ТАХТА БОЗОРМИ ЁКИ ҚОРА БОЗОР?

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда бир гуруҳ валютафурушларнинг яширин ҳаракатларига барҳам берилди.
Урганч шаҳрида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда фуқаролар Сарвар Хусанов, Даврон Собиров, Элдор Холов, Саид Жумаевлар (исм, фамилиялар ўзгартирилган) олдиндан жиноий тил бириктириб, ноқонуний валюта савдоси билан шуғулланиб келаётгани фош қилинди. Ушбу фуқаролар Жамшид Рўзметовга пластик карточкадан 5 фоиз устама билан 116 миллион 550 минг сўм пулларни ечиб олиб, нақд шаклда 111 миллион сўм пулларни бериб, шу пуллар эвазига ҳар бир АҚШ долларини 8350 сўмдан хисоблаб жами 14 минг АҚШ долларини сотишга келишиб, Урганч шаҳридаги  савдо шахобчасида 14 минг АҚШ долларини сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Нафсим менинг балодур, ёнар ўтга соладур деганлридек, қинғир йўлни танлаган ушбу “устамон”ларнинг ноқонуний ҳаракатлари узоққа чўзилмади.
Тадбир давомида МЧЖ раҳбари Сарвар Хусанов ёғоч маҳсулотлари билан савдо қилиш ниқоби остида фуқаролардан олинган нақд пулларни ҳисоб – рақамига савдо тушуми сифатида кирим қилиб, эвазига АҚШ долларини бериб, валюта қимматликларини ноқонуний муомалага киритиш билан шуғулланиб келганлиги ҳам маълум бўлди.
Тадбир якунида, ҳуқуқбузар С.Хусановдан 14.000 АҚШ доллари ва 111 миллион сўм пуллар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ушбу ҳуқуқбузарларга нисбатан жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сирож МАШАРИПОВ
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти
Хоразм вилояти бошқармаси инспектори