ОММАВИЙ ҚАБУЛ — АҲОЛИ МАНФААТЛАРИ ДОИМИЙ ЭЪТИБОРДА

Айни пайтда мамлакатимизнинг бача ҳудудларида халқ билан мулоқот қилиш, муаммоларга тезкор ва самарали ечим топишнинг замонавий механизми йўлга қўйилгани одамларнинг эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлаб, ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.
Айниқса, секторлар фаолиятида маҳаллаларда аҳолининг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, жойларда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида мавжуд муаммоларга чек қўйиш масалалари алоҳида эътибор берилмоқда.
Вилоят сектор раҳбарларига бириктирилган ҳудудларда Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ўтказилган оммавий қабулларда ҳам ана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Куни кеча Хоразм вилояти тўртинчи сектори раҳбари, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчиси Ж.Темуров бошчилигида Қўшкўпир туманининг Қатоғон қишлоғида аҳоли учун оммавий қабул ташкил этилди.
Вилоят, туман миқёсидаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, тижорат банклари вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг мутахассислари иштирок этган оммавий қабулда Қўшкўпир туманида яшовчи фуқаролардан кўплаб мурожаатлар тушди. Улар асосан турар жой, коммунал соҳа, соғлиқни сақлаш, таълим,ижтимоий ёрдам, йўл қурилиш, газ, электр энергияси, сув таъминоти каби масалаларга оид бўлиб, уларнинг аксарияти жойида ҳал этилди.
— Қўшкўпир туманида жами 50 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд, — дейди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Одилбек Артиқов. — Бугун ҳудудларда ташкил этилган секторларда турли соҳа вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар шакллантирилган. Биз ўз иш фаолиятимизда асосий эътиборни уйма-уй юриб, қишлоқлардаги долзарб муаммоларни аниқлашга, уларни жойида бартараф этишга қаратмоқдамиз. Туманимизда вилоят тўртинчи сектори раҳбари томонидан аҳоли учун ташкил этилган оммавий қабул жойларда мавжуд муаммоларни ечимида яна бир амалий ёрдам бўлмоқда. Муҳтарам Президентимиз бошчилигида жойларларда ўтказилаётган учрашувлар, очиқ мулоқотлар, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожида, юртдошларимизнинг турмуш тарзи янада яхшиланишида ўзининг амалий натижасини бермоқда.
Туманда ўтказилган мазкур оммавий қабулда 200 дан ортиқ аҳолининг мурожаатлари ўрганилди. Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича тавсиялар берилди. Йўлларни асфальт қилиш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, қишлоқ жойларида мактаб, боғча қуриб бериш, иш билан таъминлаш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.

– Маҳалламиз кўчаларида ўрнатилган симёғочлар ҳамда электр трансформатори анча таъмирталаб бўлиб қолгани туфайли электр узилишлари тез-тез такрорланади, – дейди Ғозовот қишлоғи Дўстлик маҳалласида яшовчи нафақадаги ўқитувчи Йўлдош ота Қаландаров. – Бугунги оммавий қабулда маҳалладошларим номидан ушбу муаммо ҳал этилишини сўраб мурожаат қилдим. Вилоят раҳбарлари менинг мурожаатимни шу куннинг ўзида ҳал этиш учун тегишли ташкилотларнинг раҳбарларига топшириқлар бердилар. Куннинг иккинчи ярмида қишлоғимиздаги симёғочларни янгилаш ҳамда трансформаторни таъмирлаш учун бир гуруҳ мутахассислар иш бошлашди. Авваламбор бугунгидек имконият ва шароит учун Президентимизга, вилоят ва туман тўртинчи сектор раҳбарларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Эндиликда бизнинг қишлоқда ҳам электр таъминоти шаҳарникидан кам бўлмаган даражада бўлади.
Маълумотларга кўра, вилоят тўртинчи сектори раҳбарига бириктирилган Қўшкўпир ва Хива туманлари ҳамда Хива шаҳрида ўтган 2017 йилда 67 минг 524 та хонадонлардан 65 мингта хонадонларга кирилиб, тўғридан-тўғри мулоқотлар орқали 5276 та муаммолар аниқланган. Мазкур муаммоларнинг 4 минг 861 таси, яъни 92 фоизи туман даражасида, 367 таси вилоят даражасида, 48 таси эса республика даражасидаги муаммолар бўлиб, уларнинг 4 минг 648 таси ўз ечимини топган. Бугунги кунда 580 та муаммолар ижроси юзасидан йўл хариталари ишлаб чиқилган бўлиб, 48 та республика даражасидаги муаммолар Вазирлар Маҳкамасига ва бошқа вазирлик ва идораларга юборилган.
Тумандаги “Хайробод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Раҳим ака Хўжаниёзовнинг оммавий қабулдаги мурожаатига шу куннинг ўзида ижобий ечим топилди.
