МУРОЖААТЛАР ИЖРОСИ ТАЪМИНЛАНМОҚДА

Бугун юртимизда тадбиркорлар учун яратилаётган кенг имтиёз ва қулайликлар самараси натижасида ушбу соҳа вакилларининг юртимиз иқтисодиётидаги улуши янада ортиб бормоқда. Бироқ, ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиб, ўз фаолиятини мавжуд қонун талаблари асосида ривожлантириш ўрнига ноқонуний ҳаракатлар билан ўз даромадини оширишни ният қилган «ғирром тадбиркор» лар ҳам афсуски учраб туради.

Қуйида ҳудудий Хоразм вилояти давлат солиқ хизмати органлари томонидан жорий йилнинг биринчи чораги давомида ўтказилган назорат тадбирлари натижалари билан таништириб ўтамиз.

«Ишонч телефон»лари эшитади…

Ҳозирда вилоят давлат солиқ хизмати органларида фаолият кўрсатаётган «Ишонч телефон»ларига бўлаётган мурожаатлар ўз вақтида қабул қилиниб, изчил ўрганиб, таҳлил этиб борилмоқда. Хусусан, «Ишонч телефон»лари орқали 2018 йил I чорак давомида давомида жами 49 нафар жисмоний шахсларнинг мурожаатлари қабул қилинди.

Ушбу мурожаатларнинг барчаси рўйхатга олиниб, белгиланган тартибда ижрога қаратилган.

Ҳуқуқбузарлик учун жазо муқаррар

2018 йил I чорак давомида  амалдаги қонунчилик талабларини қўпол равишда бузиб, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар содир этган 162 нафар шахсга нисбатан 29.8 миллион сўм маъмурий жарима қўлланилган.

Шу жумладан:

— бинони, иншоотни ёки уларнинг бир қисмини, турар жойни нотариал тасдиқланган шартномасиз ижарага ёки текин фойдаланишга берган 3 нафар;

— уй-жойга доир мулк ҳуқуқини кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларда ўз вақтида расмийлаштирмаган 148 нафар;

— бозорларда савдо қилиш қоидаларини бузган 1 нафар;

— даромадлар тўғрисида декларация тақдим этишдан бўйин товлаган декларацияни ўз вақтида тақдим этмаган ёки унда атайин нотўғри маълумотларни тақдим этган 10 нафар;

Вилоят давлат солиқ хизмати органлари томонидан олиб борилаётган профилактик тадбирлар, очиқ мулоқот ва мурожаатлар ечимига қаратилаётган эътибор солиқ соҳасининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда, аҳолини солиқ қонунчилигига оид ҳуқуқий билимларини оширишда ҳамда тадбиркорлик субъектларини қонуний фаолият юритиши орқали соҳадаги имтиёз ва преференциялардан оқилона фойдаланишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Шоҳзод Озодов,

Хоразм вилоят давлат солиқ бошқармаси

Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими

бош мутахассиси