ХОРАЗМ ВИЛОЯТИДА СОЛИҚ ҚАРЗИНИ ЎЗ МУДДАТИДА ТЎЛАМАГАНЛАРГА НИСБАТАН МАЖБУРИЙ УНДИРУВ ЧОРАЛАРИ КЎРИЛМОҚДА

Бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ тўловчиларга кўплаб имтиёз ва преференциялар берилмоқда.

Шунга қарамасдан айрим жисмоний ва юридик шахслар  томонидан солиқларни ўз вақтида тўламаслик, солиққа оид қонунчиликда белгиланган нормаларга риоя қилмаслик ҳамда ўз манфаатини давлат манфаатларидан устун қўйиб, йирик солиқ қарздорликларига йўл қўйиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан Мажбурий ижро бюроси Хоразм вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда солиқ қарздорлигига чек қўйиш борасида ҳам мунтазам чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган тадбирларда асосий эътибор қарздорларнинг мол-мулкларини хатловга олиш, баҳолатиш ва аукцион савдоларда сотиш орқали мавжуд қарздорликни қисқартириш масалаларига қаратилди.

Мазкур тадбирларга 50 нафар, шундан 26 нафар давлат солиқ хизмати ходимлари ва 24 нафар Мажбурий ижро бюроси ҳудудий бўлимларидан давлат ижрочилари жалб қилинган.

Ўтказилган тадбирларда солиқ қарзини ўз вақтида тўламасдан фаолият юритиб келаётган 193 та юридик ва жисмоний шахсларнинг 7,9 млрд.сўмлик 162 та мол-мулклари солиқ қарзи ҳисобига хатловга олинган. Ушбу мол-мулклар 31 та бино-иншоотлар, 44 та транспорт воситалари, 21 та офис жиҳозлари ва 66 та бошқа турдаги мол-мулклардан иборатдир.

Хатлов тадбирлари натижасида 69 та қарздорларнинг 305,6 млн.сўмлик, шундан 20 та юридик шахсларнинг 237,4 млн.сўмлик ва 49 та жисмоний шахсларнинг 68,2 млн.сўмлик солиқ қарзи ундирилди.

Жумладан, суд хужжатларига асосан мажбурий ундирувга қаратилган Урганч туманидаги “Хоразм дон маҳсулотлари” АЖнинг 727,0 млн.сўмлик солиқ қарзи бўйича жамиятга қарашли ИСУЗИ русумли автобус ва ЗИЛ-153 русумли автотранспорти, Янгиариқ туманидаги Янгиариқ қурилиш бутлаш хусусий фирмасининг 59,5 млн.сўмлик солиқ қарзи бўйича “жентра” русумли автомашинаси ва Янгибозор туманидаги Хоразм турон сервис МЧЖнинг 416,5 млн.сўмлик солиқ қарзи юзасидан жамиятга қарашли Мagnium русумли трактор ва САSE русумли комбайни хатловга олиниб, реализация қилиш учун баҳолатиш чоралари кўрилмоқда.

Давлат солиқ органлари ҳамда Мажбурий ижро бюроси билан солиқ қарздорликларини қисқартириш борасидаги ҳамкорликдаги тадбирлар вилоятимизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.

 

Жаҳонбой Ражабов,

Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи