ФТИЗИАТОР МАСЛАҲАТИ

КАСАЛЛИКДАН ҚЎРҚМАНГ!!!

Силнинг давоси бор.  Бу касалликни  шифокор назорати остида даволаш лозим, яъни тиббий ходимлар беморнинг дори ютиши жараёнини доимо кузатиб туришлари керак. Бу муваффақиятли даволашнинг энг асосий шартидир, чунки кўпчилик беморлар зарур дориларни ўз вақтида қабул қилишини унутиб юборадилар, айниқса касаллик белгилари йўқолгандан кейин. Силни даволаш узоқ вақт талаб қилади ва камида 6 – 9 ой давом этади. Шу вақт ичида барча сил бактерияларини йўқотишга эришилади.

Сил назоратсиз, нотўғри даволанганда у сурункали шаклга, баъзи ҳолларда эса тузалмайдиган касалликка айланади.

Силни даволашда асосан беморларнинг дори ютишини назорат қилишга, даволашни 6-9 ой узлуксиз давом эттиришга, 4 – 5 хил дориларни қабул қилиш тартибига риоя қилишга ҳамда витаминларга бой озиқ-овқатларни истеъмол қилишга эътибор қаратиш лозим.

Сил касаллиги 95% ҳолларда даволанади. Шу ерда нима учун 100% эмас деган савол туғилиши табиий. Афсуски, ўзининг соғлиғига бефарқ бўлган одамлар йўқ эмас, улар даволанишни тўхтатиб қўядилар ёки даволанишга умуман эътибор қаратмайдилар. Натижада ушбу беморларда сурункали сил ривожланади. Улар ўзлари айбдор эканликларини тан олишлари қийин. Улар силни даволаш мумкин эмас деб айтишлари мумкин. Улар жамиятдан, оиласи ва яқинларидан ажралиб қолишга қўрқишади. Шу ерда стигма пайдо бўлади ва натижада касаллик янада авж олиши мумкин.

СИЛ БЕМОРЛАРИДА СТИГМАНИНГ КЎРИНИШЛАРИ

Сил билан оғриган беморларда стигма бирдан пайдо бўлиши мумкин. Масалан, ўзини касаллигини билган инсоннинг гапириш усули, ҳатти-ҳаракатлари ўзгаради. У инсон ўзини жамият олдида обрўсизланишидан ва камситилишидан қўрқа бошлайди.

Қўрқув асосида беморда пайто бўлган стигма сабаб дастлаб беморларда касалликка даво йўқ деган фикр йғонади. Силни юқтириш ёки касаллик билан оғриган беморлар ҳолатини ўз кўзи билан кўрган инсонларнинг қўрқуви ҳам стигмани кучайтириши мумкин. Натижада сил касаллиги билан оғриган беморларда бу ҳолат уят ҳисси, ўз-ўзидан қониқмаслик, ўзини айблаш, жамиятдан ўзи-ўзини айириш, депрессияни ривожлантириш, бекиниш кабилар белгиларнинг пайдо бўлишиша ва даволаниш тартибини бузилишига олиб келади.

КАСАЛЛИКНИ ДАВОЛАШ ЖАРАЁНИ

Силни даволаш 2 босқичга бўлинади, улар орасида эса дориларни қабул қилишда танаффусга мутлақо йўл қўймаслик керак.

Биринчи босқич – “жадал даволаш”, бу босқичда 4 – 5 силга қарши дорилар 2 — 3 ой мобайнида қабул қилиниши лозим.

Кўпгина ҳолларда, даволаш принципларига риоя қилинганда сил бемори бу босқич охирида атрофдагилар учун юқумсиз бўлади ва даволанишнинг иккинчи босқичига ўтказилади.

Кейинчалик даволашни иккинчи “қувватловчи босқич”да давом эттириш даркор. Унда 2 – 3 хил дориларни 4 -5, баъзида 7 ой давомида қабул қилинади.

МУЛЬТИРЕЗИСТЕНТ СИЛГА ЙЎЛ ҚЎЙМАНГ

Сил даволанмаса ўлим ҳолати билан якунланади, агар нотўғри даволанса хавфли ва тузалмайдиган турга ўтади.

Силни  нотўғри  даволаганда оддий сил мультирезистент  шаклга  ўтади.

Мультирезистент сил — силнинг янада хавфли шакли бўлиб, унда сил

бактериялари ривожланади ва натижада асосий силга қарши дорилар таъсир қилмай қўяди.

Мультирезистент сил нотўғри даволаниш оқибатида, асосан, турли сабабларга кўра, силга қарши дориларни қабул қилишда узилишлар рўй берганда юзага келади.

Силнинг бу шакли жазони ижро муассасаларида кўпроқ учрайди.

Мультирезистент силни даволаш жуда мураккаб ва узоқ вақт талаб қилиб, даволаш камида 18 – 21 ой давом этади. Шунинг учун беморлар, уларнинг яқинлари, турли даражадаги тиббиёт ходимлари сил касаллигини даволашда узилишларга йўл қўймасликни билишлари зарур.

СИЛ КАСАЛЛИГИ ДАВОЛАНИШ ЖАРАЁНИ ТУГАГАНДАН КЕЙИН….

 Бутун курс давомида назорат остида даволанган сил беморида сил бактерияларининг ажралиши тўлиқ ва барқарор тўхтагандан сўнг, албатта балғамнинг барча текширувлари натижаси асосида шифокор силдан тузалганини тасдиқлайди. Лекин касалликдан тузалган 2 – 3 % беморларда  ноқулай омиллар  таъсирида, яъни етарлича овқатланмаслик, тез – тез совуқ уриши, чарчаш, алкоголизм, гиёҳвандлик сабабли касаллик яна қайталаниши мумкин.

Йўтал ва силнинг бошқа белгилари қайта пайдо бўлганда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш ва текширишдан ўтиш лозим бўлади.