ЯНГИ КОНЦЕПЦИЯ ИҚТИСОДИЙ ЖИНОЯТЛАРНИ ОЛДИНИ ОЛИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида иқтисодий жиноятларни олдини олиш ва унга қарши курашишда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Респуликаси Президенти томонидан иқтисодий соҳага оид қабул қилинаётган қарор ва фармонлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса солиқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотиб, бу соҳада мавжуд ноқонуний ҳаракатларга чек қўйишга замин яратмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июнь куни «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги Фармони ҳамда 2018 йил 26 июнда «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори шулар жумласидандир.
Айтиш керакки, қабул қилинган ушбу ҳуқуқий ҳужжатлар соҳадаги мавжуд муаммоларга барҳам бериш, хусусан, солиқ тўловчи ва солиқ хизмати ходимлари ўртасида коррупцион ҳаракатларга барҳам бериш ҳамда бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтариши билан аҳамиятлидир. Эндиликда солиқ тўловчилар даромадини яширмай, солиқларни ўз вақтида тўлашлари учун маъмурий тартиб-таомилларни камайтириш, соддалаштириш, иқтисодиётда хуфиёна айланмаларни қисқартириш ҳисобига бюджетларнинг даромад қисмини барқарор шакллантириш, бу орқали солиққа тортиладиган базани кенгайтириш асосий масалалардан бири этиб белгиланди.
Бундан ташқари, фармонга мувофиқ юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизгача, тижорат банклари учун 22 фоиздан 20 фоизгача пасайтирилади, шунингдек, мобиль алоқа хизмати кўрсатаётган юридик шахслар учун рентабеллик даражасидан келиб чиқиб улар учун қўшимча фойда солиғи ҳисоблаш тартиби бекор қилинган ҳолда 14 фоиздан 20 фоизгача оширилади.
Дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича тўлов манбаидан ушлаб қолинадиган фойда солиғи ставкаси 10 фоиздан 5 фоизгача пасайтирилади.
Ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти 1 млрд. сўмдан ошган ёки йил давомида белгиланган чегаравий миқдорга етган корхоналар умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказилади. Бунда йиллик оборотнинг 1 млрд. сўм этиб белгиланган чегаравий миқдори 3 йилда камида бир марта қайта кўриб чиқилади;
Барча тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, обороти 1 млрд. сўмгача бўлган юридик шахслар учун юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ жорий этилади.
Бу билан солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби бўйича солиқ тўловчиларга солиқ сиёсатини такомиллаштиришнинг салбий таъсирини камайтириш, жиноятларни олдини олиш чоралари кўрилади.
Шунингдек, 2019 йил 1 январдан бошлаб давлат солиқ хизмати органлари хизмат кўрсатиш, савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари учун ягона солиқ тўловини, ягона ер солиғини, юридик шахслардан ер солиғини, шунингдек, банк айланмалари ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, бошқа ташқи манбалар асосида декларация қилинадиган даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаш тарзида солиқ тўловчиларга сервис хизматлари кўрсатади ҳамда ҳисобланган солиқлар суммаси ҳақида солиқ тўловчининг “шахсий кабинети” орқали хабарнома юборади.
Солиқ тўловчининг “шахсий кабинети” орқали хизмат кўрсатиш солиқ идоралари билан боғлиқ масалаларни тез, осон ва шахснинг аралашувисиз ечим топишига хизмат қилади.
Бу эса мамлакатимиз раҳбари томонидан билдирилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идораси халқимизга хизмат қилиши керак” деган ҳаётий шиорнинг амалий исботидир.
Эндиликда солиқ тўловчилар даромадини яширмай, солиқларни ўз вақтида тўлашлари учун маъмурий тартиб-таомилларни камайтириш, соддалаштириш, иқтисодиётда хуфиёна айланмаларни қисқартириш ҳисобига бюджетларнинг даромад қисмини барқарор шакллантириш, бу орқали солиққа тортиладиган базани кенгайтириш асосий масалалардан бири этиб белгиланди.
Бундан ташқари, текширувдан олдинги таҳлил ва масофавий назорат-таҳлил ишларини амалга ошириш учун маълумотларни тўлиқ йиғиш ва қайта ишлашни таъминлайдиган замонавий, илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чораларини янада кучайтириш алоҳида эътибор қартилади. Бу эса ўз навбатида солиқ маъмуриятчилиги ва назоратининг мутлақо янги тизимини яратиш, шунингдек, коррупциявий омилларга йўл қўймаслик ва олдини олишга хизмат қилади.
Мазкур фармоннинг ижросини таъминлашда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Хоразм вилоят бошқармаси томонидан ҳам бир қатор вазифалар амалга оширилмоқда. Хусусан, бошқарма ходимлари томонидан тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ва учрашувлар ташкил этилиб, уларнинг фаолиятида мавжуд муаммоларга ечим топиш ҳамда бу соҳадаги жиноятларни олидини олишга асосий эътибор қаратилмоқда. Жойларда ташкил этилаётган профилактик тадбир ўз самарасини бериб, саноат, қишлоқ хўжалиги, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда янги иш ўринларини яратишга эришилмоқда. Буларнинг барчаси шаҳар ва қишлоқларимиздаги ижтимоий инфратузилмани яхшилашга, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга ҳамда вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини янада кенгайтиришга амалий хизмат қилмоқда. Буларнинг барчаси шаҳар ва қишлоқларимиздаги ижтимоий инфратузилмани яхшилашга, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга ҳамда вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини янада кенгайтиришга амалий хизмат қилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, адолат ва қонунийлик – халқ ва мамлакат хотиржамлигининг асоси. Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан асосий мақсад жамиятимизда тинчлик ва фаровонликни мустаҳкамлаш, тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш орқали, ҳудудларни ижтимоий иқтисодий шароитини яхшилашдан иборат.

Ғайратжон СУЛТАНОВ
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти
Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи