СОЛИҚ ИМТИЁЗЛАРИ: ТУРИЗМ СОҲАСИ РИВОЖИ ЙЎЛИДА

 Ҳудудларни жадал ривожлантириш, валюта тушуми, аҳолининг турмуш сифати ва даромадларини оширишда туризмнинг ўрни беқиёс. Кейинги йилларда юртимизга келаётган хорижий  кўпайтириш, ички туризмни кенгайтиришда туризм соҳасига ҳам солиқ имтиёзлари берилиб, янги имкониятлар яратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги 5326-сонли фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш, айниқса, ички сайёҳлик хизматини ривожлантириш борасида Хоразм вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси ҳам Хоразм вилояти туризмни ривожлантириш департаменти билан ҳамкорликда мазкур фармоннинг мазмун-моҳияти ҳамда ижроси бўйича давра суҳбатлари, қолаверса жойларга чиқиб тадбиркорлик фаволияти билан шуғулланиш истагини билдирган фуқароларга имтиёзлар ҳақида батафсил маълумотлар беришмоқда.
— Юртбошимиз томонидан қабул қилинган 5326-сонли фармоннинг мазмуни ва ижросини таъминлашда солиқ хизмати ходимларининг ўрнига алоҳида эътибор қаратилган, — дейди Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Шуҳрат Саидов. — Эндиликда мазкур фармон билан асосий фаолият тури тематик хиёбонлар хизматларини ташкил қилиш бўлган юридик шахслар улар томонидан тематик хиёбонлар фойдаланишга топширилган кундан эътиборан 3 йил муддатга фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк солиғи, шунингдек, ягона солиқ тўловини тўлашдан озод этиладиган бўлди. Бундан ташқари мазкур фармон билан туристларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар асосан давлат музейлари, галереялар, маданий мерос объектлари ва қўриқланадиган табиий ҳудудлар маъмуриятлари ўз фаолиятидан тушадиган тушумларнинг камида 5 фоизини ўз фаолияти ҳамда тақдим этаётган туризм хизматлари баён этилган реклама-тарқатиш материалларини ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрлаш ва ададини кўпайтириш учун мажбурий тартибда йўналтиради. Бунда ушбу мақсадларга йўналтирилган харажатлар суммаси бу ташкилотларнинг солиққа тортиладиган базасидан чиқариб ташланади.
— Ҳозирги кунда вилоятда 89 та сайёҳлик ташкилоти, 29 та туристик фирма фаолият юритмоқда. 60 дан зиёд меҳмонхона хизмати билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг фаолияти йўлга қўйилган, шунингдек, яна 17 та меҳмонхонада қурилиш монтаж ишлари олиб борилмоқда. Натижада меҳмонхоналардаги ўринлар сони яна 850 тага кўпаяди. Бундан ташқари тадбиркорлар томонидан 43 ва 33 ўринли сайёҳлар синфига мансуб автобуслар ва 4 та электромобиль сотиб олинди. Йил якунигача соҳадаги транспорт инфратузилмасини янада яхшилаш мақсадида сайёҳлик синфига оид 10 та автобус ва 10 та электромобил сотиб олиниши белгиланди, — дейди вилоят туризмни ривожлантириш департаменти директори в.б. А. Полвонов.
Вилоятдаги ёдгорликларни, тарихни маданий меросни ўрганишга келган сайёҳлар сони ўтган 9 ойда 1 миллиондан ортиб кетди. Шундан 80 мингга яқини хорижий, қолган 937124 нафари маҳаллий сайёҳлардир.
Юқоридаги фармон талабларидан келиб чиққан ҳолда вилоятда оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш бўйича 20 та лойиҳаларнинг манзилли рўйхати ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши билан қўшимча 194 та меҳмон ўринлари яратилади. Бундан ташқари, Урганч халқаро аэропорти ҳамда Ичон қалъа ҳудудида янги интернет тармоғига симсиз бепул уланиш ҳудудлари (wifi) такомиллаштирилган ҳолда ташкил этилди.
— Мамлакатимизда тадбиркорликнинг қўллаб-қувватланаётгани меҳмонхона хизмати фаолиятини янада ривожланишига туртки бўлмоқда, — дейди урганчлик тадбиркор Алишер Рўзметов. — Вилоятга келаётган туристлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Биз каби тадбиркорларга солиқ хизмати ходимлари томонидан тадбиркорлар учун бу соҳада яратиб берилаётган имтиёзлар ҳақида кўп маълумотлар берилмоқда. Берилаётган имтиёз ва имкониятлар келажакда фаолиятимизни янада кенгайтиришимизга, хизматлар турини кўпайтиришимизга, қўшимча иш ўринлари яратилишига туртки бўлиши аниқ.
Демак, ҳудудларда туризмни жадал ривожлантириш мақсадида Давлат раҳбари томонидан яратиб берилаётган бундай имкониятлар ва имтиёзлар ҳудудларда хорижлик туристлар оқими ва туризм хизматлари экспортини кенгайтиришга, тармоқда янги иш ўринлари яратиш асосида аҳолининг бандлик даражасини оширишга, туризм фаолияти субъектлари сонининг кўпайишига хизмат қилади.
Ромон АТАЖОНОВ,
вилоят ДСБ жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи