ОҒИР АТЛЕТИКАЧИЛАР ОСИЁ ЧЕМПИОНАТИГА ТАРАДДУД КЎРИШМОҚДА

Жорий йилнинг 20 апрелидан 30 апрелигача Урганч шаҳрида оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасида Осиё чемпионати ўтказилади. Унда 1998-2000 йилларда туғилган спортчилар иштирок этадилар. Шундан кейин 2001 йилда туғилган ва ундан кичик бўлган ёш тоифасидаги ўсмирлар атлетикачилари чемпионлик номини қўлга киритиш учун кураш олиб борадилар.

Чемпионатни ўтказиш учун вилоятимизнинг танланганлиги бежиз эмас. Хоразм оғир атлетика мактаби республикада кучлилардан ҳисобланади. Хивалик 40 нафардан зиёд спортчи Осиё чемпионатлари ва Осиё ўйинларининг совриндорларидир. Фарҳод Собиров ўсмирлар ва ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида икки марта фахрли супачанинг юқори поғонасига кўтарилди. Қадимий шаҳарнинг яна бир атлетчиси Шоҳзод Худойберганов жаҳон ва Осиё чемпионатларининг бир неча марта совриндори бўлган.

Айни кунларда мамлакатимизда навбатдаги мусобақаларга қизғин тараддуд кўрилмоқда. Хотин-қизларнинг ёшлар ва ўсмирлар йиғма командалари ўзларининг ўқув-машқ машғулотларини Урганчдаги якка курашга ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг базасида ўтказишяпти.

Осиё чемпиони юксак номи учун талабгорлар орасида спорт устаси, жаҳон ўсмирлар чемпионатининг совриндори Кумуш Файзуллаева ҳам бор.

— Ўқув-машқ машғулотлари юксак даражада ўтмоқда. Бизга мусобақаларга пухта тараддуд кўришимиз учун барча шарт- шароитлар яратиб берилган, — дейди Кумуш. — Осиё чемпионатида юқори ўринни эгаллаш, ўсмирларнинг Олимпия ўйинларига лицензияни қўлга киритиш менинг асосий мақсадимдир.

Урганчдаги ўқув-машқ йиғинларида қизларнинг терма командаси таркибида мамлакатимизнинг бошқа номдор спортчилари ҳам иштирок этадилар. Улар орасида Навоий вилоятидан жаҳон чемпионати совриндори Гулноза Аҳмедова, Осиё чемпионати совриндорлари — Қашқадарёдан Турсуной Жабборова, Хоразм оғир атлетика мактаби вакили Шаҳло Абдуллаева ва Ўзбекистоннинг кўп марта чемпиони бўлган Зуҳра Отажоновалар бор.

Даврон ШАРИПОВ.

манба: http://xorezmnews.uz/uz/ne11uUdH1ahIw/