СОЛИҚ СОҲАСИДА ЯНГИ ИСЛОҲОТЛАР

Айни пайтда солиқ маъмуриятчилигини, жумладан, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни йиғиш соҳасини такомиллаштириш, солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган изчил ишлар амалга оширилмоқда. Фискал тизимга инновацион ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш мазкур ўзгаришларнинг муҳим йўналишларидан бири саналади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу йўналишдаги ишлар сифатини янада юксалтириш мақсадида 2017 йил 29 сентябрда имзоланган “Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3300-сонли қарори муҳим ҳуқуқий аҳамият касб этмоқда. Мазкур қарорда асосий эътибор юридик ҳамда жисмоний шахслар томонидан нақд пулга товарларни реализация қилиш, аҳоли билан ҳисоб-китобни тезкор амалга ошириш ва тизим назорат функцияси бўйича кўплаб вазифаларни янги технологиялар асосида амалга оширишга қаратилган.

Солиқ кодексининг 72-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарларни реализация қилиш, ишлар бажариш ҳамда хизматлар кўрсатишда нақд пул билан ҳисоб-китобни амалга ошириш назорат-касса машиналарининг давлат реестрига киритилган фискал хотирали назорат-касса машиналарини мажбурий қўллаган ҳолда бажарилиши қайд этилган. Фискал хотирали назорат-касса машиналарининг қўлланилиши Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган низомлар билан ҳам тартибга солинади. Бу тадбиркорлик субъектлари томонидан нақд пулда амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотлар ушбу машинанинг фискал хотирасида сақланади, деганидир.

Тан олиш керак, тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳисобланадиган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини камайтириш, нақд пул тушумларини банк кассаларига топширмасдан яшириш мақсадида харидорларга назорат-касса машинаси чекини бермаслик, уни носоз ҳолатга келтириш, фискал хотирадаги маълумотларни қасддан ўзгартириш, назорат-касса машиналарини йўқотиш орқали бажарилган товар айланмалари тўғрисидаги маълумотларни сохталаштириш каби ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Қолаверса, йирик савдо тармоқларида товарлар ҳисобини юритиш, харидорларга назорат-касса машинасидан чек бериш ягона компюьтер тизими орқали амалга оширилиши сабабли улардаги нақд пул тушумлари тўғрисидаги маълумотларнинг ишончлилиги кафолатланмайди.

`        Нақд пул тушумларининг ҳақиқий ҳажмини аниқлаш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари ходимлари жуда кўп вақт талаб этиладиган хронометраж тадбирларига мунтазам равишда жалб қилинмоқда. Шу боис давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 18 июлдаги “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан солиқ тизимини ислоҳ этишнинг муҳим йўнналишларидан бири сифатида солиқ маъмуриятчилиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда илғор автоматлаштирилган таҳлил услубларини кенг жорий қилиш, солиқ тўловчиларга, энг аввало, тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатишга тўлиқ ўтиш белгиланди. Ушбу вазифалар, шунингдек, Фармон билан тасдиқланган “Давлат солиқ хизмати органлари фаолияти ва солиқ маъмуриятчилигининг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури” ижросини таъминлаш мақсадида “Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга биноан, ўтган йилдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида 500 тадан 1000 тагача бўлган онлайн назорат-касса машиналари тажриба-синов тариқасида амалиётга жорий этилди. 2018 йилнинг 1 июлидан эса ушбу ҳудудлардаги юридик шахслар, 2018 йилнинг 1 декабридан бошлаб мамлакатимиздаги ҳамма юридик ва жисмоний шахслар товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ҳамда хизматлар кўрсатишда аҳоли билан нақд пулдаги ҳисоб-китобларни мажбурий тарзда фақат онлайн назорат-касса машиналарини қўллаган ҳолда амалга оширишга босқичма-босқич ўтиши режалаштирилган.

Онлайн назорат-касса машиналаридан келиб тушадиган фискал маълумотларни қабул қилиш, қайта ишлаш, сақлаш ва Давлат солиқ қўмитасига узатиш фискал маълумотлар оператори томонидан амалга оширилади.

Бугунги кунда вилоятимиз бўйича 9 мингга яқин чакана савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш шохобчаларига 9122 мингта назорат-касса машинаси ўрнатилган. Касса чекидаги маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига автоматик тарзда онлайн узатиб бориш тизимини йўлга қўйиш орқали марказлашган тарзда электрон маълумотлар базаси яратилади. Ваҳолонки, бундай база шу пайтгача мавжуд эмас эди. Ушбу маълумотлардан ҳар бир савдо шоҳобчаси кесимида кунлик, ойлик сотилган товарлар суммасини таҳлил қилиш имконияти вужудга келади.

Ҳозирги кунда вилоятимиз марказида 50 та чакана савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш шохобчаларида онлайн назорат-касса машиналари тажриба-синов тариқасида ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу қарорнинг қабул қилиниши орқали эндиликда назорат-касса машинаси орқали харидорларга берилган чеклар ҳақидаги маълумотларни қасддан ўзгартириш, тушум суммасини камайтириш, рўйхатдан ўтмаган НКМдан фойдаланиш, бузиш ёки иккиламчи бухгалтерия юритиш каби салбий ҳолатларга чек қўйилади. Солиқлар тўлашдан қасддан бўйин товлашнинг олди олинади, —  дейди, вилоят давлат солиқ бошқармаси “Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида хуқуқбузарликларни профилактика қилиш” бўлим бошлиғи Сардор Хайитбоев.

Мазкур тизимнинг яратилиши билан назорат-касса машиналаридан фойдаланмаётган савдо шохобчалари онлайн аниқланиб, тезкор чоралар кўриш, субъектлар томонидан топширилаётган тушумларни таҳлил ҳамда назорат қилиш, нақд пулнинг банкдан ташқари айланмага чиқиб кетишини қисқартиришга эришилади. Натижада бюджетга солиқ тушумлари кўпаяди.

Бир сўз билан айтганда, тадбиркор ва аҳоли учун янги кўринишдаги назорат-касса машиналарининг бир қанча қулай жиҳатлари мавжуд. Яъни касса чекларидаги рақамлар уникал (такрорланмайдиган) бўлганлиги сабабли уларни сохталаштиришнинг иложи йўқ. Қолаверса, тадбиркорлик субектларига тўғридан-тўғри мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатилиб, аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга ошириш жараёнига замонавий ахборот технологияларини татбиқ этишнинг янги босқичга кўтарилиши таъминланади. Тадбиркорлик субъектларининг нақд пул тушуми билан боғлиқ фаолиятига аралашиш ҳамда турли назорат тадбирлари ўтказилиши эса камаяди. Бундай янгиланишлар иқтисодиётимиз барқарорлиги, аҳоли турмуш фаровонлиги ва манфаатлари ҳимояланишига хизмат қилади.