ИШГА КИРИШ УЧУН 600 АҚШ ДОЛЛАРИ

Касбга садоқат инсоний фализатларнинг энг масъулиятлиси, жамиятнинг моддий тиргаги саналади. Касб ифтихори туйғуси қанчалик пок ва беғараз бўлса, у инсонни шунчалик юксаликка кўтаради.
Лекин минг афсуски, орамизда турли касбларнинг садоқатли фидоийлари билан бир қаторда, садоқатдан йироқ, касб ифтихори ва инсонпарварлик шаънига доғ тушираётганлар ҳам учраб турибди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Хоразм вилоят бошқармаси, Гурлан туман бўлими ҳамда туман прокуратураси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган шахсларнинг фирибгарлик, порахўрлик ҳаракатлари фош этилди.
Гурлан туман ҳокимининг ёрдамчиси Шокир Машарипов (исм, фамилиялар ўзгартирилган) шу туманда яшовчи фуқарони туман мактабгача таълим бўлими тизимидаги муассасаларнинг бирига ишга киритиб бериши эвазига 600 АҚШ доллари сўрайди. Ҳоким ёрдамчиси ишга кириш масаласи Гурлан туман МТМ бўлимининг кадрлар бўйича мутахассиси Омон Собиров орқали ҳал бўлишини билдиради. Ўтказилган тезкор тадбир давомида ҳоким ёрдамчиси Шокир Машарипов фуқародан ишга кириш эвазига талаб қилган 600 АҚШ долларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга тушади. Тадбир давомида ушбу мансабдор шахс ўз ихтиёри билан пушаймонлик аризаси билан мурожаат қилиб, фуқародан олган 600 АҚШ долларидан 300 АҚШ долларини Гурлан туман МТМ бўлимининг кадрлар бўйича мутахассиси Омон Собировга беришини билдиради. Ариза асосида давом этган тадбирда мактабгача таълим муассасаси мутахассиси ҳоким ёрдамчисидан 300 АҚШ долларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.
Жиноятга жазо муқаррар деганларидек, фирибгарликни, порахўрликни ўзига касб қилмоқчи бўлган ушбу мансабдор шахслар ҳам қонунга панд бера олмади. Давлат ташкилоти вакилларининг бундай қилмишлари бошқалар учун яхшигина сабоқ вазифасини ўтайди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ушбу фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ботир ҚУРБОНОВ
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти
Хоразм вилояти бошқармаси инспектори