ҲАР ЖОЙДА ТАРТИБ БЎЛГАНИ ЯХШИ

Иш қиламан деганга бугун кўп имкониятлар берилган. Яратилаётган шароитлар ўлароқ ишбилармон ва тадбиркорлар сони кундан кунга ортиб бормоқда. Улар нафақат ўзларининг балки юртдошларимизнинг ҳам турмуш шароити яхшиланишига ҳисса қўшишмоқда. Шу билан бирга, белгиланган тўловларни тўлаш орқали давлат бюджети шаклланишида ҳам уларнинг ўз ўрни бор. Буни яхши англаган Давлатимиз ҳам ўз навбатида тадбиркорларга ёрдам қўлини чўзиб, уларнинг оғирини енгил қилишга катта эътибор қаратиб келмоқда.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига асосан тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари ҳам  бекор қилинди. Лекин, бу «сени энди ҳеч ким текширмайди, хоҳлаганингни қилавер», дегани эмас-да.

Хоразм вилоят давлат солиқ идоралари ходимлари томонидан ўтказилаётган рейд текширувлари мобайнида қонуний тадбиркорларнинг нонини яримта, давлат ва жамиятнинг ишончини суиистеъмол қилаётган ишбилармонларнинг фаолияти фош этилмоқда.

Жумладан, урганчлик Ш.Рўзметовнинг ҳеч қандай ҳужжатларсиз дераза ромлари тайёрлаш билан, Урганч туманида Қ.Қуронбоев ва Д.Эшчонованинг тегирмонда дон майдалаш фаолияти билан шуғулланаётгани, Ҳазорасп тумани «Универсал савдо комплекси» ҳудудида Д.Бекчонова ва Г.Матмуродованинг тамаки маҳсулотларини, урганчлик М.Оллаберганованинг алкоголp маҳсулотларини, Урганч шаҳри «Жиззах» кўчасидаги савдо мажмуасида О.Отажонованинг кийим-кечак сотаётганлиги  текширишларда маълум бўлди. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Бироқ, гап қоидабузар тадбиркорларнинг сонида эмас. Муҳими, уларни тўғри йўлга бошлаш. Шу нуқтаи назардан, солиқчилар ўз олдига жазолаш эмас, кўмак бериш мақсадини қўйишган.

Солиқ идоралари ходимларининг маслаҳатлари, тушунтиришлари сабаб ўз фаолиятини қонунийлаштирганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Бевосита солиқ идоралари саъй-ҳаракатлари билан 309 та тадбиркорлик субъектларининг фаолияти қайта тикланди. Бундан ташқари, давлат солиқ хизмати органларида ҳисобда турмасдан, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган 7600 дан ортиқ фуқароларнинг тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилиши таъминланди. Жорий йилнинг 10 ойида амалга оширилган ишлар натижасида бюджетга қўшимча 183 млрд. сўмдан ортиқ маблағлар ундирилиши таъминланди.

Шерзод БЕРДИЕВ,

Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи.