ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ ТЎРТИНЧИ СЕКТОР РАҲБАРИ АҲОЛИ БИЛАН УЧРАШДИ

Мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш, муаммоларга тезкор ва самарали ечим топиш мақсадида жойларда ташкил этилаётган оммавий қабуллар одамларнинг эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлаб, ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.
Айниқса, секторлар фаолиятида маҳаллаларда аҳолининг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, жойларда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида мавжуд муаммоларга чек қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хоразм вилояти тўртинчи сектори раҳбари, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Темуров бошчилигида Хива туманининг Дашёқ қишлоғида ўтказилган оммавий қабул ҳам ўз самарасини кўрсатди.
Унда аҳолини қийнаётган муаммоларга ечим топишга ҳаракат қилинди. Мулоқотлар мазкур ҳудудларда яшаётган фуқароларда уй-жой, ер ажратиш, меҳнат муносабатлари ва бандлик масалалари, электр энергияси, газ, ичимлик суви таъминоти, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳолати, соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича ариза ва шикоятлар кўплигини кўрсатди.
Масалан тумандаги “Чинобод” қишлоғи “Пирнахос” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Қуранбой ота Ниязметовнинг турмуш ўртоғи Заря Сайёхова баланд қон босими касаллиги туфайли 18 йил олдин юролмай қолган. Бир томонда рўзғор ташвиши, иккинчи томонда бемор рафиқасининг дори-дармонига кетадиган харажат пулидан орттириб аравача сотиб олишга имкони бўлмаган, Қуронбой ота оммавий қабулда ногиронлик аравачаси сўраб мурожаат қилди. Унинг хонадонида бўлган сектор раҳбарлари Заря она Сайёховага ногиронлик аравачаси топширишди. Шунингдек туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари томонидан тиббий кўрикдан ҳам ўтказилди.
— Аёлим кўп йиллар олдин Афғонда ҳалок бўлган ўғлимизнинг доғига чидай олмай касал бўлиб ётиб қолди. Унинг юриб кетишига умидвор эдик, касалхоналарда даволатишимизга қарамасдан қон босими баландлиги сабабли тўшакка михланиб қолди. Бугун вилоят 4-сектор раҳбарига аравача сўраб мурожаат қилдим. Улар шу бугун уйимизга келишди. Аёлимнинг кўнгли кўтарилди. Аравача сабаб турмуш ўртоғим юриб кетсин илоҳим. Бундай эътибор ва ҳамхўрлик учун Юртбошимизга, вилоят ва туман раҳбарларига ўз миннатдорчилигимни билдираман, — дейди чинободлик Қуранбой ота Ниязметов
Яна бир мисол туманнинг “Панамахсим” маҳалласида яшовчи Саро момо Атажонованинг 13 ёшли невараси Рашид Матяқубов туғра юрак пароги касаллиги билан туғилган. Шу сабаб унинг юрак операцияси учун Саро момо молиявий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Ҳар қандай она учун фарзандидан, неварасидан азиз, унинг саломатлигиданда муҳим нарса йўқ. Шу куннинг ўзида Рашидбекнинг юрак жаҳҳорлиги муолажаси учун туман ҳокимлиги ва ҳомийлар кўмаги остида 5 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилди.
— Бугун сектор раҳбарларнинг қабулида бўлдим, — дейди биз билан суҳбатда Саро момо Атажонова. Неварам Рашидбекнинг юрак операцияси учун моддий ёрдам сўрадим. Сабаби оиламизда фақат ўғлим ишлайди. Топганимиз рўзҳордан ортмайди. Барча раҳбарларимизнинг умри узоқ бўлсин, улар хонадонимизга келиб, яшаш шароитимиз билан яқиндан танишдилар, неварамга моддий ёрдам бердилар. Шунингдек, келинимни ишга жойлашишида амалий кўмак беришадиган бўлишди. Илоҳим юртимизга, Юртбошимизнинг олиб бораётган хайрли ишларига кўз тегмасин. Эндиликда неварам тенгдошлари қатори соғлом юрак билан яшайди, мактабни аъло баҳоларга битказиб, юртимиз корига ярайдиган фарзанд бўлиб камол топади.
Оммавий қабулда шаҳар аҳолисидан иш билан таъминлаш, бандлик масалалари юзасидан ҳам мурожаатлар бўлди. Ана шундай мурожаатлардан бири Хива шаҳар “Калта минор” маҳалласида яшовчи Фахриддин Ибодуллаев томонидан билдирилди.
— 2017 йил ТАТУ Урганч филиалини тугатдим. Бир йилдан буён мустақил иш излаб, ўзимга мос иш топишда қийналдим. Бугунги қабулда мутахассислигим бўйича иш сўраб мурожаат қилдим. Менинг мурожаатим ҳам шу ернинг ўзида ҳал этилди. Тез кунларда Хива шаҳар ҳокимлигида туризм йўналишида иш бошлайдиган бўлдим. Энди яхши иш кўрсатиб, ўз мутахассислигим бўйича етук кадр бўлиб меҳнат қилиш ўзимга боғлиқ. Келажакда хорижий тилларни янада мукаммал ўрганиб, вилоятимиз туризм салоҳиятига ўз ҳиссамни қўшишни мақсад қилдим, — дейди Фахриддин Ибодуллаев.
Хоразм вилояти 4-сектор раҳбарига бириктирилган Кўшкўпир, Хива тумани ва Хива шаҳри бўйлаб бўлиб ўтган оммавий қабуллар Президентнинг виртуал ва Халқ қабулхоналари институти инсонларнинг дарду ташвишларини тинглаш, орзу-армонларини ушалтириш, муаммоларини амалда ҳал қилишдек ҳаётбахш мақсадлар йўлида ўз вақтида йўлга қўйилган самарали механизм эканини яна бир бор исботлаб берди.
— Бугунги оммавий қабулда биргина Хива туман ва шаҳар аҳолисидан 50 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди, — дейди Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Зиёдаддин Қурбонов. Ушбу мурожаатларнинг 70 фоизи амалий ечим топди. Қолган мурожаатлар қонун доирасида тегишлилиги бўйича давлат ташкилотларига йўлланди. Бу каби учрашувларни ташкил этилиши жойларда аҳолини қийнаётган муаммоларга ечим топиш билан бирга, ҳудудларнинг ободлигида, қишлоқларда ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик соҳасини ривожида ҳамда аҳоли бандлиги таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари давлат бошқаруви идораларининг халқ ичига кириб бориши, барча даражадаги мутасаддиларнинг аҳоли дардини эшитиши, қувончу ташвишини теран ҳис қилган ҳолда улар билан ҳамнафас бўлиши аҳолининг оғирини енгил қилишда яқиндан кўмак бермоқда. Шунингдек, жойларда ташкил этаётган бу каби оммавий қабуллар аҳоли билан яқиндан мулоқотда бўлишда, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда, энг асосийси, Юртбошимиз айтганидек, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни амалда қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Дилрабо КУРЯЗОВА
Хоразм вилоят давлат солиқ бошқармаси

Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи