МОЛ-МУЛК ВА ЕР СОЛИҚЛАРИ КИМЛАРДАН ОЛИНАДИ?

 

 Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар.

(Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 51-модда)

 

Жисмоний шахслар ҳар йили ўз эгалигидаги ер ва мол-мулк объектлари бўйича солиқ тўлаб бориши қонунчилигимизда ўз ифодасини топган. Бу тоифа солиқларни тўлаш ҳисобот йилининг 15 октябрига қадар амалга оширилиши шарт.

Хўш, мол-мулк ва ер солиқлари қандай ҳисобланади, улар қанча миқдорда бўлиши лозим, бу турдаги солиқларни кимлар тўлаши керак?

Солиқ солинадиган мол-мулкка ёки ер участкасига эга жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиғи тўловчилардир. Солиқ тўловчиларга тегишли кўчмас мулк – уй-жой, квартира, дала ҳовли, гараж ва бошқа иморатлар, иншоотлар, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ажратилган ер участкалари солиқ солиш объекти ҳисобланади. Уларга оид солиқларни ҳисоблаш ва тўлов хабарномаларини солиқ тўловчиларга тақдим этиш, тўланганлигини назорат қилиш давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 277 ва 293-моддаларига мувофиқ жисмоний шахсларнинг мол-мулкига ва ерига солинадиган солиқни тўлаш тўғрисидаги тўлов хабарномаси давлат солиқ хизмати органи томонидан солиқ тўловчиларга имзо қўйдирилган ҳолда ёки тўлов хабарномаси олинганлигини ва олинган санани тасдиқловчи имзолар билан ҳар йили 1 майдан кечиктирмай топширилади.

Жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари ставкалари ҳар йили қайта кўриб чиқилади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-3454-сонли  қарорининг 18-иловасига мувофиқ, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари  мол-мулкларнинг инвентаризация қийматига нисбатан 0,2 фоиз миқдорида белгиланди.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси шаҳарларда жойлашган, умумий майдони 200 кв.метрдан 500 кв.метргача бўлган турар жой ва квартираларга мол-мулк кадастр қийматининг 0,25 фоизи, майдони 500 кв.метрдан ошиқ бўлган турар жой ва квартиралар учун эса 0,35 фоизи миқдорида белгиланган.

Бошқа аҳоли пунктларида жойлашган умумий майдони 200 кв.метрдан ошиқ бўлган турар жой ва квартиралар учун жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари мол-мулкларнинг кадастр қийматининг 0,25 фоизи миқдорида белгиланган.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш мақсадида мол-мулкнинг инвентаризация қиймати кадастр ҳужжатларига асосан белгиланади, бироқ 42 000 000 сўмдан кам бўлмаган миқдордан келиб чиқиб ҳисобланади. Жисмоний шахслар мол-мулкини баҳолаш бўйича органлар белгилаган инвентаризация қадастр қиймати бўлмаса, солиқ ундириш учун Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида 210 000,0 минг сўм, бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда 90 000,0 минг сўм миқдорида мол-мулкнинг шартли қиймати кўрсатилган.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органларда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган янги қурилган турар жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулкнинг шартли қийматининг икки бараваридан келиб чиққан ҳолда ундирилади. Қонун ҳужжатларида назарда тутилган айрим тоифадаги жисмоний шахслар учун мол-мулк солиғи бўйича имтиёзларни қўллаш мақсадида солиқ солинмайдиган майдон умумий майдоннинг 60 кв.м ҳажмида белгиланади.

Жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи қонунда белгиланган тартибда берилган ер участкасидан фойдаланишидан қатъи назар, жойлашган жойи учун белгиланган ставкалардан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.

Шу каби «Ўзбекистон Қаҳрамони», Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланган фуқароларнинг мол-мулкига солиқ солинмайди.

Солиқ тўловчи жисмоний шахслар ҳисобланган мол-мулк ва ер солиқларини муддатида тўламаганлик учун жавобгарлик чоралари мавжуд. Агар йиллик ҳисобланган солиқ ҳисобот йилининг 15 октябрига қадар тўланмаган тақдирда, тўловнинг белгиланган муддатидан кейинги кундан эътиборан муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 0,033 фоиз миқдорида пеня ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ, давлат солиқ хизмати органи солиқ даври тугаганидан кейин беш йил ичида солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаши ёки уларнинг ҳисобланган суммасини қайта кўриб чиқиши мумкин. Яъни, солиқ беш йилдан кейин бўлса ҳам ундириб олинади ва бу солиқ тўлашнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади.

Бугун нафақат ўз мулки,  балки элу-юртини ҳам ўйлаб, Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшиш ниятидаги ҳар бир киши замон билан ҳамнафас қадам ташлаши, ташаббус, изланиш билан ёниб яшаши керак. Зеро, сизу, биз тўлаётган солиқлар маҳаллий бюджетимизга тушади.  Шунингдек маҳаллий бюждетимиздан кам таъминланган оилаларга, пенсионерларга нафақа, талаба ёшларга стипендия, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва шаҳарсозлик ишларига сарфланиши шубҳасиз. Шундай экан, маҳаллий солиқларни ўз вақтида тўлашни унутмайлик.

Хулоса қилиб айтганда, солиқлар — иқтисодиётимиз таянчи. Мамлакатнинг иқтисодий равнақи бевосита сизу, биз тўлаётган солиқларга боғлиқ. Ўз навбатида ҳам даромад топиб, ҳам ўз вақтида солиқ мажбуриятларини амалга оширувчи интизомли, маданиятли, юксак солиқ одобига эга бўлган солиқ тўловчиларни шаклланиши элу, юрт фаровонлигига хизмат қилади.

Хоразм вилоят давлат солиқ бошқармаси

Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими