СОЛИҚ ТИЗИМИДА ВИДЕО-КОНФЕРЕНЦИЯ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 сентабрдаги “Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3300-сон қарори доирасида амалга оширилиши белгиланган вазифаларга бағишланган видео-конференция бўлиб ўтди.

Республика даражасида ташкил этилган мазкур тадбирда ҳудудий давлат солиқ хизмати ходимлари, тадбиркорлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Видео-конференцияда асосий эътибор тадбиркорлик соҳасида солиқ хизматларини янада технологик ривожлантириш, аҳолига пуллик хизмат кўрсатишда ҳисоб-китоб қилишни тезкор ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимини кенгайтириш мақсадида “онлайн” режимда фаолият юритувчи назорат-касса машиналарининг амалиётга самарали татбиқ этишга қаратилди.

Фискал хотирали онлайн назорат-касса машиналарини амалиётга жорий қилиниши савдо қоидаларига риоя этилишини тартибга солиши билан бир қаторда, солиқ назорати жараёнини автоматлаштириш имконини беради, — дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Б.Атаниязов. Шу билан бирга, тадбиркорлик субектлари томонидан ҳисобланадиган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини камайтириш, нақд пул тушумларини банк кассаларига топширмасдан яшириш мақсадида харидорларга назорат-касса машинаси чекини бермаслик, назорат-касса машинасини носоз ҳолатга келтириш, фискал хотирадаги маълумотларни қасддан ўзгартириш, назорат-касса машиналарини йўқотиш орқали амалга оширилган товар айланмалари тўғрисидаги маълумотлар сохталаштирилишини олдини олади.

Тадбир давомида давлат солиқ қўмитаси мутахассислари томонидан онлайн назорат-касса машиналарининг аҳолимиз учун афзалликлари, хусусан, чекларда харид қилинган маҳсулот рўйхати, нархи, сони, чек ва касса аппарати рақами ва бошқа маълумотлар акс эттирилиши ҳамда ҚР-код ёрдамида қоғоз чекидаги маълумотларни электрон маълумотлар билан солиштириш имконияти мавжуд эканлиги ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.

Мазкур онлайн назорат-касса машиналари тадбиркорлик субектлари томонидан аҳоли билан нақд пулда амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларни фискал хотирасида сақлаш имкониятига эга.  шунингдек, ушбу назорат-касса машиналаридан келиб тушадиган фискал маълумотларни қабул қилиш, қайта ишлаш, сақлаш ва Давлат солиқ хизмати органларига узатиш фискал маълумотлар оператори томонидан амалга оширилади ҳамда тадбиркорнинг шахсий кабинетида ҳам акс эттирилади. Шунингдек, унинг яна бир қулайлиги шундаки, онлайн назорат-касса машиналари орқали нафақат савдо тармоқлари тушумларини назорат қилиш, балки алоҳида турдаги маҳсулотларнинг ҳудудлар кесимидаги нархларини, савдо ҳажмини таҳлил қилиш, нархларнинг сунъий равишда оширилиши ёки пасайтирилиши ҳолатларини ўрганиш имконияти ҳам мавжуд.

Бугунги кунда вилоятимиз бўйича 9 мингга яқин чакана савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш шохобчаларига 9122 мингта назорат-касса машинаси ўрнатилган. Касса чекидаги маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига автоматик тарзда онлайн узатиб бориш тизимини йўлга қўйиш орқали марказлашган тарзда электрон маълумотлар базаси яратилади. Ваҳолонки, бундай база шу пайтгача мавжуд эмас эди. Ушбу маълумотлардан ҳар бир савдо шоҳобчаси кесимида кунлик, ойлик сотилган товарлар суммасини таҳлил қилиш имконияти вужудга келади. Ҳозирда вилоятимиз марказида 50 та чакана савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш шохобчаларида онлайн назорат-касса машиналари тажриба-синов тариқасида ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Тадбир давомида техник хизмат кўрсатиш марказлари ва назорат-касса машиналари маҳаллий ишлаб чиқарувчилар вакиллари билан ҳамкорликда онлайн назорат-касса машиналарининг имкониятлари кўргазмали воситалар ёрдамида намойиш этилди.

Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда қизғин муҳокама қилинаётган Ўзбекистон Республикасининг солиқ тизимини ислоҳ қилиш концепциясида ҳам товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишда амалга оширилган операциялар тўғрисида давлат солиқ хизмати органларига онлайн режимда маълумотлар узатишни таъминлайдиган назорат-касса машиналарини жорий қилиш жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этилган бўлиб, бу борада кўплаб ижобий фикрлар билдирилмоқда.