ГАВҲАР МАТЯҚУБОВА: РАҚС СЕҲРИ ИЛА КЎНГИЛЛАР ОБОД, ДИЛЛАРИМИЗ ШОД

Мамлакатимизда ибратли анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш, миллий маданиятимиз ва санъатимизни тобора ривожлантириш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатлар ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бадиий диди ва тафаккурини тўғри шакллантиришга хизмат қилаётир.
Бугун миллий рақс санъатимиз янада такомиллашиб, дунё саҳнасидан муносиб ўрин олмоқда. Бу борада “Хоразмрақс” мактаби алоҳида ўринга эга. Ҳозирги кунга қадар мазкур даргоҳдан етишиб чиқаётган ёш ва истеъдодли раққосалар қадимий хоразм рақсимизни миллий ва халқаро саҳналарда намойиш этиб, юқори натижаларга эришмоқдалар.
“Хоразмрақс”да нафақат юксак маҳоратли рақс маликаларини тайёрлаш, балки сер¬қирра қадимий рақс анъаналарини давом эттириш, ушбу санъат тури бўйича илмий ва тарихий меросни ўрганишда чин дилдан меҳнат қилиб келаётган устоз санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубованинг рақс оламидаги фаолияти ва миллий рақс санъатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида суҳбатлашдик.
– Гавҳар опа, Хоразм рақс санъатидаги фаолиятингиз ҳақида маълумот бериб ўтсангиз .
Хоразм рақс санъати ҳаётимнинг асосий мазмунига айланган. Ёшлигимда Мукаррама опа асос солган “Баҳор” рақс ансамбли қизларига ҳавас қилардим. Қанийди, хоразмлик гўзал қизларимиз ҳам санъатимиз довруғини оламга ёядиган даражага чиқишса, дея орзулардим. Ана шу ниятда 1990 йилда “Мерос” болалар фольклор ансамбли ташкил қилиб, уларга қадимий рақс санъати сирларини ўргата бошладим. Орадан кўп ўтмай ансаблимиз фаолияти кенгайиб кетди. 1995 йили Туркиянинг Анқара шаҳрида бўлиб ўтган “Дунё болалари” фестивалида қатнашиш шарафига муяссар бўлдик.
1997 йилда Президентимизнинг “Ўзбекистонда Миллий рақс ва Хореография санъатини ривожлантириш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Мазкур йилда республикамизнинг барча вилоятларида рақс мактаби ташкил этилди. Бизнинг ютуғимиз шунда бўлдики, “Мерос” болалар фольклор ансаблидаги истеъдодли қизларимизнинг барчаси мазкур рақс мактабининг илк қалдирғочлари бўлишди. “Хоразм рақс” мактабининг илк чиқиш дастурларини 15 кун ичида тайёрлаб, “Ўзбек рақс” бирлашмасининг таниқли устоз раққосалари, балетмейстерлар Юлдуз Исматова, Вилоят Оқилова ва Дилбар Юнусоваларга тақдим этдик ва қисқа вақт ичида барча вилоятлар ичида энг юқори эътирофга сазовор бўлдик.
2010 йилда шаҳарнинг энг хушманзара жойидан, қолаверса мусиқа билим юрти ёнидан Хоразм рақс биносини қуриб беришди. Халқ артисти унвони, қолаверса бизга кўрсатилган катта ишонч, янги бино, рақс учун ойнаванд хоналар мени янада жонбозлик билан ишлашга ундади. Вилоятда рақсга иҳлоси баланд қизларни тўпладик. Мустақиллик бизга жуда яхши имкониятлар эшигини очди. Ишимиз яхши самара бера бошлади. Қизларим –шогирдларим республика миқёсидаги турли кўрик-танловларда ғолибликни қўлга кирта бошлашди.
Мана салкам 20 йилдан ортиқ вақт ичида мазкур мактабда мингдан ортиқ шогирдларим миллий ва дунё халқлари рақсларининг сир-асрорларини ўрганибгина қолмасдан, Наврўз ва Мустақиллик байрамлари, «Шарқ тароналари» фестивали, Бухоро ва Хива шаҳарларининг 2500 йиллиги, «Алпомиш» достонининг 1000 йиллиги, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди юбилейлари муносабати билан Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз шаҳарларининг бош майдонларида ўтказилган театрлашган байрам томошаларида ҳамда мамлакатимизда халқаро миқёсда ўтказиладиган барча концерт-дастурларида ўз чиқишлари билан фаол иштирок этиб келишмоқда.
Ўтган қисқа вақт ичида нафақат Республикамиз саҳналарида, балки жаҳон саҳналарида ҳам миллий рақсларимиз билан катта ютуқларга эришдик. Жумладан, 1999 йил Ҳиндистонда ўтказилган “Маҳат-Шоу 99” фестивалида, 2000 йил Япония мумтоз ашула ва рақс фестивалида, 2001 йил Сеул шаҳрида ташкил этилган “”Экспо-2001” тадбирида, 2003 йил Бельгия фольклор рақс фестивалида, 2004 йил Туркия Дунё ўзбеклари форумида, 2006 йил Франция Маъмун Академиясининг 1200 йиллиги тантаналарида, 2007 йил Малайзияда ўтказилган Жаҳон ёшлари фестивалида, 2009 йил Малайзия қироличасининг таклифи асосида ташкил этилган концерт дастурида, 2010 йил Араб амирликлари Абу Даби шаҳридаги Жаҳон туризм фестивалида, 2010 йил Туркманистон Республикасида бўлиб ўтган “Ўзбек Туркман Дўстлик” фестивалида, 2011 йилда Израил, Португалия, Испанияаги фестивалларда, 2012 йил Ҳиндистонда ташкил этилган Дунё амалий санъати ва рақслар фестивалида, 2013-2014 йилларда Францияда бўлиб ўтган Жаҳон туризм фестивалида ҳамда бу йил Бельгияда ўтказилган Ўзбекистон Наврўз байрами шодиёноларида миллий хоразм рақслари билан фаол иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритиш бахтига муяссар бўлдик.
– Шу ўринда савол туғилади, сиз яратаётган рақс асарларида қадим Хоразмнинг тарихий образлари куй, оҳанг ва ҳаракатлар орқали тилга киради. Бу эса анчагина меҳнат талаб этади. Шундай эмасми?
Хоразм бой маданий меросга эга бўлган кўҳна замин. Унинг бағрида етишиб чиққан алломалар, донишу фозилларнинг жаҳон фани ва маданиятига қўшган ҳиссаси ҳақида ҳар қанча гапирсак, оз. Хоразмча рақслар ҳақида гап кетганда эса унинг шу замин тарихи, табиий шароити, урф-одатларидан келиб чиққан битмас-туганмас манбага асосланишини унутмаслик керак. Зеро, рақсларда айнан ҳаётий ҳақиқат акс этади. Узоқ мозийга назар ташласак, зардуштийлик дини қадим Хоразмда шаклланган. Аждодларимиз оташпарастликка эътиқод қўйиб, оловни муқаддас деб билишган. Уни поклик рамзи сифатида эъзозлашган. Айнан ана шу ихлос ва эътиқод уларнинг хатти-ҳаракати, ўйин ва рақсларида ўз ифодасини топган. Тарихчи Геродот ёзганидек, “Қадимги Амударё бўйларида яшаган массагетлар гулхан атрофида йиғилиб, ҳолдан тойгунча рақс тушганлар…”. Мана шу битта жумлани ўзини рақс орқали 3 хил кўринишда акс эттирганман. Хоразм рақсларига хос бўлган шиддат, тезкорлик, кўкрак ва елкаларнинг титратма ҳаракатлари, тиззани буккан ҳолда шартта ўтириш ҳолати ҳам катта маъно касб этади. Яъни рақслардаги титратма ҳаракатлар танадаги инсу жинсларни ҳайдаш, руҳни турли хил ёт нарсалардан фориғ қилиш, вужудни поклаш маъносини англатади. Рақслардаги маромидан ошиқча шиддат, тезкорлик Амударёнинг тўлиб-тошиб, ўзанидан ошиб, асов бўлиб, бебошланиб оқишидан келиб чиқувчи рамзий маънога эга. Тиззани ерга ташлаб ўйнаётган раққосанинг ҳаракатлари эса гулхан атрофида ҳолдан тойгунча ўйин тушиб, чарчаб, ҳориб-толган кишининг рақсни йиқилиб қолгунча давом эттириш ниятига ишора беради. Азал-азалдан рақс сўзсиз қўшиқ дея эътироф этилган. Шогирдларим билан яратаётган ҳам бир рақсда тарихий манбаларга, миллий урф-одат ва қадриятларимизга ҳамда илмий асарларга ёндашаман. Миллий ва замонавий рақс ҳаракатларини бир-бирига уйғунлаштириш билан бирга хоразмча муқом ва қараш билан сайқаллаштираман. Тарихий рақсларни саҳналаштириш ва уни ижро қилиш қийин ва машаққатли иш. Мен рақсларда ўша давр рухини кўрсатишга ҳаракат қиламан. Шу нарсани фахрланиб айтишим мумкинки, дунё рақс санъатлари ичида Хоразм халқининг рақс тарихи юқори ўринларда туради. Битта “Лазги” нинг камида 9-10 хил тури бор. Бу рақс инсон яралиши билан боғланган бўлиб, танага жон кириши рақс ҳаракатлари орқали сўзлаши ҳам илмий ҳам амалий ўз ифодасини топган. Бундан ташқари, Авесто китобида тилга олинган ўйинлар, яъни покланиш маросими, яхшилик билан ёмонлик ўртасидаги курашдан иборат маросимлар ва уларнинг даврлар ўтиши билан махсус ижрочилар томонидан турли образлардаги ижросини ўрганиш орқали ҳам кўпгина рақс асарлари яратганман. Тарихий ва миллий хоразм рақсларимизнинг аслидек халққа етказишда Берунийнинг “Халқлардан қолган ёдгорлик”, Исо Жабборнинг “Қўҳна ҳаробалар сири” номли асарлари, Хива музейидан жой олган Хоразмшоҳлар даврида саройларда фаолият юритган раққос ва раққосаларнинг суратлари, Анажон Собирова (Анаш чўлоқ) ва Робияхоним Отажонованинг рақс мактаби ҳамда тарихшунос, фольклоршунос олимлар ва кекса авлод вакилларининг маслаҳатлари катта ёрдам бериб келмоқда. Шогирдларимга рақс сирларини ўргатишда янги дарслик яратганман ва миллий хоразм рақсларини бир неча гуруҳларга бўлганман. Биринчи гуруҳ тарихий рақслар гуруҳи бўлиб, бунга асосан “Лазги”, “Қайроқ”, “Анахита”, “Зумлак” рақсларини киритишимиз мумкин. Иккинчи гуруҳ урф-одатлардан келиб чиққан рақслар гуруҳи бўлиб, у “Сумалак сайли”, “Галин саломи”, “Қизлар базми (Хина ёқар)”, “Лачак” каби рақсларни ўз ичига олади. “Этикдўз”, “Чўгирма”, “Сартарош”, “Қизлар баҳси” ва “Қумпишиги” каби рақсларимизни маиший турмуш тарзини акс эттирган рақслар гуруҳига киритган бўлсак, “Ўғлонбола”, “Орол фарёди”, “Кундошлар”, “Шилқим бола” каби чиқишларимизни эса ҳаёт муаммоларидан келиб чиққан рақслар гуруҳига киритганмиз. Мазкур рақсларнинг барчаси бугун моҳир ижрочиси ва шинаванда мухлисига эга бўлиб, уларни саҳналаштиришда шогирдларимнинг истеъдоди, тиришқоқлиги ва меҳнатлари мужассамдир.
– Эришган ютуқларингиз ва шогирдларингиз фаолияти ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
Мени Ўзбекистонда машҳур раққоса бўлишимга устоз Комилжон Отаниёзовнинг берган ўгитлар, ундан олган панд-насиҳатларим қолаверса, ўзимнинг санъатга бўлган меҳрим сабаб бўлган бўлса ажабмас. Негаки Комилжон Отаниёзов ишда жуда тартиб-интизомга риоя қилар ва бизлардан ҳам шуни талаб қилар эди. У ижро қилаётган ашулани ҳар бир сўзни ёки куйини ва унга тушадиган раққосанинг рақс ҳаракатларини ўзи бирма бир эринмасдан кўрсатиб берарди. Комилжон устоз рақс тарихи ҳақидаги билимларимизни оширар, бизни ҳам тарихни ўрганишга ундарди. Комилжон аканинг фильм концертидаги чиқишим мен учун унутилмас хотирага айланган. Бу фильм концерт Комилжон Отаниёзов ҳақидаги жонли, бебаҳо меросдир. Мана 55 йилдан ортиқ давр мобайнида ҳам раққоса ҳам балетмейстр сифатида устозларимдан олган ўгитларим ҳамда ижодий изланишларим орқали мустақил диёримизнинг рақс санъатини бутун дунёга танитишга ҳаракат қилиб келмоқдаман. 1981 йилда Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган артист унвонига сазовор бўлган бўлсам, истиқлолимиз шарофати билан 2000 йили Ўзбекистон халқ артисти унвонига эга бўлдим. Бундан ташқари, 2010 йилда Республика миқёсида ўтказилган энг яхши балетмейстр кўрик-танловида ғолиб деб топилдим. Шунингдек, устозлик фаолиятим давомида жуда кўплаган шогирдларим давлат мукофотлари ва халқаро танловларда ғолибликни қўлга киритиб келмоқдалар. Хоразм рақс мактаби бугунги кунга қадар дунёнинг 30 ортиқ давлатида ижодий гастролларда бўлиб, миллий рақс санъатимизни тарғиб қилиб келишмоқда. Қизларимиз орасида “Ниҳол” мукофоти совриндорлари, Зулфия мукофоти нишондорлари етишиб чиққан. Масалан, шогирдим Света Ҳудойберганова Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган артист унвонига, Дилробо Жуматова Зулфия номидаги Давлат мукофотига, Хулкар Абдуллаева ва Дилноза Ортиқовалар “Ниҳол” Давлат мукофоти соҳибасига айландилар. Қолаверса, ҳар йили ўтказилиб келинаётган Мукаррама Турғунбоева номидаги республика рақслар кўрик-танловларида менинг раққоса қизларим муваффақиятли иштирок қилиб ғолибликни қўлга киритиб келишмоқда. Жумладан, 1998 йилдан буён Умида Авазимбетова, Садоқат Ниёзметова, Шаҳло Тўраева, Ойимжон Собурова, Олеса Латипова, Дилноза Абдиева, Муборак Қодирова, Дилноза Ортиқова, Насиба Атажоновалар 1-ўринни қўлга киритишган бўлса, Дилноза Мавлонованинг “Анахита” рақси олий ўринга лойиқ деб топилган. Умуман олганда, Хоразмнинг неча минг йиллик тарихига асосланган рақс санъатининг ўзи катта ютуқларга лойиқ. Шогирдларимнинг ютуқлари менга янада завқ, янги ғоялар ва шижоат бахш этади. Бугун шогирдларим билан “Орол фарёди”, “Лазги афсонаси”, “Оразибон”, “Дарпанма”, “Анахита”, “Лазги тарихи”, “Алиқамбар”, “Норим-норим”, “Юз бир”, “Уфори”, “Уфори буз-рук” каби элликдан ортиқ рақслар гулдастасини яратганмиз. Эътибор қилган бўлсангиз, байрам тадбирларими, бирор концерт, тўй ёки базмда “Гавҳарнинг қизлари” деган ибора тез-тез қулоққа чалинадиган бўлиб қолган. Бундан фахрланаман. Фахрланишимнинг боиси, шогирдларимнинг рақси, жозибали чиқишларидан мухлислари ортяпти, уларнинг дили завқ-шавққа тўлиб, қувончига қувонч қўшилиб, бир лаҳза бўлса-да турмуш ташвишларидан фориғ бўлишяпти. Шу маънода шогирдларим, раққоса қизларим мен учун ўз фарзандларимдек азиз бўлиб қолишган. Уларнинг нафақат санъатда, балки шахсий ҳаётда ҳам омади келиб, битта оиланинг гўзал бекаси, турмуш ўртоғининг вафоли ёри, санъат оламининг чин фидойиси бўлиб камол топишларини жуда-жуда хоҳлайман. Ана шундагина “Гавҳарнинг қизлари”, деган мақтов, олқишлар менинг эзгу мақсад йўлидаги фаолиятимга муносиб баҳо бўлади, деб ўйлайман.
