ТАДБИРКОРЛАР УЧУН СЕМИНАР ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Семинарда вилоят давлат солиқ бошқармаси раҳбарияти, Урганч шаҳар прокурори ва давлат солиқ инспекцияси бошлиғи мазкур шаҳарда фаолият юритаётган тадбиркорлар билан яқиндан мулоқот қилиб, бугуннинг энг долзарб масалалари 2019 йил 1 январдан солиқ қонунчилигига киритилган янгиликлар, қўшилган қиймат солиғи ҳақида содда тилда тушунтиришлар берилди.
Хусусан, 2018 йил якунлари бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми чегаравий миқдордан ошган якка тартибдаги тадбиркорлар юридик шахслар каби умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказилди.
Шу билан бирга, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми 3 млрд. сўмдан ошмайдиган якка тартибдаги тадбиркорлар қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибидан фойдаланишлари мумкин.
Бундан ташқари, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми 100 млн. сўмдан ошган, бироқ бир миллиард сўмдан ошмаган якка тартибдаги тадбиркорлар ягона солиқ тўловини тўлайдилар.
Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми 100 млн. сўмдан ортган, бироқ бир млрд. сўмдан ошмаган якка тартибдаги тадбиркорлар ягона солиқ тўловини 4 фоиз ставкада тўлаши белгиланган. Тушуми 100 млн. сўмдан ошмаган якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатoий белгиланган солиқни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинди.
Тушуми бир млрд. сўмдан ошган якка тартибдаги тадбиркорлар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни юридик шахслар учун назарда тутилган тартибда тўлайди.
Ялпи тушуми уч млрд. сўмдан ошмайдиган корхоналар учун 2021 йилнинг 1 январига қадар қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилди. Бунда қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини қўллаётган солиқ тўловчилар ўзларининг ҳисобварақ-фактураларида қўшилган қиймат солиғининг тегишли ставкасини алоҳида сатрда кўрсатишлари шарт, кейинчалик у сотиб олувчи қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг умумбелгиланган тартибини қўллаётган солиқ тўловчи учун қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш учун асос бўлади.
2019 йилдан бошлаб солиқ солиш обoектига эга бўлган барча ягона солиқ тўловчилар мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлайдилар. Улар учун қўшилган қиймат солиғи айланмасига эга бўлганларида қўшилган қиймат солиғини ихтиёрий асосда тўлаш имконияти сақлаб қолинди.
Тадбирда иштирокчилар томонидан қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш, энг кам иш ҳақининг миқдорига оид ўзгаришлар, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг ҳисоб-китоби, мол-мулк солиғи ва бошқа саволлар йўлланиб, мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар қайтарилди.

Султонбой ИБРАГИМОВ,
Урганч шаҳар ДСИ давлат солиқ катта инспектори.