ДАМАСНИНГ «ШАПКАСИ» ҚАНЧА?

Бугунги кунда мамлакатимизда миллий автомашиналарнинг эркин савдоси учун барча имкониятлар яратилганлиги, бу йўналишда ноқонуний олди сотди билан шуғулланиш қандай жавобгарликларга олиб келиши мумкинлиги бўйича тарғибот тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Афсуски ҳали ҳам айрим шахслар томонидан белгиланган талабларга бўйсунмасдан, ноқонуний фаолият билан шуғулланиш ҳолатлари  кузатилмоқда.

Хусусан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан автотранспорт воситаларини автосалонлардан ноқонуний равишда олиб чиқиб бериш, расмийлаштириш билан боғлиқ коррупция, фирибгарлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби ҳолатларнинг олдини олиш борасида тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.

Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ана шундай фирибгарлик ҳолатига чек қўйилди.

Йўлдош Машарипов (исм, фамилиялар ўзгартирилган) “GM Ozbekiston” АЖ Хоразм филиали касаба уюшмасида ишлаб келган. У ўз фаолияти давомида Андижон вилоятидаги “Асака автомобилсозлик” касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси С.Хасанов билан танишиб, дўстона муносабатларни ўрнатиш орқали ноқонуний бойлик орттириш режасига шерик ҳам қилишга улгуради.

Й.Машарипов танишлари орқали Хива туманида яшовчи Раҳима Полвонованинг Дамас русумли автомашина сотиб олиш ҳаракати юрганидан хабар топади. Тайёр ўлжа қўлдан чиқмаслиги учун Й.Машарипов фуқаро Р.Полвонова билан учрашиб, унга 2200 АҚШ доллари берса 2 та Дамас автомашина сотиб олиш учун шартнома тўғирлаб бериш ва бу масала тез ҳал бўлишини айтади.

Мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Й.Машарипов Хива туманида яшовчи фуқаро Р.Полвоновадан 2 та Дамас автомашина сотиб олиш учун шартнома олиб беришни ваъда қилиб, ундан 2200 АҚШ долларини  олган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Халқимизда “Текиннинг тиканаги бор”, деган гап бор. Фирибгарликни касб қилмоқчи бўлган Й.Машарипов қонунга панд бера олмади.

Суд томонидан фуқаро Й.Машарипов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “б” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан тегишли жазо тайинланди.

 

 

Нурбек РАХИМОВ

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти

Хоразм вилояти бошқармаси катта суриштирувчиси