Кичик томорқадан катта фойда олиш мумкин

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 мартдаги “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Бухоро вилояти ҳокимлиги бошчилигидаги барча сектор раҳбарлари томонидан тузилган махсус ишчи гуруҳи аъзолари хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг томорқадан фойдаланишини ўрганмоқда.

Куни кеча ишчи гуруҳи аъзолари Пешкў туманида барча манфаатдор ташкилотлар вакилларини жалб этган ҳолда томарқа ер эгалари билан учрашиб уларнинг муаммо ва келгусидаги режалари билан ўртоқлашдилар.

Олинган маълумотларга қараганда, 117 минг 500 киши истиқомат қилиб келаётган ушбу туманда 20 мингдан ортиқ хонадонлар томорқа ерига эгалик қилади. Давлатимиз томонидан томорқа хўжалигини ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлашга эътибор кучайтирилаётгани туфайли аксарият хонадонлар ўзига тегишли ер майдонларидан унумли фойдаланиб, нафақат оиласига, балки бозорлар тўкинлиги, юртимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Пешкў туманининг Ибн Сино қишлоқ фуқаролар йиғини Авдени қишлоғида томарқа ер эгалари ҳар қарич ердан самарали фойдаланишни яхши билади.

Излаган имкон топади, деганларидек ўз уйидаги бир парча ердан унумли фойдаланиб, ҳовлисида иссиқхона ташкил қилган ҳолда даромад олаётганлар бор.

Томорқадан фойдаланишда туманнинг Ибн Сино қишлоқ фуқаролар йиғини Авдени қишлоғидаги ишлар ҳам ўрганишга арзирли. Қишлоқдаги 890 хонадонларда истиқомат қилиб келаётган 4000 дан ортиқ аҳоли ўз томорқасига эга. Мазкур қишлоқда ердан самарали фойдаланиш учун томорқада иссиқхона барпо этиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришдан яхши даромад олинаётир. 2-3 сотихли томорқасидан йилига 4-5 миллион сўм даромад қилаётган оилалар ҳам кўп.

Томарқа эгаси Мустақим Тошев ҳовлисида 3 сотихли иссиқхона ташкил қилиб, помидор кўчатларини парвариш қилишни бошлаганига кўп вақт бўлгани йўқ. Қизиғи, кейинги ойдан бошлаб у оила аъзолари билан биргаликда етиштирган ҳосилини сотишни бошлайди. Тадбиркор Мустақим Тошев шу кунларда кўчат етиштириш билан ҳам шуғулланиб, ундан ҳам яхшига даромад олмоқда. Эътиборлиси, бу ишларга у оила аъзоларидан ташқари 7 кишини ҳам иш билан таъминлаб келмоқда.

— Томарқадан даромад олишнинг фойдаси катта – дейди биз билан сухбатда томарқа эгаси Мустақим Тошев. — Биз ўз томарқамизга помидор етиштиришни бошлаб юбордик. Ундан сўнг тўқсонбости маҳсулотларни етиштиришни режалаштирмоқдамиз. Оила аъзоларимиз ва қўшниларимизни ҳам шу ишга жалб қилганмиз.

Туманнинг Навбаҳор қишлоқ фуқаролар йиғини Қудратшех қишлоғида яшовчи Рушан Назаров ҳам томарқачилик ортидан даромад топишни кўзлаб, ҳовлисидаги бўш ётган жойда 9 сотихли иссиқхона қурди. Бу ерда у айни пайтда 3000 тупга яқин помидор кўчатларини парвариш қилмоқда. Томарқа  эгасининг билдиришича, иссиқхонада помидордан сўнг, бодринг ва ундан сўнг турли хил кўкатлар етиштириб, йил якунига қадар 30-40 миллион сўм фойда кўришни мўлжаллаяпти.

— Ҳозирда иссиқхонада помидор ва бодринг етиштирияпмиз – дейди томарқа эгаси Рушан Назаров. – Бу ишда бизга туманимиз сектор раҳбарлари ва томарқа хизмати корхоналарининг кўмаги қўл келмоқда. Келгусида иссиқхонамизни янада кенгайтириш ниятидамиз. Хусусан, бўш ётган яна бир ерда ҳам иссиқхона ташкил қилган ҳолда лимон етиштирмоқчимиз. Бу билан даромад манбаимиз ҳам ортади албатта.

Айни пайтда Пешкў туманидаги қайси сектор ҳудудига борманг томорқадан самарали фойдаланаётган хонадонлар кўпайиб бораётганига гувоҳи бўласиз. Хонадонма-хонадон юриб ўтказилган ўрганишларимиз шуни кўрсатмоқдаки, бу йил томорқа ер эгалари ҳатто пахта далаларининг атрофидаги бўш ётган жойларда ҳам фермерлар билан тузилган шартнома асосида турли экинларни етиштириб беришга киришиб кетишди. Бу билан ҳар бир хонадон ўз оиласини фаровон қилиши баробарида бозорларимиз сероблигига ҳам ҳисса қўшади.

Таъкидлаш лозим, ишчи гуруҳи аъзоларининг томорқа ер эгалари билан учрашувларда уларга амалий ёрдам кўрсатиб, туман томарқа хизмати корхоналари билан ҳамкорлигида экинларни зараркунанда ҳашаротлардан асраш воситалари билан таъминлаш, етиштирилган маҳсулотни улгуржи сотишнинг йўлга қўйилгани соҳанинг ривожига ҳисса қўшмоқда.

А.Очилов,

Бухоро вилояти ДСБ Жамоатчилик билан алоқалар ва

ҳуқуқий ахборот бўлими бош мутахассиси