ЯШИРИН ИҚТИСОДИЁТ ҲАМ КОРРУПЦИЯ

Иқтисодий муносабатларни тартибга солиш, соҳада қонун устуворлигини таъминлаш тараққиётнинг муҳим шарти ҳисобланади. Амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ижросини назорат қилиш, содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш борасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Хоразм вилоят бошқармаси томонидан ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг долзарб масалаларига оид фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижросини таъминлаш борасида мунтазам равишда тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан ўтган 2018  йил давомида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 188 та жиноят ва 275 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар қўзғатилди. Давлат бюджетига  12970,8 миллион сўм қўшимча солиқ ва молиявий жарималар ҳисобланиб, бюджетга 7685,7 миллион сўми ундирилишига эришилди. Давлат ва жамоат манфаатларига 11243,7 миллион сўм миқдорида зарар етказилганлиги аниқланиб, 3596,7 миллион сўми қопланди. Шунингдек, 2304,6 миллион сўмлик ноқонуний муомалага киритилган товар моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Валютани қонунга ҳилоф равишда муомалага киритишнинг олдини олиш борасида олиб борилган тадбирлар жараёнида 161 та  қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, натижаларига кўра 71 та жиноят ва 140 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар қўзғатилган. Ҳуқуқбузарлардан 142504 АҚШ доллари, 588460 Россия рубли, 671600 Қозоқ тенгеси ва 734,7 млн Ўзбек сўми далилий ашё сифатида олиниб, давлат эгалигига ўтказилди.

Жумладан, мавжуд тезкор маълумотлар асосида қонунга хилоф равишда валюта қимматликларини олиш ва ўтказиш билан шуғулланиб келаётган шахсларни аниқлаш юзасидан бошқарма ходимлари билан ўтказилган тадбирда фуқаро М.Собиров бошқа фуқаролар билан жиноий тил бириктириб, фуқаро Х.Абдалниязовага пластик карточкадан 5 фоиз устама билан 116 миллион 550 минг сўм пулларни ечиб олиб, нақд шаклда 111 миллион сўм пулларни бериб, шу пуллар эвазига ҳар бир АҚШ долларини 8350 сўмдан хисоблаб, жами 14 000 АҚШ долларини сотишга келишиб, Урганч шаҳридаги “TAYGA INVEST” МЧЖ савдо шахобчасида 14 000 АҚШ долларини сотаётганлиги аниқланди ва тегишли тартибда ҳужжатлаштирилиб,  14 000 АҚШ доллари ва 11 миллион сўм пуллар далилий ашё сифатида олиб қўйилиб, хуқуқбузарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Шунингдек, ўтган йилнинг декабрь ойида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаролар М.Тўраев ва С.Аннамуратовалар харидор билан ҳар бир АҚШ долларини 8360 сўмдан ҳисоблаб, 9500 АҚШ долларини 79420000 сўмга сотишга келишиб, шу пулларни олиб, келишилган 9500 АҚШ долларидан 7600 АҚШ долларини бераётган вақтида ашёвий далиллар билан ушлади. Ушбу ҳуқуқбузарлардан  7600 АҚШ доллари далилий ашё сифатида олиб қўйилиб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг асосий вазифаларидан яна бири спирт ва алкоголли маҳсулотларни ноқонуний ишлаб чиқариш ва сотишни олдини олишдан иборат. Бу борада қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида этил спирти, акциз маркасиз, қалбаки акциз маркали спиртли, алкоголли ва пиво маҳсулотларининг ноқонуний ишлаб чиқарилиши, контрабанда йўллари билан олиб келиниши ва сотилишининг олдини олиш ва муомалага киритилишини ҳамда уларнинг илдизларини фош қилиш юзасидан олиб борилган тадбирлар жараёнида 5 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, 6 миллион 453 минг сўмлик алкоголли маҳсулотлар далилий ашё сифатида олинди.

Яширин иқтисодиёт тараққиёт кушандаси. Шу боис бу борада ҳам муайян тадбирларни амалга ошириб келяпмиз. Тезкор таҳлилий ва қидирув ишлари натижасида 57 та ҳолатда ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 4 та жиноят ва 53 та маъмурий иш қўзғатилди. Ҳуқуқбузарлардан 736,3 миллион сўмлик ноқонуний ишлаб чиқарилган ва муомалага киритилган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Хусусан ўтказилган тадбир натижасида Хонқа туманида яшовчи фуқаро В.Болтаев ўз уйида яширин цех (мойжувоз) ташкил қилиб, ҳеч қандай ҳужжатсиз, ноқонуний равишда пахта чигитидан қўлбола усулда ёғ ва кунжара маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланиб, мазкур яширин цехдан чигит, қўлбола усулда олинган пахта ёғи, қўлбола усулда тайёрланган мойжувоз ускунаси далилий ашё сифатида олиб қўйилган, ҳуқуқбузарга нисбатан суд ҳукми билан тегишли жазо тайинланди.

Пул маблағларининг банкдан ташқари айланиши иқтисодиётимизга, давлат бюджетига  жиддий зиён етказади. Шу боис Республика Вазирлар Маҳкамасининг “Пул маблағларини банкдан ташқари муомаласини янада қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори  ижроси доимий назоратимизда. Бу борада олиб борилган чора-тадбирлар натижасида  19181 миллион сўмлик ноқонуний нақд пул айланмалари аниқланиб, 21 та жиноят иши қўзғатилди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нуқтида коррупция давлат ва жамият ривожига, халқнинг адолатли бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавф эканлигини таъкидлаб ўтдилар. Маърузада 1 минг 177 нафар мансабдор шахс коррупция ҳолати билан боғлиқ бўлган жиноят содир этганлиги қайд этимлди. Юртбошимиз айтганларидек, эндиликда ушбу иллатга қарши курашишда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича ички дастурлари фаолияти йўлга қўйилади.

Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ўтган йил мобайнида, коррупция ҳолатини фош этиш борасида ўтказилган тадбирлар натижасида, жами 94 та жиноят ишлари қўзғатилиб, шундан 4 холатда хокимият ходимларига нисбатан, 2 та холатда Давлат солиқ ходимларига нисбатан, 3 та холатда банк ходимларига нисбатан ва  83 та холатда бошқа идоралар ходимларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, жазонинг муқаррарлиги таъминланган.

Жиноят кодексининг коррупцияга оид моддалари бўйича таҳлил қилинганда, 210-модда билан 10 та, 211-модда билан 33 та, 214-модда билан 5 та, бошқа моддалар билан 46 та  жиноят ишлари қўзғатилган.

Жумладан, вилоят кўп тармоқли тиббиёт бирлашмаси шифокори Э.Султанов фуқаро Н.Эшчановадан унинг қизини онкология диспансерига ишга киритиб бериш эвазига 1000 АҚШ доллари олганлиги аниқланди ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Шунингдек, кўп қаватли уйлардаги квартираларни бириктириш бўйича Урганч шаҳар ҳудудий комиссия аъзолари Б.Жуманиязов, У.Раджапов ва В.Каримовлар олдиндан тил бириктириб, ҳокимликдаги танишлари орқали уйга муҳтож фуқаро сифатида фуқаро Х.Отажоновга арзон кўп қаватли уйдан бириктирилган 1 хонали квартирани 3 хоналисига алмаштириб бериш эвазига 3 миллион сўм пулларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Ушбу ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли жазо тайинланиб, суд ҳукми ўқилди.

Яна бир мисол, Хонқа туманида жойлашган мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари М.Пўлатова ўқитувчи Н.Хайитовага бошланғич ўқувчиларнинг синф раҳбарлигини бериш эвазига 200 АҚШ доллари беришини айтиб, ушбу пулларни туман Халқ таълими бўлими ходимига беришини айтиб, ундан 150 АҚШ долларини олганлиги аниқланган. Ушбу фуқарога нисбатан тегишли жазо тайинланди.

Ўтган йилнинг апрель ойида ўтказилган тезкор тадбирда Қўшкўпир тумани ҳокими ёрдамчиси У.Атаназаргов 2 нафар фуқарони ташқи меҳнат миграцияси агентлигида ишловчи танишлари орқали уларни Жанубий Корея давлатигақонуний асосда ишлашга юбориш эвагиза 8000 АҚШ долларини олган пайтда ушланди. Яна бир ҳолат, Урганч туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари в.б. Б.Абдримов фуқаро А.Исмоиловга тегишли турар жойга эгалик ҳуқуқи белгилаш масаласини ижобий ҳал қилиб бериб эвазига 5 миллион сўм пулларни пора тариқасида олганлиги аниқланди. Ушбу ҳуқуқбузарларга нисбатадан суд томонидан тегшли жазо белгиланди.

Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектларининг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш, фаолиятидаги турли тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш борасида муайян ишлар амалга оширилиб,  34 та ҳолатда жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳуқуқи бузилган тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тикланди ва улар манфаатларига етказилган зарарлар ундириб берилди.

Қонун доирасида фаолият юритаётган корхона, ташкилотлар, тадбикор ва ишбилармонлар солиқ ва бошқа тўловларга оид фуқаролик бурчлари ва мажбуриятларини адо этиб, юртимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Шу билан бирга, била туриб қонун қоидаларга хилоф иш тутаётган, хуфиёна тарзда бойлик орттиришга интилаётган «ишбилармон»лар ҳам учрамоқда, улар амалдаги қонунларни четлаб, фойда кетидан иқтисодий жиноятларга қўл ураётган фуқаролар эса нафақат жамият манфаатларига, балки ўзларига ҳам зиён етказмоқдалар.

Бир сўз билан айтганда иқтисодий жиноятларга, “хуфёна” иқтисодиётга ва коррупцияга сезиларли зарба бериш учун, энг аввало, жамиятдаги барча фуқаролар ўз ҳуқуқ ва бурчларини билишлари билан бир қаторда, унга шахсан риоя қилишлари ва бошқалардан ҳам шуни талаб қилиб, мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан жамоат назоратини кучайтириш лозимдир.

 

 

 

Ғайратжон СУЛТАНОВ

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи, адлия кичик маслаҳатчиси