МАДАНИЯТ ВА ТУРИЗМДА ТУРКИЯ БИЛАН ҲАМКОРЛИК

«Ипак йўли» туризм халқаро университети ва Туркия Республикаси туркий маданият ва тарих фонди ҳамкорлик меморандумини имзолади. Меморандум доирасида томонлар маданий, илм-фан, тадқиқот ва ахборот соҳаларида ўзаро ҳамкорлик қилади.

Туркия Республикаси туркий маданият ва тарих фонди ташаббуси билан лойиҳа амалга оширилмоқда. Унга кўра ноёб адабиётлардан фойдаланиш имконияти пайдо бўлади, нодир ва қимматбаҳо китоб ҳужжатларини ўрганиш бўйича қўшма илмий-тадқиқот ишлари, малака ошириш, ўзаро тажриба ва китоб нашрлари алмашиш бўйича тадбирлар, амалиёт ва ўзаро ташрифлар олиб борилади.

Маълумот учун, Туркия Республикаси туркий маданият ва тарих фонди (ТУРКТАВ) 2007 йилда ташкил этилган бўлиб, турк дунёсининг маданий меросини асраб — авайлаш масалалари билан фаол шуғулланади. Фонд маданият ва таълим институтлари ҳамда муассасалари, туркий дунё мамлакатларининг жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади, турли халқаро маданий лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этади. Жамғарманинг муҳим лойиҳалари бири -бу «Ўтрор» электрон кутубхонаси. Унинг фондида ҳозирда дунёнинг турли мамлакатларидан келган юз мингдан зиёд нодир китоблар, қўлёзмалар, даврий нашрлар мавжуд.

Ўзбекистоннинг тарихий меросини тиклаш мақсадида Фонд томонидан Усмонли империясининг тарихий архивлари, Усмонли султонларининг ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида жойлашган давлатлар ҳукмдорлари ўртасидаги ёзишмалари билан танишиш имкониятини беради.

Фонд кўмагида «Ипак йўли» туризм халқаро университети кутубхонасини архивида туркий дунё мамлакатларининг нодир китоблари, қўлёзмалари, даврий нашрларидан иборат махсус босма ва электрон адабиётлар билан кенгайтириш режалаштирилган, деб хабар беради Туризм ва спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.

https://yuz.uz/news/tarix-va-madaniy-merosni-tiklash-sohasida-turkiya-bilan-hamkorlik