ШАҲРИСАБЗ АВВАЛГИ МАҚОМИНИ ҚАЙТА ТИКЛАЙДИ

Шаҳрисабз дунё аҳлини ҳайратга солган буюк саркарда Амир Темур таваллуд топган шаҳар сифатида жаҳон тарихи саҳифаларига муҳрланган. Унда енгилмас Соҳибқирон салтанатининг ҳайбатли тимсоли — Оқсарой, Кўкгумбаз каби маҳобатли тарихий ёдгорликлар қад ростлаган. Шу сабабдан дунё сайёҳларининг диққат-эътиборини жалб қилиб, кейинги йилларда Қашқадарё вилоятига ташриф буюраётган хорижий сайёҳлар сони ортиб бормоқда. Вилоятда ўтказилаётган маданий ва ободончилик тадбирлари ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш ва туризм имкониятларини кенг тарғиб қилишга катта ҳисса қўшади.
Шаҳрисабзда 6-10 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган “Мақом” халқаро форумини ташкил қилишдан мақсад ҳам Шаҳрисабзнинг халқаро сайёҳлик бозоридаги жозибадорлигини оширишга, миллий мақомчилик санъати мисолида ўзбек халқи қадриятларини кенг тарғиб қилишга, турли халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган. Ушбу кенг қамровли тадбирда дунёдаги 75 та давлатдан юзлаб хонанда ва созандалар иштирок этиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Отабек Олимжонов форум олдидан амалга оширилаётган ишлар ва умуман воҳада сайёҳлик инфтартузилмасини ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатлар ҳақида гапирар экан, қуйидагиларни таъкидлаб ўтди:
—Айни кунларда Шаҳрисабзда «Мақом» халқаро форумига қизғин тайёрлик олиб борилмоқда. Форумда иштирок этиш истагини билдирган давлатлар сони шу кунгача 70 тадан ортиб кетди. Ҳамон ташриф аризалари келишда давом этмоқда. Ўйлайманки, бу шаҳар жуда кўп меҳмонларни қабул қилиш ва улар учун барча шарт-шароитларни яратишга тайёр бўлиши керак, деган маънони англатади.Тан олишимиз керак, бундан бир неча йил олдин бизда бундай имконият мавжуд эмас эди. Шаҳардаги саноқли меҳмонхона ва ресторанлар бундай вазифани тўлиқ бажара олмасди. Ўтган йиллар давомида вазият буткул ўзгарди: биз кенг қамровда меҳмонларни қабул қилиш имконига эга бўлдик. Менимча, шаҳарда қурилган барча иншоотлар фестивалдан кейин ҳам бўш турмайди. Биз уларнинг барчасидан сайёҳлик марказининг аввалги буюклигини қайтариш Шаҳрисабз Бухоро, Самарқанд, Хива каби сайёҳлар билан гавжум шаҳарлар қаторида туриши учун бир қанча улкан тадбирлар амалга оширилди ва бунинг асосий қисми мақом форумига тайёргарлик билан боғлиқдир.
—Сўнгги пайтларда олиб борилган қурилиш-ободончилик ишлари самарасида шаҳар қай даражада ўзгарди?
— Биринчидан, шаҳарнинг тарихий Арк сақланиб қолган қисми — Амир Темур саройида кенг кўламда бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Унинг атрофидаги ҳудуд кенг миқёсдаги маданий тадбирларни ўтказиш мумкин бўлган кўркам майдонга айлантирилди. Хусусан, «Мақом» халқаро форуми кунларида ташриф буюрувчилар нафақат амалий санъат усталарининг ижод намуналари, балки уларни тайёрлаш жараёни билан танишиш имконияти мавжуд бўлган этнографик шаҳарни кўришади. Айнан шу ерда Ўзбекистондаги ҳар бир вилоятнинг ўзига хос туристик салоҳиятини намойиш этадиган кўргазмалар ташкил этилади.
Бу йил фестивалга тайёргарлик кўриш учун шаҳарда учта, Шаҳрисабз ва Китоб туманларида иккита замонавий меҳмонхона барпо этилди. Ўтган 2-3 йил мобайнида бунёд этилган тўққизта замонавий меҳмонхона ҳам фестиваль меҳмонларини қабул қилишга тайёр қилиб қўйилган. Шунингдек форумга тайёргарлик жараёнида 11 та ресторан очилди. Улар барча замонавий стандартларга жавоб беради.
Фақат ўтган ойда шаҳарда 60 та меҳмон кутиш уйи ўз фаолиятини бошлади. Шундай қилиб, 60 оилани тадбиркорликка жалб қилдик, туризм инфратузилмасини ривожлантиришни режалаштирдик. Меҳмонларимиз замонавий меҳмонхоналар ёки меҳмон кутиш уйларида қолишлари мумкин, бу ерда Шаҳрисабз аҳолиси ҳаёти ва анъаналари билан яқиндан танишиш учун барча имкониятлар тақдим этилади.
Ҳар бир уста ўз бизнесини давом эттириши, туристлар тайёр маҳсулотларни бемалол сотиб олишлари учун барча зарурий шарт-шроитлар яратилди.
Шу билан бирга, Темир йўл электрлаштирилди: биринчи тез юрар Афросиёб поезди қатнови 10-сентябрдан йўлга қўйилади. Самарқанддан Шаҳрисабзгача бўлган энг қисқа йўналиш бўйича сиғими 16 кишига мўлжалланган микроавтобуслар қатнови йўлга қўйилиши режалаштирилган. Буларнинг барчаси сайёҳлар учун қулайлик яратади.
Дарҳақиқат Шахрисабз, умуман Қашқадарё вилоятига туташган жойлар экологик ва зиёрат туризми учун қулай маскан ҳисобланади. Бизда ислом ва зардуштийликка оид тарихий жойлар ҳам мавжуд. Улар аллақачон туроператорлар томонидан сайёҳлик маршрутлари сифатида рўйхатга киритилган. Шундай экан, нафақат “Мақом” форуми кунлари, балки исталган вақтда ички сайёҳлар ҳам Шаҳрисабзга ташриф буюришлари мумкин.
Суҳбатни Манзура БЕКЖОНОВА ёзиб олди.