– Мурожаатим эътиборсиз қолмаганидан миннатдорман.Турмуш ўртоғим Бакпошша Ёқубова қандли диабет касаллиги туфайли 3 йил олдин бир оёғидан ажралиб қолди. Бугунги қабулда турмуш ўртоғимга ногиронлик аравачаси сўраб мурожаат қилган эдим. Қабул тугагандан кейин вилоят тўртинчи сектори раҳбарининг ўзи туман сектор раҳбарлари билан бирга хонадонимизга ташриф буюрдилар. Улар аёлимга ногиронлик аравачасини ўз қўллари билан топширдилар. Шу ернинг ўзида аёлим тиббий кўрикдан ўтказилди. Турмуш ўртоғим 3 йилдан буён кўча-куйга чиқишга, қўни-қўшнилар, қариндошларникига боришга қийналар эди. Бугун унинг кўнгли қувончга тўлди. Бундан оилавий хурсандмиз. Шундай улуғ кунларда, рўза рамазон ойида яхши инсонлар томонидан кўрсатилаётган хайрли ишлар натижасини ўз ҳаётимизда кўрдик. Илоҳим юртимиз тинч, Юртбошимиз боши омон бўлсин, – дейди кўзларида ёш билан хайрабодлик Р.Хўжаниёзов.
Оммавий қабулда тумандаги “Қатағон” қишлоғида яшовчи Муҳайё Отажонова фарзанди Жонибек Пўлатовнинг туғма ногирон эканлиги, 8 йил олдин ўғлининг бир оёғини операция қилдиргани ва бугунги кунда унинг иккинчи оёғининг оперцияси учун молиявий томонидан қийналаётганини айтиб мурожаат қилди. Шунингдек, М.Отажонова фарзандига ногиронлик аравачаси беришда амалий ёрдам сўради. Мазкур масала ечими юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари сектор раҳбарларига маълумот бериб ўтди.
— Бугунги қабулда М.Отажонованинг мурожаатини рўйхатга олдик. Унга ўғлини операция қилдириш учун вилоят марказий шифохонасига йўлланма бердик. Ж.Пўлатовнинг операцияси учун бошқарма томонидан зарур бўлган барча имкониятларни яратиб, унинг соғлиғини яхшиланишида ўз ҳиссамизни қўшамиз. Шунингдек, ушбу фуқаронинг ногиронлик аравачага муҳтожлиги ҳам инобатга олиниб, уни янги аравача билан таъминладик — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Содиқжон Содиқов.
Бу йил февраль ойида туманнинг Ғозовот қишлоғи “Дўстлик” маҳалласида яшовчи О.Матчанов оиласида 3 нафар эгизак қизчалар дунёга келди. Оммавий қабулда хонадон бекаси Анабиби опа Хўжамуротова эгизак неварлари сунъий овқатланаётганлиги сабабли моддий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Оммавий қабулдан кейин туман сектор раҳбарлари ҳамда хотин-қизлар қўмитаси раиси уларнинг хонадонига ташриф буюриб, чақалоқларнинг яшаш шароити, соғлиғи билан яқиндан танишдилар. Эгизак қизчаларга болалар аравачаси, чақалоқлар учун мўлжалланган сунъий озиқ-овқатлар ҳамда ўйинчоқлар совға қилинди. Шу ернинг ўзида эгизак чақалоқлар учун қишлоқ врачлик пункитидан ҳамшира беркитилди. Уларнинг соғлиғи тиббий кўрикдан ўтказилди.
– Бугунги оммавий қабулда сектор раҳбарлари томонидан аҳолининг 100га яқин мурожаати кўриб чиқилди, – дейди Қўшкўпир туман тўртинчи сектори раҳбари Ўктам Аҳмедов. – Мана шундай оммавий қабуллар жараёнида мурожаат қилаётган айрим фуқаролар ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши билмаслиги кўриниб қолаётганини ҳисобга олиб, мулоқотлар давомида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тадбир доирасида Қўшкўпир туманида яшовчи ногиронлиги бўлган 16 нафар хотин-қизларга Президент туҳфаси – ногиронлик аравачалари, бепул дори-дармонлар ҳамда қимматбаҳо совғалар ҳам топширилди.
– Бундай эътибордан мамнунмиз, – дейди II гуруҳ ногирони 74 ёшли онахон Нурпошша Мискинова. – 40 йилдан ортиқ тиббиёт соҳасида меҳнат қилдим. Ёлғиз яшашимга қарамасдан, вилоят, туман раҳбарлари доимо ҳолимдан хабар олиб, турмушимдаги муаммоларим ечимига ёрдам бериб келишмоқда. Бугун Президентимиз томонидан топширилган совғалар менга куч-қувват, келажак ҳаётга бўлган ишончимни янада оширди. Биз каби имконияти чекланган фуқароларга ҳам ҳеч кимдан кам бўлмай яшаш имконини яратиб бераётган давлатимиздан миннатдормиз.
Бир сўз билан айтганда аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтириш, айниқса, чекка ва олис ҳудудларда яшаётган фуқаролар ҳолидан хабар олиш, дарду ташвишларини тинглаш, муаммоларини жойида ҳал этиш, энг муҳими, одамларда адолатга, давлатга ишончни мустаҳкамлаш ва уларни ҳаётдан рози қилиш устувор вазифага айланди. Шу мақсадда вилоят тўртинчи сектори раҳбари, туман ҳокими прокурор, ички ишлар ҳамда солиқ бошқармалари бошлиқлари ва бошқа мутасадди раҳбарлар билан ҳудудлардаги вазият, у ерда ечимини кутаётган масалаларни жойида ўрганиш, уларга ечим топиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бирига айланган. Ана шу мақсад йўлида жойларда давом этаётган бу каби оммавий қабулларда кўплаб муаммолар ижобий ҳал этилмоқда. Давлат органлари раҳбарларининг аҳоли билан юзма-юз учрашиб, мулоқот қилиши уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ҳаётдан рози бўлиб яшашида муҳим омил бўлмоқда.