ЎЗБЕКИСТОН – ТУРКИЯ: ТУРИЗМДА САМАРАЛИ ҲАМКОРЛИК

Ўзбекистон ва Туркия халқлари ўртасида азалдан дўстлик ҳамда ўзаро ҳурмат қарор топган. Уларнинг ўхшаш жиҳатлари ҳам кўп. Одамлари меҳнатсевар, тарихи буюк, замини гўзал ва бетакрор. Пурвиқор тоғлару сўлим табиат, шифобахш сувлару унумдор тупроқлар, чин маънода, икки халққа туҳфа этилган инъомдир.

Туркия Ўзбекистоннинг нафақат ташқи сиёсатида балки, иқтисодий, маданий ва туризм соҳаларида ҳам алоҳида ахамиятга эга бўлган ҳамкор давлатлардан биридир. Буни биргина Туркия дунёдаги 200 дан ортиқ мамлакатлар ичида Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини биринчи бўлиб тан олганлиги ва шу тариқа унинг дунё харитасида янги давлат сифатида эътироф этилиши жараёнини бошлаб беришда қўшган дўстона ҳамкорлигида кўришимиз мумкин.

Тарихга назар ташласак, ўзбек ва турк халқларини азалий дўстлик, биродарлик ва қардошлик ришталари ўзаро боғлаб турганлигини яна бир бор гувоҳи бўламиз. Ҳар икки халқ ҳам туркий тилда сўзлашувчи бўлиб, уларнинг маданияти, дини ва урф-одатлари бир-бирига жуда яқин. Қолаверса, Туркиянинг ривожланган саноати, транспорт коммуникациялари, денгиз йўллари, қишлоқ хўжалиги, туризм салоҳияти, улкан давлатчилик тажрибаси Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этади.

Маълумот ўрнида шуни қайд этиш лозимки, Туркия Республикаси Осиё ва Европа қитъалари кесишган нуқтада жойлашган мамлакат саналади. Мазкур давлат маъмурий ҳудудий тузилишига кўра унитар давлат, бошқарув шаклига кўра эса президент-парламент типидаги аралаш республика ҳисобланади. Конституцияга мувофиқ Туркия Республикаси демократик, дунёвий ва социал-ҳуқуқий давлат бўлса-да, аҳолисининг деярли 95 фоизини ислом динига эътиқод қилувчилар ташкил қилганлиги боис, бу ерда ислом динига нисбатан ҳурмат анча юқори. Иқтисодий қудратига кўра Туркия дунёда кучли 20 талик гуруҳига кирувчи давлатлардан бири саналади.

Ҳозир кунда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари изчиллик билан ривожланиб, барча соҳалардаги ҳамкорлик фаолияти самарали йўлга қўйилмоқда. Юртимизда Туркия давлатининг 500 га яқин фирма ва компаниялари фаолият юритмоқда. Маълумотларга кўра, биргина 2016 йилда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2017 йилнинг тўққиз ойи мобайнида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 29 фоизга ошди. Ўтган йилнинг ўзида юртимизда Туркия ишбилармонлари сармояси иштирокида 20 дан ортиқ корхона ташкил этилди, 53 компаниянинг ваколатхоналари эса аккредитациядан ўтказилди. Мазкур рақамаларнинг ўзи ҳам Ўзбекистон-Туркия муносабатларининг ҳар томонлама мустаҳкамланиб бораётганлигидан далолат беради.

Туркия-Ўзбекистон ҳамкорлигида туризм соҳаси ҳам алоҳида ўрин тутади. Туркия бу соҳада кўп йиллик тажрибага эга, туризм динамикаси ўсиб келаётган давлат ҳисобланади. Туркиянинг туристик жабҳалардаги ибратли ютуқларини ўрганиш, ҳозирда Ўзбекистонда туристик жабҳаларни модернизация қилиш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларда ушбу мамлакатнинг илғор тажрибасидан фойданиш ва турк тадбиркорлари ҳамда компанияларининг сармояларини Ўзбекистонда амалга оширилаётган турли, икки томонга ҳам фойдали бўлган қўшма лойиҳаларга жалб қилиш мамлакатимизнинг миллий манфаатларига тўлиқ мос келади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Туркиянинг минтақамиздаги ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутади. Юртимиз бугунги кунда Анқаранинг Марказий Осиёдаги энг асосий шерикларидан бири ҳисобланади. Диёримизнинг улкан бозори, тобора либераллашиб бораётган иқтисодиёти, қулай инвестициявий муҳити, тарихий шаҳарлари, муқаддас диний қадамжолари Туркияда катта қизиқиш уйғотмоқда. Демак, ҳамкорликни мустаҳкамлашдан ҳар икки томон ҳам манфаатдор бўлиб, бу эса ўзаро муносабатларнинг истиқболи порлоқ эканидан далолатдир.

Икки давлат ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда 6 февралдаги “Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори юртимизда сайёҳлик йўналишини кескин ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш, туркиялик меҳмонлар оқимини кўпайтириш, туристик, маданий, табиий ва спорт салоҳиятини бутун жаҳонга намойиш этиш, ўз навбатида, ички туризм маданиятини шакллантиришда муҳим ташкилий-ҳуқуқий дастуриламал бўлади.

Барчамизга маълумки, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 25-26 октябр кунлари Туркияга давлат ташрифини амалга оширдилар. Музокаралар натижасида икки мамлакат орасида 26 та муҳим шартномалар имзоланди. Савдо, саноат, банк-молия, инвестиция, туризм, юк ташиш, соғлиқни сақлаш, кадрлар тайёрлаш, мудофаа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар қабул қилинди.

Энг асосийси, Ўзбекистон-Туркия давлатларининг туризм соҳасидаги ҳамкорлик фаолияти амалий жиҳатдан ўз самарасини бермоқда.

Яъни Туркиянинг “APEAS Engineering & Construction” компаниясининг молиявий кўмаги остида Самарқандда барпо этилаётган 130 ўринли меҳмонхона мажмуаси ёки Туркиянинг “Зираат” банкидан намунали уйлар қуриш учун 200 миллион доллар кредит маблағлари жалб қилиниши икки давлат ҳамкорлигида муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, 2017 йилнинг октябрь ойидан бошлаб “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси томонидан илк бор “Самарқанд — Истанбул — Самарқанд” йўналиши бўйича мунтазам ҳаво қатнови йўлга қўйилганлиги икки давлат халқлар дўстлигининг яна бир амалий мисолидир.

Шунингдек, ўтган йилинг декабрь ойида юртимизда Ўзбекистон-Туркия бизнес-форуми ташкил этилди. Мазкур тадбирда ўзбек ва турк компаниялари ўртасида савдо алоқалари йўлга қўйилишини қўллаб-қувватлаш, янги қўшма корхоналарни ишга тушириш ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама этилганлиги икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим замин яратади.

Айни пайтда Ўзбекистон-Туркия ўртасида маданий-гуманитар соҳаларда ҳам ўзаро ҳамкорлик ришталарини вожланаётганини ҳам айтиб ўтиш ўринли. Масалан, мамлакатимизда ўтказиладиган анъанавий “Шарқ тароналари” халқаро фестивалида туркиялик ижодий жамоалар ўзларининг миллий куй-қўшиқлари билан доимий иштирок этиб келишмоқда. Туркияда ҳам  ўзбекистонлик санъат ва маданият намояндалари иштирокида маданият тадбирларининг ўтказилиши анъанаган айланган.

Биргина мисол, 1995 йил апрель ойида Туркияда ўтказилган 23 апрель – Бутунжаҳон болалар куни фестивалида ўзбек ёшлари ҳам иштирок этишган. Мазкур халқаро фестивальда хоразмлик “Мерос” болалар фолькор жамоаси иштирокчилари миллий лапар, айтишувлар ижро этиб, турк тенгдошларига ўзбек миллий қадрият ва анъаналаримизни бадиий чиқишлар орқали номоён этишган.

Яна бир муҳим маълумот, айни пайтда Туркияда 9 та қишлоқ ўзбекча ном аталади. Тарихан эса, Марказий Осиёда етишиб чиққан қатор қомусий олимлар — Жалолиддин Румий, машҳур математик Али Қушчи, тарихчи Абдул Карим Бухорий ўз даврида турк заминида яшаб, ижод қилишгани ҳақида кўп маълумотлар келтирилган.

Тиббиёт соҳасида таризмни ривожлантиришда ҳам ўзбек-турк шифокорлари ўртасида самарали алоқалар ўрнатилган. Жумладан, 2002 йилдан буён ўзбек шифокорларининг Туркиянинг энг замонавий тиббиёт марказларида тажриба алмашишлари анъанага айланган. Шунингдек, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги билан биргаликда мамлакатимиздаги Гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот институти қошида суяк илиги трансплантацияси марказининг фаолияти йўлга қўйилган. Мазкур марказ Марказий Осиёда ягона саналиб, бу ерда ўзбек-турк шифокорлари ўзаро тажриба алмашиб келишмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон-Туркиянинг яқин ҳамкорликка интилиши замирида Буюк Ипак йўлида алоҳида ўрин тутувчи Ўзбекистоннинг кучли давлат сифатида ривожланишидан манфаатдорлиги мужассам. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ҳамда Туркиянинг ўзаро яқин алоқалари икки мамлакат учун тарих ва келажак олдида муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон-Туркия муносабатлари дўстлик, ҳамкорликдан ҳам юқори туради. Биз томири бир, қалби муштарак, маънавий, руҳан бир халқмиз. Энг катта кучимиз руҳан бирлиги­мизда. Буни икки давлат раҳбарларининг бир-бирига бўлган самимий муносабати, очиқ чеҳра билан олиб бораётган муло­қотлари, билдирган эзгу тилак­лари ва барча соҳалардаги ҳамкорлик ришталарида ҳам кўришимиз мумкин.