Хоразм рақс мактабини янада ривожлантириш йўлида қандай мақсад ва вазифаларни амалга оширишни режалаштиргансиз?
Айни пайтда Хива шаҳрида ўтказиладиган “Рақс сеҳри” халқаро рақс фестивалига тайёргарлик кўрмоқдамиз. Мазкур фестивалнинг воҳамизда ташкил этилиши ҳам нафақат миллий урф-одатларимизни тарғиб этишда, балки ўсиб келаётган ёш авлоднинг талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда жаҳон рақс санъати турларини ривожлантириш, уларнинг маънавий оламини бойитиш, рақс санъатида янги истеъдодларни излаб топиш ва кашф этиш, ижодий фаолиятда муҳит яратиш, ёшлар онгида миллий ва этник хилма-хиллик, турли халқлар анъаналарига ҳурмат ҳиссини шакллантириш, ёшларнинг санъатга бўлган қизиқишлари, ижодий фаоллиги ҳамда иқтидорини рағбатлантириш ҳамда бошқа халқларнинг рақс санъати билан яқиндан танишиш имконини беради. Ушбу фестивал доирасида Ҳиндистон, Испания каби бир қатор давлатлардан ташриф буюрган рақс усталари иштирокида ўқув-машғулотларини ташкил этишни режалаштирганмиз. Мазкур рақс машғулотлари орқали ўзбек қизларининг халқаро йўналишдаги санъатини, истеъдодини янада намоён этмоқчимиз. Шу билан бир қаторда, келажакда миллий ва халқаро саҳналарда “Ойчечак”, “Шоҳсанам” каби тарихий образларни рақс ҳаракатлари орқали жонлантиришни ният қилганман.
Бу йилги “Рақс сеҳри” халқаро фестивалига қандай тайёргарлик кўрилмоқда?
“Рақс сеҳри” халқаро фестивалига 10 га яқин хорижий давлатларнинг рақс жамоаларининг иштироки кутилмоқда. Асосий мақсадимиз уларга ўзбек миллий рақс санъатимиз, айниқса, қадимий Хоразм рақсларимиз орқали тарихимизни, бугунги маданиятимизни намойиш этмоқчимиз. Фестивалда 20 дан ортиқ янги чиқишларни тайёрламоқдамиз. Рақсларимиз якка, жамоа бўлиб ижро этилади. Шунингдек, хорижнинг рақс жамоалари билан ижодий ҳамкорлик ўрнатган ҳолда, улар билан бирга маҳорат дарсларини ташкил этишни режалаштирганмиз. Бу фестивал санъат соҳасида ҳалқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришда ҳамда янги истеъдодларни кашф этишда, уларни раҳбатлантириш орқали миллий рақс санъатимизни давом эттиришда муҳим аҳамият касб этади.
Бир сўз билан айтганда, Хоразм рақс санъати халқ оғзаки ижодининг қадим илдизларидан куч олиб, ўсиб, ривожланиб, шу кунларга етган эканмиз, ишонч билан айта оламизки, бугунги рақс санъатимиз нафақат Ўрта Осиё, балки бутун дунёда ўз ўрни, ўз салоҳиятига эга бўлади. Бунга ўтган 27 йил давомида тикланган маънавий қадриятлар, фольклор, халқ санъатининг ўсиб ривожланиб, замонавий санъат оламида ярқираб кўринаётганлиги гувоҳдир.

Суҳбатдош
Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори
Дилрабо ЖУМАТОВА