КОРРУПЦИЯСИЗ ЖАМИЯТ САРИ

Урганчда Коррупцияга қарши курашиш бўйича Хоразм вилояти ҳудудий кенгашининг намунавий эшитув йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги дахлдор ташкилот ва бошқармалар раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Вилоят ҳокими Ф.Эрманов йиғилишни очиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгаш томонидан амалга оширилаётган вазифалар ижроси хусусида тўхталди.

Йиғилишда Хоразм вилояти прокурори Б.Кудратходжаев, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи А.Юлдашов, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг ўринбосари У.Тўхташова,
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси ўринбосари А.Жалилов ва бошқа мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирок этдилар.

Намунавий эшитувда ҳудудий кенгаш аъзолари сўзга чиқиб, коррупцияга қарши кураш йўналишида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва бу жараёнда ҳудудий кенгашларнинг ўрни ҳақида батафсил маълумот бердилар.

Йиғилишда ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва унинг қуйи тизимларида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар бўйича масъул раҳбарларнинг ахборотлари эшитилди ва йўл қўйилган хатолар муҳокама қилиниб, камчиликни бартараф этиш чора-тадбирлари белгиланди.

Дилрабо КУРЯЗОВА