ПСИХИАТРНИНГ НАЙРАНГЛАРИ

Бугунги кунда шарафли бурчини виждонан адо этиб келаётган шифокорлар кўпчиликни ташкил этади. Аммо беш қўл баробар эмас, деганларидек улар орасида қинғир йўллар билан пул топишни мақсад қилганлари ҳам учраб турибди. Ҳузурига шифо истаб нажот билан келаётган беморлардан муолажа ва жарроҳлик амалиётлари учун ҳеч қўрқмасдан пора талаб қилаётган, халатининг чўнтагига пул солиб қўймаган беморларга қўл учида истар-истамас хизмат кўрсатаётган, давлатимиз томонидан бепул ажратилаётган дори-дармонларни аҳолига пуллаб ўз ҳамёнини қаппайтираётган, тиббий билим ва малакаси талаб даражасида бўлмаган таниш-билишларини пора эвазига тиббиёт бирлашмаларига ишга жойлаштиришга ҳаракат қилаётган, бир сўз билан айтганда ҳаром луқма билан кун кечиришни ўзига одат қилган айрим шифокорларнинг коррупция ҳаракатлари жамиятимиздаги соғлом муҳитга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ҳазорасп туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси психиатр шифокори ҳам енгил даромад топиш мақсадида қабулига келган беморга таъмагирлик йўли билан ёрдам беришга бел боғлайди. Психиатр шифокор қабулига келган 1993 йилда ақли заиф касаллиги билан туғилган беморни ногиронлик гуруҳи тайинланиши эвазига унинг опасидан 600 минг сўм талаб қилади.

Фуқаро Фазилат Махмудова (исм, фамилиялар ўзгартирилган) мазкур ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментига мурожаат қилади. Ариза юзасидан жорий йилнинг 1 декабрь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида Хазорасплик психиатр шифокор Д.Олимов ақли заиф беморни кўриниб турган касаллиги учун вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерида ишловчи танишлари орқали болаликдан ақли заифлиги бўйича ногиронлик гуруҳи тайинланишини ваъда қилиб, фуқаро Маҳмудовадан 600 минг сўм пулларни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Юқоридаги ҳолатларни эшитгандан кейин беихтиёр ёқа ушлайди одам. Ахир, шифохонага ташриф буюрган беморлар яшаш учун касаллик билан курашиб, охир-оқибатда нажот истаб шифокорга мурожаат қилади. Шифокор деган номга нолойиқ айримлар эса беморларнинг дардига малҳам бўлиш ўрнига, уларнинг қийин аҳволидан фойдаланиб пора талаб қилишини, таъмагирлик қилишини кечириб бўлмайди.

Порахўрликни, таъмагирликни касб қилган ҳеч бир шахс жазосиз қолиб кетмайди. Бундай қилмиш эртами-кечми барибир фош бўлиши аниқ, охирги манзил эса жиноят курсисига етаклайди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ушбу фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жуманазар САЛАЕВ

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти

Хоразм вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи