Вилоят тўртинчи секторида тадбиркорлар билан учрашув

Хоразм вилояти тўртинчи сектори, вилоят давлат солиқ бошқармасининг ташаббуси билан Хива шаҳри, Қўшкўпир ва Хива  туманларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан учрашув ўтказилди.

Тадбирни ташкил этишда асосий мақсад Президентимизнинг 2018 йил 22 январдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси солиқ ва бюджет сиёсатининг 2018 йилги асосий йўналишларидан келиб чиқиб солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятини аҳолига, хусусан, тадбиркорларга етказишга қаратилид.

Учрашувда вилоят тўртинчи сектори ишчи гуруҳ аъзолари, ҳудудлардаги тўртта сектор раҳбарлари ҳамда бошқа давлат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Унда соҳа мутахассислари томонидан юртимизда инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай имконият ва шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, хусусан, чекка ҳудудларда тадбиркорларнинг фаолиятида инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда экспорт салдоҳиятини янада кенгайтириш масалалари хусусида сўз юритилди.

Айни кунда вилоятимизда 21130 та хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти йўлга қўйилган. Улардан қишлоқ хўжалиги корхоналари сони 8931 тани, саноат корхоналари сони 1529 тани, қурилиш ташкилотлари сони 991 тани, транспорт хизматини кўрсатаётган корхоналар сони 142 тани савдо корхоналари сони 1940 тани ҳамда умумий овқатланиш корхоналари сони 441 тани ташкил қилади. Ўтган 2017 йил давомида вилоятда фаолият олиб бораётган 968 та корхона ва ташкилотлар жами 88,2 миллиард сўмлик солиқ имтиёзларидан фойдаланишга эришилди. Мазкур имтиёз ва преференцияларнинг 44,2 фоизи Солиқ кодексига, 55,8 фоизи Ўзбекистон Республикасининг ҳукумат қарорларига асосан фойдаланилган имтиёзлар ҳисобланади, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Темуровю

Шунингдек, жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра вилоятда жами 16  минг 322 нафар якка тартибдаги тадбиркорлар рўйхатга олинган бўлиб, шулардан 5 минг 786 нафари 2017 йилда янгидан рўйхатга олинган якка тартибдаги тадбиркорлар ҳисобланади

Тадбиркорлар иштирокида ташкил этилган учрашувларда соҳа мутахассислари томонидан жорий йилда солиқ қонунчилигига киритилган янгиликларнинг тадбиркорлик фаолиятига қулайлиги ва солиқ соҳасидаги имтиёзларнинг афзалликлари хусусида батафсил тушунтиришлар берилди.

2018 йил 1 январдан бошлаб фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бирлаштирилиб, солиқ ставкаси 15,5 фоиз ўрнига 14 фоиз қилиб белгиланганди. Соҳага доир янги қабул қилинган тегишли ҳужжатга мувофиқ учта қонунга, жумладан, Солиқ кодексининг 47 та моддасига шу каби ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига, Таълим ва тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармасига, Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар, ягона тўлов турига – давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларга бирлаштирилди ва умумий солиқ ставкаси 3,5 фоиздан 3,2 фоизгача пасайтирилди.

-Бугунги семинарда жорий йилдан солиқ соҳасидаги янгиликлар, тадбиркорлар учун яратилган имтиёз ва енгилликлардан хабардор бўлдик, – дейди, Қўшкўпир туманидаги “Файз” хусусий корхонаси раҳбари Гарҳар Матназарова. – Бу ерда олган маълумотларим асосида ўзим раҳбарлик қилиб келаётган тикувчилик корхонамнинг ишчи-ходимлари билан давра суҳбатлари ташкил этишни, ёшларнинг янги ғояларини қўллаб-қувватлашга, иш жараёни учун янги технологияларни жорий этишни, ҳамда миллий маҳсулотларимизн жаҳон бозорларига чиқаришни мақсад қилдим.

Тадбир давомида Хива шаҳар, Қўшкўпир ва Хива туманларидаги тўртта сектор раҳбарлари, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ҳудудларда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, хусусан, туманда экспорт салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирларнинг амалий ижросига ҳам асосий эътибор қаратилди.

Вилоят тўртинчи секторининг амалий ёрдами билан ўтган йилда ширинликлар пиширадиган хусусий корхонамни ишга туширдим, – дейди “Фазилат мега” хусусий корхонаси раҳбари, ёш тадбиркор Фазилат Отабоева. Ўзим 2016 йилда коллежни  тугатиб, тадбиркорлик қилишни ният қилган эдим. Сектор раҳбарларига бу борада амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Қисқа муддат ичида “Гулзор” маҳалласидаги бинонинг бўш турган қисми менга ажратиб берилди. Ҳозирда 20 турдан ортиқ ширинликларни пишириб, ички бозорларимизга етказиб бермоқдамиз. Келажакда иш фаолиятимизни кенгайтиришни, янги иш ўринлари ташкил этиб, бозорларимизга, тумандаги мактаб ва боғчаларга турли хилдаги ширин пишириқлар етказиб беришни режалаштирганман. Бугун юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, тадбиркорлар учун яратилаётган имконият ва имтиёзлар учун Президентимиздан чексиз миннатдорман.

Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган семинар доирасида аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ва ёшларни ташвишга солаётган долзарб муаммолар, шунингдек, ҳудуднинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган, фуқароларни қийнаётган масалалар муҳокама этилди. уларнинг айримларини шу ернинг ўзида ҳал этиш чоралари кўрилди.

Бу каби семинар йиғилишлар вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида ташкил этилмоқда.