СОЛИҚ СОҲАСИДА ПРОФИЛАКТИК ТАДБИРЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 июндаги “Маҳаллий бюджетнинг даромадлари базасини кенгайтириш заҳираларини аниқлаш ишларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 445-сонли  қарори  ижросини таъминлаш бўйича  Бухоро вилоятида вилоят ҳокимлиги бошчилигидаги сектор раҳбарлари томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Бухоро вилояти давлат солиқ бошқамаси ва унинг ҳудудий давлат солиқ инспекциялари ходимлари томонидан корхона ва ташкилотлар, маҳаллалар, деҳқон бозорлари ҳамда савдо комплексларида фуқаролар билан ташкил этилган учрашувларда кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Куни-кеча Бухоро вилояти давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан амалга оширилаётган профилактик тадбирларнинг навбатдагиси Шофиркон туманида ўтказилди. Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси ва Шофиркон тумани Давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан ўтказилган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тадбирларида асосий эътибор тадбиркорлик билан шуғулланаётган фуқароларда солиқ тўлаш маданиятини шакллантириш, ўз фаолиятини белгиланган тартиб қоидалар асосида қонуний тарзда ташкил этишга қаратилди. Тадбирда савдо қоидаларини бузган тадбиркорларга тегишли тартибда огоҳлантиришлар берилди. Шунингдек, ҳудудда ҳужжатсиз тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириб, юрган шахслар билан юзма-юз профилактик суҳбатлар ўтказилиб, уларга ҳар қандай ҳуқуқбузарлик учун жазо муқаррарлиги тушунтирилди. Жумладан, давлат солиқ хизмати ходимлари тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан Хўжа Ориф (МФЙ) маҳалла фуқаролар йиғини, Хўжа ориф кўчасида автомобилларни ювиш хизматини йўлга қўйган шу ерлик фуқаро Умид Хўжамуродов билан ҳам профилактик суҳбатлар ўтказиб, унга солиқ қонунчилиги талаблари ва қонуний фаолият юритаётган тадбиркорнинг имкониятлари кенг тушунтирилди.

Шундан сўнг ҳужжатсиз тадбиркорликдан кўра қонуний фаолият юритишнинг афзалликларини эшитган Умид Хўжамуродов зудлик билан фаолиятини қонунийлаштириб қўйишга аҳд қилди.

– Тадбиркорликни бошлаганимга кўп бўлгани йўқ, – дейди Умид Хўжамуродов. – Тўғриси, тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан қандай ўтиш ва солиқ тўловлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмаслигим сабабли ишни ниамадан бошлаш кераклигини билмай турувдим. Туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари билан ўтказилган профилактик суҳбат жараёнида улар менга тадбиркорлик билан боғлиқ барча маълумотларни тушунтиришди. Шундан сўнг “Давлат хизматлари” марказининг туман бўлими орқали тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, фаолиятимни қонунийлаштириб қўйдим. Энди фаолиятимни кенгайтираман.

Мазкур ҳудудда яшовчи Шаҳодат Ҳусенова ҳам тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан сомса пишириб сотиш фаолиятини бошлаб юборганлардан. Бу ишга у ўғли Ҳаёт Қаҳрамоновни ҳам жалб қилган. Профилактик тадбирда аниқланишича, у қонуний фаолиятни нимадан бошлаш кераклигини билмас экан. Шу боис давлат солиқ хизмати ходимлари унга керакли маслаҳатларни бердилар.

Таъкидлаш лозим, бугунги кунда Бухоро вилоятида тадбиркорларга кенг имконият яратилган. Хусусан, уларнинг давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари ҳам инновацион технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда амалга оширилмоқда. Шаҳодат Ҳусенова мисолида айтадиган бўлсак, у шу куни вақтини йўқотмаган ҳолда “Давлат хизматлари маркази”нинг сайёр штабида қисқа вақт ичида  оилавий тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, фаолиятини қонунийлаштириб қўйди.

– Ўғлим билан сомса пишириб сотамиз, – дейди Шаҳодат Ҳусенова. – Аммо, тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмаган эдик. Туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан ўтказилган профилактика тадбири жараёнида улар бизга фаолиятимизни қонунийлаштириб қўйсак имкониятларимиз кенгайишини билдиришди. Тадбир жараёнида, “Давлат хизматлари” марказининг сайёр штаби орқали оилавий тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтдим. Энди иккинчи ўғлимни ҳам бу ишга жалб қилиб, кредит маблағлари ҳисобига тадбиркорлик фаолиятимни кенгайтирмоқчимиз.

Туманнинг Тезгузар қишлоқ фуқаролар йиғини (ҚФЙ) Сабзикор қишлоғида фуқаролар Васлиддин Розиқов ва Умид Ҳамидовлар қурилишда ишлатиладиган бетон блокларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишган. Эътиборлиси, уларнинг ушбу маҳсулотларига ҳуддудда талаб ҳам юқори. Аммо, ушбу ишбилармонларнинг тадбиркорлик фаолиятини юртишдаги камчиликларини ҳам айтиб ўтмасдан бўлмайди. Сабаби, улар ҳам ҳудуддаги айрим фуқаролар сингари фаолиятларини давлат рўйхатидан ўтмасдан туриб ноқонуний равишда бошлаб юборишган. Профилактика тадбир кунида давлат солиқ хизмати ходимлари томонидан уларга берилган кўрсатма ва тушунчалар ўз самарасини бериб, “Давлат хизматлари маркази”нинг сайёр штабида Васлиддин Розиқов тадбиркор ва унинг шериги Умид Ҳамидов ёлланма ишчи сифатида давлат рўйхатидан ўтишди.

Туман марказидаги Шофиркон шоҳ кўчасида бир неча йиллардан буён қурилиш моллари савдоси билан шуғулланиб келаётган Илёс Вохидов яқинда фаолиятини кегайтирган. Профилактика тадбир кунида бу ишда унга кўмакчи керак бўлгани боис, ушбу ҳудудда яшовчи фуқаро Бобир Рўзиевни ишга ёллагани, аммо унга солиқ қонунчилиги талабларига зид равишда ҳақ тўлаб келаётгани аниқланди.

Мазкур ҳудудда қурилиш учун ишлатиладиган безакли тошларни ишлаб чиқараётган тадбиркор Жамшид Шарипов ҳам худди шундай қонун бузилишларига йўл қўйган. Давлат солиқ хизмати ходимлари томонидан ушбу тадбиркорлар билан олиб борилган кенг тушунтириш ишлари натижасида фуқаролар Бобир Рўзиев ва Юлдуз Ёрмуҳаммедоваларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тикланиб, уларнинг қонуний фаолият юртишилари таъминланди.

–  Бугунги кунда юртимизда тадбиркорларга барча шароитлар яратилган, – дейди Шофиркон туман ДСИ бошлғи М.Султонов. – Лекин тақдим этилаётган имконият ва имтиёзлардан тўғри фойдаланиш ўрнига, яширинча фаолият юритаётган қўштирноқ ичидаги “тадбиркорлар” ҳам йўқ эмас. Шофиркон туманида олиб борилаётган профилактика тадбирлари натижасида ҳудудда тадбиркорлик фаолиятлари билан боғлиқ қонунбузилишлари камайишига эришилди. Тарғибот тадбирлари давомида шу куннинг ўзида Шофиркон туман “Давлат хизматлари маркази” штаби томонидан 36 нафар фуқаро тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Шу билан бирган 3 нафар тадбиркорнинг фаолият тури амалдаги фаолиятларига мослаштирилди. 38 нафар ёлланма ишчи белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, уларнинг доимий бандлиги таъминланди. Фаолиятини вақтинча тўхтатган 16 нафар тадбиркорларга кўмаклашиш эвазига эса улар ўз фаолиятини қайта тиклади.

Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан олиб борилган профилактик тадбирлар ва суҳбатлар орқали 2018 йилнинг ўтган даврида туманда жами  мингга яқин фуқаролар якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган. Жумладан, 341 нафар фуқаро янгидан тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган, фаолиятини вақтинча тўхтатган 313 нафар тадбиркорларга кўмаклашиш эвазига эса уларнинг фаолияти қайта тикланган ҳамда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларга ёлланма ишчи сифатида 259 нафар фуқароларнинг иш билан бандлиги таъминланди. Натижада жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллий бюджетга қўшимча равишда 117  миллион сўмдан ортиқ маблағ тушиши таъминланди. Таъкидлаш лозим, туманда  маданиятли солиқ тўловчилар ва тадбиркорларнинг сони тобора ортиб бормоқда. Бироқ яширмаймиз, айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан белгиланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларини вақтида тўламаслик ҳолатлари ҳам мавжуд.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Бухоро вилояти давлат солиқ органлари ходимлари Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий органлари билан ҳамкорликда суд ижро хужжатларига асосан солиқ қарздорлигини ундириш юзасидан мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шофиркон тумани Тезгузар қишлоқ фуқаролар йиғини Тезгузар қишлоғида яшовчи Шухрат Шарипов тадбиркорлик қилиб даромад топаётганига қарамай, ҳисобланган 2 миллион 5 юз минг сўмдан ортиқ солиқ тўловларини тўлаб қўйишни кечиктириб келган. Тадбир кунида, иштирокчилар Шухрат Шариповга қарзларни узиш учун етарли пул маблағи бўлмаса, Суднинг ижро варақасига биноан қарздорлик унинг мол-мулки эвазига қопланишини тушунтиришди. Афсуски, Шухрат Шарипов шундан сўнг ҳам солиқ қарзларини тўлаб беришдан бош тортганлиги учун тадбир иштирокчилари унинг мол-мулкини хатлаб олишга мажбур бўлишди. Суд ижро хужжатларига асосан солиқ қарздорлигини ундириш юзасидан Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий органлари билан ҳамкорликда олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида ҳудуддаги кўплаб солиқ қарздорликларининг ундирилиши ҳам таъминланди.

Хулоса қилиб айтганда, жойларда бу каби тадбирларни ўтказишдан асосий мақсад одамларни иш билан таъминлаш ҳамда аниқ лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳисобидан вилоятимизда қўшимча ишчи ўринларини яратишдир.

Эътиборлиси олиб борилаётган амалий чора-тадбирлар ўз самарасини бериб, ҳудудда сектор раҳбарлари томонидан саноат, қишлоқ хўжалиги, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда ишчи ўринларини яратган субъектларнинг молиявий қўллаб-қувватланаётгани ҳисобига маҳаллий бюджетга тушумларнинг ошишига эришилмоқда.

Ушбу маблағлар эса шаҳар ва қишлоқларимиздаги ижтимоий инфратузилмани яхшилаш, аҳоли турмуши учун янада кенг қулайликларни яратишга сарфланмоқда.

 

Алишер Очилов,

Бухоро вилояти ДСБ Жамоатчилик билан алоқалар ва

ҳуқуқий ахборот бўлими мутахассиси.