КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШДА ЖУРНАЛИСТНИНГ ЎРНИ

Хоразмда  фуқароларнинг коррупция ҳолатлари олдини олиш бўйича хабардорлиги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш масалаларига бағишланган семинар-тренинг ўтказилди.
Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан ташкил этилган тадбирда вилоятда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари, фуқаролик жамияти институтлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, матбуот хизмати мутахассислари иштирок этди.
Президентимиз раҳнамолигида миллий қонунчиликни ривожлантириш ва такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни яратиш, бу жараёнда жамоат бирлашмалари ва оммавий ахборот воситаларининг фаол иштирокини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.
– Бугунги кунда коррупция жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари учун долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. У жамият ҳаётининг барча жабҳаларига кириб, одоб-ахлоқ меъёрларини бузади, эркинлик ва демократия асосларига, фуқароларнинг давлат ҳокимияти ва бошқарувига бўлган ишончига путур етказади, – дейди Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази тренери Қобилжон Хидиров. – Шу боис журналистлар ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг бундай ҳолатлар бўйича хабардорлигини ошириш, ижтимоий шериклик доирасида қўшма иш режаларини муҳокама этиш, коррупцияга қарши кураш масаласини оммавий ахборот воситаларида ёритишда бундай семинар-тренинглар жуда қўл келади. Коррупцияга қарши курашишда оммавий ахборот воситалари ва жамоат ташкилотлари муҳим ўрин тутади. Мазкур ташкилотлар коррупция тарқалиши муҳитини бартараф этиш ҳамда унинг яширин механизмларини очишда яқин кўмакчидир.

Семинар-тренингда “Коррупция  — тараққиёт кушандаси», «Коррупцияга қарши курашиш кўпроқ кимнинг вазифаси?”, “Коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик назорати ва ижтимоий шерикликнинг аҳамияти», Коррупцияга қарши курашишда журналист суриштируви» ва бошқа мавзуларда маърузалар тингланди.
— Бугунги тадбир мен учун жуда кўп маълумотларга бой бўлди, — дейди «Янгиариқ овози» газетаси мухьири Хилола Ғаффорова. Ушбу мавзу ҳамма учун жуда долзарю аҳамиятга эга. Жамиятда коррупцияни олдини олишда фуқароларнинг ҳуқуқий билимини оширишда журналистларнинг ижодий материаллари ҳам катта ёрдам беради. Семинарда ўрганган билим ва кўникмаларим асосида ушбу мавзу доирасида таҳлилий мақолалар ёзишни режалаштирдим.
Тадбирда оммавий ахборот воситаларида коррупцияга қарши курашиш масаласини ёритиш, журналистик суриштирув ўтказиш тамойиллари ва ҳуқуқий мавзуни ёритишга қўйиладиган талаблар, журналист хавфсизлигини кафолатлаш бўйича қонунчилик меъёрлари, миллий ва халқаро тажрибага доир материалларнинг ёритилиши юзасидан фикр алмашилди.