ТОМОРҚА – РЎЗҒОРГА БАРАКА, ОИЛАГА ДАРОМАД

Хоразм вилоятида 289 минг 452  деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари тасарруфида 39 минг 404 гектардан ортиқ томорқа мавжуд. Аксарият хонадонлар ундан унумли фойдаланиб, нафақат оиласига даромад келтирмоқда, балки бозорлар тўкинлиги, юртимиз фаровонлигига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 мартдаги “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида вилоятнинг барча туманларида махсус ишчи гуруҳлари ташкил этилган. Улар хонадонларга уйма-уй кириб, томорқадан унумли фойдаланиш борасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бораётир.

Хоразм вилояти тўртинчи сектори, давлат солиқ бошқармасига бириктирилган Қўшкўпир туманида ҳам ишчи гуруҳ аъзолари хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг томорқадан фойдаланиш ҳолатини ўрганмоқдалар.

Айни пайтда мазкур туманнинг “Оқдарбанд” қишлоғида “Обод қишлоқ” дастури асосида бунёдкорлик ишлари жадал давом этмоқда. Шунингдек, ушбу ҳудудда яшовчи аҳолининг томорқадан унумли фойдаланишида амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Қишлоқнинг “Иттифоқ” маҳалласида яшовчи тадбиркор Бахтиёр Кенжаев ўзи тадбиркор. У ўз томорқасида ихчамгина иссиқхона қуриб, помидор, булғор қалампири, бақлажон кўчатларини парваришламоқда. Ўрик, олма, нок каби мевали ва бошқа манзарали дарахтлар ҳовлига янада файз бағишлаб турибди. Шунингдек, ҳовлида қорамол, қўй ва парранда ҳам боқилади.

– Ҳудудимизда томорқадан самарали фойдаланаётган хонадонлар кўпайиб бормоқда, – дейди Қўшкўпир туман ҳокими в.б Одилбек Артиқов. – Хонадонма-хонадон ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, аҳолининг ерга бўлган муносабати бутунлай ўзгарган. Бугун томорқага қўшимча даромад манбаи сифатида қаралмоқда. Ердан самарали фойдаланиш учун томорқада иссиқхона барпо этиб, сабзавот, турли кўкат ва цитрус мевалар етиштиришдан яхши даромад олинаётир. Ҳатто 2-3 сотихли томорқадан йилига 9-10 миллион сўм даромад қилаётган оилалар кўп. Бу билан ҳар бир хонадон ўз оиласининг фаровонлигини таъминлаш баробарида бозорларимиз сероблигига ҳам ҳисса қўшмоқда.

Қадамбой ака Жуманиёзов ҳам шу қишлоқда истиқомат қилади. Хонадони атрофида мавжуд 8 сотих томорқасида помидор, бодринг, пиёз ва турли кўкатлар етиштиради. Шунингдек, мазкур хонадоннинг 12 сотих қўшимча томорқа ерида картошка экилади. Томорқадан олинган хосилнинг ортгани бозорга олиб чиқилиб, оиланинг даромадига кўмакчи бўлмоқда

– Ҳар тонг барқ уриб турган кўчатларни кўриб, кўзим қувнайди, чарчоғим арийди, – дейди Қ.Жуманиёзов. – Мана яқинда вилоят 4-сектори раҳбарининг амалий ёрдами билан томорқамизда иссиқхона ташкил этдик. Томорқанинг даромади ёмон эмас. Эндиликда иссиқхонамизда эрта баҳорда кўкат, кейин бодринг, помидор ундан сўнг қулупнай етиштиришни режалаштирдик. Шу йўсин йил давомида уч марта ҳосил оламиз. Томорқадан даромадимиз яхши, турмушимиз йил сайин фаровонлашиб бормоқда.

Афсуски, кузатувлар натижасида ернинг умрини беҳуда ўтказаётган хонадонлар ҳам борлиги маълум бўлди. Ишчи гуруҳ аъзолари хонадонларни ўрганиш давомида томорқасидан мутлақо фойдаланмаётгани учун баъзи хонадон эгалари билан тушунтириш ишларини олиб борди.

– Экин ерларидан мақсадли ва самарали фойдаланиб, йилига камида икки-уч марта ҳосил олаётган, парранда ва чорва бош сонини кўпайтиришга эришган томорқа ер эгаларига ер солиғи ставкасининг пасайтирувчи коэффициентини қўллаш тарзидаги солиқ имтиёзи яратилгани тушунтирилмоқда, – дейди Қўшкўпир тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Ўктам Ахмедов. – Агар бунинг акси, яъни ер участкаси ободонлаштирилмаса, томорқа эгасига жорий йил учун ер солиғининг уч баробари миқдорида жарима ҳисобланиши ҳам айтиб ўтилмоқда. Бундай тушунтиришлар ўз самарасини бермоқда. Ўзгаришларни қишлоқ ва маҳаллалар аҳолиси томорқада ҳар қачонгидан фаол ишлаётганида ҳам кўриш мумкин.

Бугун вилоятда давлат солиқ хизмати ходимлари томонидан аҳолининг томорқа ерларидан унумли фойдаланишга амалий ёрдам бериш бўйича қарорда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, улар томонидан томорқада етиштирилган маҳсулотларни улгуржи сотиш, корхоналар ташкил этиш ҳамда аҳолини иш билан таъминлаш борасида тегишли ташкилотлар билан амалий ишлар олиб борилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, бугун юртдошларимизда ерга муносабат бутунлай ўзгармоқда. Аҳоли томорқа ҳам рўзғорга барака, ҳам қўшимча даромад манбаи эканини тушуниб етмоқдалар.