ҲАЁТ ГЎЗАЛЛИГИ РАҚСЛАРДА МУЖАССАМ

Рақс қалб гўзаллигининг ёрқин намунасидир. У ҳар қандай гўзаллик намунасига янада кўрк бахш этиб, ҳаёт куйининг майин торларини аста чертади, ижод сари илҳомлантиради.
Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонимиз Хоразм воҳасининг қизи. Унинг ҳаётга бўлган меҳри, санъатга бўлган иштиёқи ўзгача. Унинг ижросида гавдаланган ҳар бир рақс ҳаракатларида жўшқинлик, нафислик ва қалб туғёни акс этади.
Вилоятимизнинг Урганч шаҳрида туғилиб ўсган Дилноза Ортиқова болалик чоғлариданоқ санъатнинг нафис тури — рақс йўналишига катта қизиқиш билан қараган. Шу боис 11 ёшида Дилноза “Ўзбекрақс” бирлашмасининг “Хоразмрақс” вилоят бўлими тўгарагига қатнай бошлади. Устози Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Гавҳар Матяқубовадан рақс сирларини қунт билан эгаллади. Бора-бора унинг саҳнаси турли танловлар, байрам ва фестиваллар ҳамда тадбирлар бўлди.
Дилноза бугунги кунга қадар кўплаб концертларда сержило рақслари билан иштирок этиб, ўз мухлисларини қувонтириб келмоқда. У илк муваффақиятини 2001 йилда республика миқёсида ўтказилган Наврўз сайлида қўлга киритди. 2010 йил Мукаррама Турғунбоева номидаги ёш раққосалар Республика кўрик танловида 1-ўрин соҳибаси бўлган бўлса, 2010 йил Ниҳол Давлат мукофотига лойиқ деб топилган. Миллий ва чет эллар рақсини маромига етказиб ижро этаётган ёш раққоса айни кунга қадар “Ўзбегим ёшлари” ансамбли орқали дуёнинг Ҳиндистон, Хитой, Малайзия, Испания, Изроил, Туркия, Москва, Озарбайжон давлатларида ўтказилган санъат фестивалларида иштирок этиш бахтига муяссар бўлган. Энг қувонарлиси, Дилноза Ортиқова «Эътироф-2016» миллий мукофотининг «Йилнинг энг яхши раққосаси» номинацияси ғолибаси деб эътироф этилган.
Дилнозанинг бугунги ютуқлари юртимизда санъат соҳасида ёшларга яратилаётган шароитлар ва улкан эътиборнинг ёрқин намунасидир. Хоразм миллий рақсларидан “Лазги”, “Алиқамбар”, “Оразибон”, “Чаноқ рақси”, “101” каби миллий ва тарихий рақсларни маромига етказиб ижро этаётган истеъдод эгасининг воҳа фарзанди эканлигини қалби ғурур ва ифтохорга тўла.
Азал-азалдан илм-у маърифат, адабиёт ва санъат равнақ топган Хоразмда камол топаётган ёш ижодкор қизнинг орзу-мақсадлари бир олам. У Мукаррама Турғунбоева, Тамарахоним, устози Гавҳар Матяқубова каби ўзбек рақс санъатини, қолаверса, Хоразм рақс мактабини бутун дунёга таратиш ниятида. Нозиккина жуссасига улкан мақсадларни жо этган Дилнозанинг бу довонларни забт этишига шак-шубҳа йўқ.