МАТБУОТ АНЖУМАНИ: МАСЪУЛИЯТ, ВАЗИФА, НАТИЖА

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Хоразм вилояти бошқармаси томонидан 2018 йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар муҳокамасига бағишлаб матбуот анжумани ташкил этилди.

Хоразм вилояти прокуратураси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда асосий эътибор Департаментнинг вилоят бошқармаси  ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари фаолиятини янада ривожлантириш, иқтисодий жиноятлар ҳамда коррупцияга қарши курашиш жараёнида оммавий ахборот воситаларининг ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда мазкур йўналишда кенг жамоатчиликнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлашга қаратилди.

Матбуот анжуманида Департаментнинг вилоят бошқармаси ходимлари, шаҳар ва туман бўлимлари бошлиқлари, вилоят прокуратураси, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирда Департаментнинг вилоят бошқармаси бошлиғи, адлия кичик маслаҳатчиси Ғ.Султанов сўзга чиқди. Маърузада бошқарманинг 2018 йил йил 1-ярмидаги фаолияти ва келгусидаги вазифалар юзасидан маълумотлар тақдим этилди.

  • Президентимизнинг 2018 йил 23 майдаги “Бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини тубдан ошириш ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига бир қанча долзарб вазифалар белгилаб берилди. Булар асосан иқтисодий жиноятларга ва коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни комплекс таҳлил қилиш ҳамда қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, инсофли тадбиркорлар, чет эл инвесторларини улар фаолиятига давлат органлари ва ташкилотларининг ноқонуний аралашувидан ҳимоя қилиш, бизнесни ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи сунъий бюрократик тўсиқ ва ғовларга чек қўйиш, импортни оптималлаштиришга ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини оширишга кўмаклашишдан иборат, — дейди Департаментнинг Хонқа туман бўлими бошлиғи Ҳикмат Султанов.

Конференцияда журналистлар Департамент органларининг зиммасига юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, солиқ базасини кенгайтириш,  коррупция, «хуфёна» иқтисодиётга қарши курашиш, бозорларда нарх-навонинг асоссиз ўсиб кетишини, бюджет маблағларини талон-тарож қилинишини олдини олиш борасида бошқарма ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан таҳлилий ахборотларга эга бўлдилар.

Маълумот ўрнида шуни қайд этиш лозимки, бошқарма томонидан ўтган 6 ой давомида профилактика, қонунчилик тарғиботи, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жами 2271 та,  тадбиркорларнинг ҳимоясига оид қонунчиликни тарғибот қилиш ишлари бўйича 1227 та профилактик тадбирлар ўтказилди. Шунингдек, 329 та тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий ва амалий ёрдамлар кўрсатилиб, 350 та янги иш ўринлари яратилди.

— Вилоятимиз давлат органлари билан журналистлар ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этиш мазкур тадбирда соҳага оид қонунлар ижроси чуқур таҳлил этилганлиги муҳим аҳамият касб этади, — дейди, «Ишонч» газетасининг вилоят мухбири Муҳаббат Тўрабоева. Бугунги тадбирда Департаментнинг вилоят бошқармаси фаолияти ва иқтисодий жиноятларни олдини олиш борасида амалга оширилаётган вазифалар тўғрисида жуда керакли маълумотларга эга бўлдик. Бу каби тадбирларнинг ташкил этилиши вилоятимизда соҳага оид қонунлар ижросини янада такомиллаштириш билан биргаликда, журналистларнинг касбий малакасини оширишга ва давлат органлари билан ҳамкорликни яхшилашга катта ёрдам беради.

Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ва ҳудудий бўлимларда фаолият кўрсатаётган “Ишонч телефон”лари ҳамда электрон хизматлар орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субектларидан бўлаётган мурожаатлар, хат ва аризалар ўз вақтида қабул қилиниб, изчил ўрганилиб, таҳлил этиб борилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Президент виртуал қабулхонаси, Бош прокуратуранинг “Ишонч телефон”и ҳамда Департаментнинг “Ишонч телефон”лари орқали келиб тушган мурожаатларнинг барчаси муддатида қонуний ҳал қилиниши таъминланди. Бундан ташқари бошқармада фуқароларни қабул қилиш хоналари ташкил этилган бўлиб, бугунги кунга қадар 3400га яқин фуқаролардан мурожаатлар қабул қилиниб, уларнинг ижроси ўз вақтида таъминланмоқда.

Қизғин баҳс-мунозалар ва очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган мазкур тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга тўлиқ жавоб олиш имкониятига эга бўлдилар.

 

Дилрабо Курязова

Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси

 Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими

катта инспектори