар Хоразм таомларига жуда ўхшашлигини билдик.
Кечки пайт делегация Караман шаҳрига қайтиб, ТУРКСОЙ вакиллари билан биргаликда эртага Нигде шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган навбатдаги ишлар юзасидан келишиб олинди. Ижодий жамоа вакиллари репертуар режа асосида репетиция жараёнларини олиб бордилар.

Ўзбекистон делегациясининг Туркиядаги ижодий сафари давом этмоқда…