НАФСИ ОЛОВ ВАЛЮТАФУРУШЛАР

Бугун мамлакатимизда валюта бозорини эркинлаштириш, инвестиция мухитини янада шакллантиришга доир ишлар изчиллик билан йўлга қўйиляпти. Миллий валюта мақомини янада мустаҳкамлаш, нақд хорижий валютанинг муомаласи доирасини тартибга солиш, валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш механизми такомиллашиб бормоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар асосида юридик ва жисмоний шахслар томонидан халқаро валюта операцияларини амалга ошириш учун банкларда эркин сотиб олиниши ва сотилиши кафолатланган.
Бироқ, шундай бўлса-да, айрим юртдошларимиз орасида осон ва мўмай даромад топиш илинжида ноқонуний валюта олди-сотдиси билан шуғулланаётган шахслар ҳам афсуски учраб турибди.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ана шундай ҳуқуқбузарлик ҳолатига чек қўйилди.
Тадбирда Урганч тумани “Юқоридўрмон” қишлоғи “Анжирчи” маҳалласида яшовчи фуқаро Рустам Абдуллаев (исм, фамилиялар ўзгартирилган) ва Хива тумани “Журён” қишлоғида яшовчи фуқаро Жасур Эгамовлар Янгибозор тумани, Бўзқалъа қишлоғида жойлашган “Пахта тозалаш” АЖга қарашли ферма ҳудудида харидорга ҳар бир АҚШ долларини 8120 сўмдан ҳисоблаб, олдиндан келишилган 40 минг АҚШ долларидан 20 минг АҚШ долларини сотиб, 162 миллион 400 минг сўм пулларни олаётган вақтда ушланди. Ўтказилган тезкор тадбир давомида харидордан 20 минг АҚШ доллари, ҳуқуқбузар Рустам Абдуллаевнинг машинасидан 11 миллион 838 минг сўм ҳамда ҳуқуқбузар Жасур Эгамовларнинг автомашинасидан эса 2 млн 546 минг сўм пуллар топилиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Қинғир иш – келтирар ташвиш деганларидек, қинғир йўлни танлаган ушбу валютафурушларнинг ноқонуний ҳаракатлари узоққа чўзилмади.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ушбу ҳуқуқбузарларга нисбатан жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қонун ҳамма учун баробар. Албатта, ҳар биримиз валюта қимматликларини банк муассасаларида айрибошлаб, уларни банкдан ташқари айланмасига йўл қўймасак, мамлакатимизнинг иқтисодий ривожини янада мустаҳкамлашга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Жуманазар САЛАЕВ
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти
Хоразм вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи