ОҚ ХАЛАТГА ДОҒ ТУШИРГАН ШИФОКОР

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масалалари давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Лекин тиббиёт соҳасини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар давом этаётган бир пайтда, шифокорлик номига доғ тушириб, ўз лавозимини суиистеъмол қилаётган, мансаб ваколатидан қинғир мақсадларда фойдаланаётган, одамларни даволашдек юксак вазифасини порахўрлик, тамагирлик каби иллатлар билан булғаётган шифокорларнинг ҳали ҳамон учраши ачинарли ҳол, албатта.
Хоразм вилоятининг Хонқа туманида яшовчи фуқаро Ширин Авезова (исм фамилиялар ўзгартирилган) юрак касаллиги туфайли нафақага чиқиш учун кардиолог шифокор қабулига боради. Туман тиббиёт бирлашмаси марказий поликлиникаси кардиолог шифокори Гулноза Қурбонова беморнинг юрак хастилиги туфайли касаллик нафақасига чиқариш эвазига пора талаб этади.
Куни кеча мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда фуқаро Ш.Авезованинг аризасига асосан тезкор тадбир ташкил этилди.
Ўтказилган тадбирда Хонқа тумани тиббиёт бирлашмаси марказий поликлиникаси кардиолог шифокори Г.Қурбонова фуқаро Ш.Авезовадан уни касаллик нафақасига чиқариш эвазига 200 АКШ доллари ва 200 минг сўм пулларни пора тарикасида олаётган вақтда департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Қонунга риоя этишни билмайдиган, уни ҳурмат қилмайдиган инсоннинг ҳаётидаги хотиржамлиги узоққа чўзилмайди. Ушбу шифокорнинг нафс қулига айланиб, порахўрлиги эвазига оқ халатига туширган доғи энди кетармикан?
Қонун устуворлиги таъминланган юртимизда ҳар қандай ножўя ва номуносиб қилмиш албатта вақти-соати билан фош этилади ва жазо муқаррарлиги таъминланади.
Хозирда мазкур ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан фуқаро Гулноза Қурбоновага нисбатан жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга тегишлилиги бўйича вилоят прокуратурасига юборилди.
Ҳурматли юртдошлар! Сизнинг меҳнат фаолиятингиз, қонуний манфаатларингиз ҳамда конституцион ҳақ-ҳуқуқларингизга нисбатан юқоридаги каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Хоразм вилояти бошқармасининг 228-50-20 рақамли туну-кун ишловчи ишонч телефонларига мурожаат қилишингизни сўраймиз.
Унутманг Сизнинг ҳуқуқларингиз қонун ҳимоясида !

Нурбек РАХИМОВ
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти
Хоразм вилояти бошқармаси катта суриштирувчиси