СОЛИҚЧИЛАР САЪЙ-ҲАРАКАТЛАРИ БИЛАН…

Хоразм вилоят давлат солиқ бошқармаси ва ҳудудий давлат солиқ инспекциялари томонидан 2018 йилнинг 10 ойи давомида солиқ соҳасида  1871 та, шундан 911 таси жисмоний шахслар, қолган 960 таси юридик шахслар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 333-моддаси талабларига мувофиқ, 15 кунлик муддатда тўланмаган маъмурий жарималар мажбурий тартибда ундириш учун Бош прокуратура ҳузуридаги мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлимларига юборилди.

Шунингдек, 603 та ҳолатдаги тадбиркорлик субъектларига нисбатан маъмурий ишлар тааллуқлилиги бўйича суд идораларига юборилиб, шундан 241 таси бўйича 65,2 млн. сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди.

Маъмурий судлар томонидан 19 та ҳолатда биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар, ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан ўттиз кун ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тарзида давлатга етказилган зарарни ихтиёрий равишда қоплаган, давлат рўйхатидан ўтган, ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар жавобгарликдан озод этилди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, вилоятда бевосита солиқ идоралари ходимлари саъй-ҳаракатлари билан 309 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти қайта тикланди. Уларнинг 4 846,3 млн. сўмлик қарздорлигидан ўтилди. Бундан ташқари, давлат солиқ хизмати органларида ҳисобда турмасдан, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган 7600 дан ортиқ фуқароларнинг тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилиши таъминланди. Жорий йилнинг 10 ойида амалга оширилган ишлар натижасида бюджетга қўшимча 183 млрд. сўмдан ортиқ маблағлар ундирилиши таъминланди.

 

 Ҳурмат ҚУРБОНОВ,

вилоят ДСБ солиққа оид ҳуқуқбузарликлар билан ишлаш шўъбаси

давлат солиқ бош инспектори.