ЖИНОИЙ ДАРОМАДНИ ЛЕГАЛЛАШТИРИШ ХАВФЛИ

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш бугунги кунда халқаро характерга эга иқтисодий жиноят саналади. Ушбу жиноятнинг хавфли томони шундаки, айбдор жиноят натижасида топилган даромадига қонуний тус беради ва келиб чиқиш манбасини яширади. Бу эса ўз навбатида, содир этилган жиноятни яширади ҳамда жиноий йўл билан топилган мулкдан эркин фойдаланиш имконини беради. Мазкур жиноятга халқаро даражада иқтисодий жиноят деб қаралишига сабаб гиёҳвандлик моддалари олди-сотдиси билан боғлиқ жиноий даромадларни легаллаштириш орқали фойдаланишга чек қўйиш бўлган. Чунки айнан ушбу жиноятлар натижасида топилган даромадлар иқтисодий муомалага эркин кириб келиши натижасида қонуний иқтисод учун хавфли саналади. Шунинг учун ҳам наркотик моддалар ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомалада бўлишига қарши кураш мақсадида 1988 йил 20 декабрда Вена шаҳрида БМТнинг “Наркотик моддалар ва психотроп модадларнинг ноқонуний муомалада бўлишига қарши кураш тўғрисида”ги Конвенцияси қабул қилинган.
Миллий қонунчиликда ҳам ушбу жиноятга қарши курашиш ҳуқуқий асосга эга. Яъни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 243-моддаси жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш деб номланган. Унга асосан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, яъни мулк, пул маблағлари ва бошқа мол-мулклар жиноий фаолият натижасида топилган бўлса, уни ўтказиш, мулкка айлантириш ёхуд алмаштириш йўли билан унинг келиб чиқишига қонуний тус бериш, худду шунингдек бундай пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкнинг асл ҳусусиятини, манбаини, турган жойини, тасарруф этиш, кўчириш усулини, пул маблағларига ёки бошқа мол-мулкка бўлган ҳақиқий эгалик ҳуқуқларини ёки унинг кимга қарашлилигини яшириш ёҳуд сир сақлаш ҳолати тушунилади.
Жиноий даромадни легаллаштириш халқаро ҳуқуқда иқтисод учун хавфли деб тан олинган. Шу сабабли, БМТ ва Европа Иттифоқи томнидан ушбу жиноятга қарши курашиш борасида халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, амалиётга татбиқ этилмоқда.

Нурбек РАХИМОВ
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти
Хоразм вилояти бошқармаси катта суриштирувчиси