«ХУФИЁНА» ИҚТИСОДИЁТ ҲАМ КОРРУПЦИЯ

Хуфиёна иқтисодиёт нафақат иқтисодий ижтимоий тузилмалар, жамиятдаги иқтисодий муносабатларни ўз ичига олувчи мураккаб ижтимоий иқтисодий воқелик, балки, аввало, жамият томонидан назорат қилиб бўлмайдиган, мамлакат аҳолисининг бир қисмини ташкил қилувчиларнинг шахсий ва гуруҳий манфаатларини қондириш, яъни катта миқдорда қўшимча даромад, фойда олишни кўзлаб давлат органлари бошқаруви ва назоратидан яширган ҳолда, давлат ва нодавлат мулкдан ҳамда иқтисодий бойлик, тадбиркорлик қобилиятидан жиноий йўл билан фойдаланишдир. У ошкор расмий иқтисод билан чамбарчас боғланган бўлиб, унинг таркибий қисмидир. Хуфиёна иқтисодиёт тадбиркорлари ўз фаолиятларида иқтисодий муносабатлар, хўжалик юритиш субъекти бўлмасдан, давлатнинг хизматидан, моддий-ашёвий омиллари, ишчи кучидан фойдаланиладилар.

Хуфиёна иқтисодиётнинг криминал муносабатлари иқтисодий жиноятларнинг барча турларини ўз ичига олади. Бундай жиноятлар
ичида уюшган жиноятчилик жамият учун катта хавф туғдиради.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Бош  прокуратураси хузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти олдига давлат солиқ сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, солиққа тортиш базасини кенгайтириш, солиқ тўловчиларнинг қамраб олиниши ва ҳисобини тўлиқлигини таъминлаш, солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, қочиш мумкин бўлган каналлари ва механизмларини, «хуфиёна» иқтисодиётнинг шаклланиши йўлларини, коррупция ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш ҳамда ушбу турдаги қонун ҳужжатлари бузилишларининг олдини олиш масалалари бўйича кенг тушунтириш, профилактика ишларини амалга ошириш кабилар киради.

Коррупция ҳам хуфёна иқтисодиётнинг асосий кўринишларидан бири бўлиб, у энг аввало, инсон ҳуқуқларини таъминлашга монелик қилади. Ижтимоий тенгсизликни келтириб чиқаради. Эркин бозор иқтисодиётининг ривожланишига, ҳаёт даражасининг пасайишига олиб келади. Шу билан бир қаторда коррупция фуқароларнинг давлат бошқаруви идораларига бўлган ишончи йўқолишига, уюшган жиноятчиликнинг авж олишига замин яратади ва инсонларнинг хавфсизлигига таҳдид солади.

Куни кеча Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нуқтида ҳам коррупция давлат ва жамият ривожига, халқнинг адолатли бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавф эканлигини таъкидлаб ўтдилар. Маърузада таъкидланганидек, 1 минг 177 нафар мансабдор шахс коррупция ҳолати билан боғлиқ бўлган жиноят содир этган. Юртбошимиз айтганларидек, эндиликда ушбу иллатга қарши курашишда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича ички дастурларифаолияти йўлга қўйилади.

Коррупцияга қарши курашишида, хусусан, жамиятда иқтисодий житноятларни олдини олишда Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида ўтказилган тадбирларда жами 432 та ноқонуний ҳолат аниқланиб, 179 та жиноят, 253 та маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишлар қўзғатилди. Давлат бюджетига  12754,0 миллион сўм қўшимча солиқ ва молиявий жарималар ҳисобланиб, бюджетга 7145,9 миллион сўми ундирилишига эришилди. Давлат ва жамоат манфаатларига 10923,8 миллион сўм миқдорида зарар етказилганлиги аниқланиб, 3499,3 миллион сўми қопланди. Шунингдек, 2131,3 миллион сўмлик ноқонуний муомалага киритилган товар моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Валютани қонунга ҳилоф равишда муомалага киритишнинг олдини олиш борасида олиб борилган тадбирлар жараёнида 145 та  қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, натижаларига кўра 20 та  жиноят ва 125 та  маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар қўзғатилган. Ҳуқуқбузарлардан 129349 АҚШ доллари, 548310 Россия рубли, 517700 Қозоқ тенгеси ва 689,18 миллион Ўзбек сўми далилий ашё сифатида олиниб, давлат эгалигига ўтказилди.

Шунингдек, алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишни янада тартибга солиш ҳамда спирт ва алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш устидан давлат назоратини кучайтириш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида этил спирти, акциз маркасиз, қалбаки акциз маркали спиртли, алкоголли ва пиво маҳсулотларининг ноқонуний ишлаб чиқарилиши, контрабанда йўллари билан олиб келиниши ва сотилишининг олдини олиш ва муомалага киритилишини ҳамда илдизларини фош қилиш юзасидан олиб борилган тадбирлар жараёнида 3 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 2 миллион 474 минг сўмлик алкоголли маҳсулотлар далилий ашё сифатида олинди. Яширин  равишда алкоголли ва тамаки маҳсулотларини ғайриқонуний тарзда ишлаб чиқарилиши ва муомалага киритилиши билан боғлиқ 3 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 2 миллион 474 минг сўмлик ноқонуний алкоголли маҳсулотлар сотувининг олди олинди.

Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида, коррупция ҳолатини фош этиш борасида ўтказилган тадбирлар натижасида, жами 90та жиноят ишлари қўзғатилиб, шундан 4 холатда хокимият ходимларига нисбатан, 2 та холатда Давлат солиқ ходимларига нисбатан, 3 та холатда банк ходимларига нисбатан ва  79 та холатда бошқа идоралар ходимларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, жазонинг муқаррарлиги таъминланган.

Жиноят кодексининг коррупцияга оид моддалари бўйича тахлил қилинганда, 210-модда билан 10та, 211-модда билан 33 та, 214-модда билан 5 та, бошқа моддалар билан 30 дан ортиқ жиноят ишлари қўзғатилган.

Қонун доирасида фаолият юритаётган корхона, ташкилотлар, тадбикор
ва ишбилармонлар солиқ ва бошқа тўловларга оид фуқаролик бурчлари
ва мажбуриятларини адо этиб, юртимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Шу билан бирга, била туриб қонун қоидаларга хилоф иш тутаётган, хуфиёна тарзда бойлик орттиришга интилаётган «ишбилармон»лар ҳам учрамоқда, улар амалдаги қонунларни четлаб,
фойда кетидан иқтисодий жиноятларга қўл ураётган фуқаролар эса нафақат жамият манфаатларига, балки ўзларига ҳам зиён етказмоқдалар.

Хулоса ўрнида айтганда иқтисодий жиноятларга, хуфёна иқтисодиётга, коррупцияга сезиларли зарба бериш учун, энг аввало, жамиятдаги барча фуқаролар ўз ҳуқуқ ва бурчларини билишлари билан бир қаторда, унга шахсан риоя қилишлари ва бошқалардан ҳам шуни талаб қилиб, мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан жамоат назоратини кучайтириш лозимдир.

 

 

 

Ғайратжон СУЛТАНОВ

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти

Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи, адлия кичик маслаҳатчиси