НОҚОНУНИЙ ХИЗМАТЛАР ҚОНУНИЙЛАШТИРИЛДИ

Хоразм вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан концерт-томошалар фаолияти билан шуғулланаётган юридик ва жисмоний шахсларнинг белгиланган меъёрларга риоя этилиши юзасидан доимий равишда назорат тадбирлари амалга оширилиб келинмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 2015 йил 9 декабрдаги “Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим ҳуқуқий аҳамиятга эга. Мазкур қарорда асосий эътибор миллий мусиқа санъатини янада ривожлантириш, ушбу соҳани ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, бадиий жиҳатдан юксак асарларни тарғиб қилиш, лицензия талаблари ва шартларини кучайтириш орқали маданий-томоша тадбирларини ташкил қилиш ва ўтказишни тизимли равишда тартибга солиш, лицензия талабгорларига қўйиладиган мезонларни ва малака талабларини такомиллаштириш, шунингдек лицензиатларнинг аҳолига маданий хизмат кўрсатиш бўйича ҳуқуқлари ва мажбуриятларини аниқлаштиришга қаратилган.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган 3 ойи давомида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида 40 дан ортиқ профилактик тадбирлар ташкил этилди. Мазкур ўрганишлар давомида 30 та ноқонуний ҳаракатлар аниқланиб, мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилган. Хусусан, вилоятимиз ҳудудларида ноқонуний концерт-томоша фаолияти билан шуғулланаётган фуқароларнинг ҳуқуқбузарликларига чек қўйилди. Бундай ҳуқуқбузарликларни ўзига касб қилиб олган фуқароларимизга солиқ хизмати ходимлари томонидан давлат бюджетига зарар етказишдан кўра, мамлакатимизда тадбиркорлар учун яратилаётган имконият ва имтиёлар ҳақида маълумотлар берилди.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси билан “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси вилоят бўлими томонидан ўтказилган профилактик тадбирлар натижасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 20 га яқин  ноқонуний концерт-томоша фаолияти, яъни расмий ҳужжатларсиз сухандонлик, раққосалик, хонандачилик ва созандачилик билан шуғулланиб келаётган фуқароларимиз фаолияти қонунийлаштирилди. Масалан, Хива шаҳрида Муҳаббат Камолова, Урганч туманидан Умида Собирова, умида Абдуллаева ҳамда Қўшкўпир туманида Шахло Жонибековалар махсус лицензиясиз, тўйларда келишилган сумма асосида раққосачилик билан шуғулланаётганлиги аниқланди.  Шунингдек, тўй ва тантаналарда ҳеч қандай расмий ҳужжатларсиз сухандонлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган гурланлик Ўмарбай Аллаберганов ва хивалик Фаррух Абдуллаевларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди. Ҳудудий давлат солиқ хизмати ҳамда “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси вилоят бўлими  ходимлари томонидан ўтказилган профилактик тадбирлар давомида Хива шаҳрида Темур Давлатназаров, Бекзод Рўзметов, Урганч туманида Дилшод Абаев, Шихназар Исмоилов, Дилмурод Эшёзов, Хонқа туманидан Мансур Салаев, Ғолиб Очилов ҳамда Қўшкўпирлик Сарварбек Рахмоновларнинг тўй ва тантаналарда лицензиясиз ноқонуний равишда хонандалик, созандачилик, доиракашлик ҳамда овоз кучайтиргич ходими сифатида халқимизга пуллик хизмат кўрсатиб, ноқонуний даромад топаётганликлари аниқланди. Ушбу ҳолатлар юзасидан вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ушбу фуқароларнинг фаолиятларини қонунийлаштиришда тегишли кўрсатмалар берилди.

Айни кунда Муҳтарам Юртбошимиз томонидан тўй-ҳашамларни ортиқча ҳаражат ва дабдабаларсиз ўтказиш борасида тегишли кўрсатмалари берилмоқда. Хусусан, бу борада ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши ҳам кўзда тутилган бир пайтда,  тўй-ҳашамларда келишилган нарх эвазида ноқонуний  ҳаракатлар билан хизмат кўрсатишни ўзига касб қилиб олган фуқаролар тўй эгаларига ортиқча ташвиш олиб келиши табиий, албатт.  Шунингдек, юртдошларимиз томонидан тўйларда турли хизматлар эвазига солиқ тўловларини тўламаслик, ноқонуний фаолият юритишга одатланиш ёки тўй ва тантаналардаги янгича “тартиб”, янгича расм-русумларга чек қўйишда, албатта давлат ташкилотлари билан биргаликда маҳалла фуқаролар йиғинлари, хотин-қизлар қўмиталари, сиёсий партиялар фаолларининг ҳам  ўрни сезилиши лозим. бу борада мавжуд камчиликларни бартараф этиш, хусусан, тўй ва тантаналар хизмат қилувчи санъаткорларнинг солиқ тўловларига бефарқ бўлмаслиги юзасидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Биз юқорида тилга олган камчиликларни бартараф этишда давлат ташкилотлари билан фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлиги зарур.