Хоразм вилоят давлат солиқ бошқармаси: мурожаат, назорат, ижро, натижа

Бугун юртимизда тадбиркорлар учун яратилаётган кенг имтиёз ва қулайликлар самараси натижасида ушбу соҳа вакилларининг юртимиз иқтисодиётидаги улуши янада ортиб бормоқда. Бироқ, ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиб, ўз фаолиятини мавжуд қонун талаблари асосида йўлга қўймоқдалар. Хоразм вилояти давлат солиқ хизмати органларига келиб тушаётган мурожаатларда бу ўз тасдиғини топмоқда.
Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига жами 691 мурожаат қабул қилинди. Ижрога қаратилган 654та мурожаатнинг 99 таси қаноатлантирилди, 349 таси тушунтирилиб, 177 таси тегишлилиги бўйича бошқа идораларга юборилди. Шунингдек, 49 таси аноним деб топилди. 17 таси айни пайтда ижрода. Келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти назорат касса машинаси чеки берилмаганлиги, пластик карточкага савдо қилиш қоидаларининг бузилиши, солиқ текширувлари натижалари, ноқонуний даромад топаётган шахслар, ҳисобланган солиқларга аниқлик киритиш юзасидан эканлиги қайд этилди.
Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда Хоразм вилояти солиқ бошқармаси ва унинг ҳудудий инспекциялари томонидан нафақат ёзма, балки “Ишонч телефонлар”и орқали оғзаки, интерактив хизматлар ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, шунингдек, “Халқ қабулхоналари” орқали ҳам фуқаролар мурожаатлари қабул қилиниб, тезкорлик билан уларда кўтарилаётган масалаларга ечим топилмоқда.
Масалан, “UzXCMG” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонаси ходими А.Ишчанов корхонанинг 2019 йилда солиқлардан имтиёзлари сақланиб қолиш-қолмаслиги тўғрисида маълумот беришни сўраб, интерактив хизматлар орқали мурожаат этди. Унинг сўровига қисқа муддатларда мутахассислар томонидан аниқ ва лўнда жавоб қайтарилди.
-Жуда ҳам зўр замонда яшаяпмиз. Яшириб нима қилдим, авваллари давлат идораларига ишингиз тушса, ярим, ҳаттоки бир кун вақтингиз кетарди. Эндиликда иш жойингиздан туриб муаммоингизни ҳал этишингиз мумкин. Айниқса, солиқ тизимидаги ислоҳотлар, солиқ идоралари ходимларининг қўлини кўксига қўйиб, “лаббай” дея халқимизга хизмат кўрсатаётганлиги бизни хурсанд этаётир,-дейди унинг ўзи.
Бир сўз билан айтганда, вилоят давлат солиқ хизмати органлари томонидан олиб борилаётган профилактик тадбирлар, очиқ мулоқот ва мурожаатлар ечимига қаратилаётган эътибор солиқ соҳасининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда, аҳолини солиқ қонунчилигига оид ҳуқуқий билимларини оширишда ҳамда тадбиркорлик субъектларини қонуний фаолият юритиши орқали соҳадаги имтиёз ва преференциялардан оқилона фойдаланишларида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Илҳом Камолов,
вилоят ДСБ шўъба бошлиғи