ТУРКСОЙ: ҚАРДОШ ХАЛҚЛАР МАДАНИЙ ҲАМКОРЛИГИ

Халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти томонидан Туркияга ташриф буюрган  Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон делегацияси аъзолари Анқара шаҳрида жойлашган ТУРКСОЙ ташкилоти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.
Делегация аъзоларини Халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти раҳбари ўринбосари доктор Билол Чакичи кутиб олди. Меҳмонларга ТУРКСОЙ ташкилоти фаолияти тўғрисида маълумот берилиб, туркий тилли мамлакатлар рассомларининг кўргазмалари билан таништирилди.
Маълумот ўрнида, Халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти 1992 йил 12 июлда ташкил топган бўлиб, туркий тилли мамлакатларнинг маданияти ва санъатини тарғиб қилиш ва маданий ҳамкорликни ривожлантириш ташкилотнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Шундан сўнг делегация аъзолари Мустафо Камол Отатурк музейига ташриф буюрди.
Куннинг иккинчи ярмида Анқарадаги «Туркий дунё майдони»да маданий тадбирга тайёргарлик жараёнлари ҳамда туркий тилли мамлакатларнинг маданий меросига бағишланган фотокўргазма бўлиб ўтди.
Оқшом пайти Анқарадаги Насиб Фозил Кисакурек театри томоша залида «3-Халқаро турк дунёси фестивали»нинг якуний қўшма гала-концерти бўлиб ўтди. Концерт дастурида Хоразм вилояти мусиқали драма театри, Ўзбекистон давлат филармонияси Хоразм вилояти бўлинмаси санъаткорлари томонидан миллий ижролар намойиш этилди.
Тадбирда Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси вакиллари ҳам иштирок этишди.
Шу билан Халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти томонидан 2020-2021 йилларда «Хива шаҳри — турк дунёси маданий пойтахти» деб эълон қилинганлиги муносабати билан ташкил этилган туркий тилли мамлакатларнинг «3-Халқаро турк дунёси фестивали» доирасидаги тадбирлар якунига етди.