ВАЛЮТАФУРУШЛАР ФАОЛИЯТИ ФОШ ҚИЛИНМОҚДА

Мамлакатимизда валюта бозорини эркинлаштириш борасида изчил чора тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу эса албатта иқтисодиётимизнинг барқарорлашувига, инфиляция даражасининг пасайишига, инвестиция жараёнига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Ўз навбатида ички валюта бозорининг эркинлашуви, товарлар экспорт-импорти, валюта олди-сотдиси, молиявий операциялар ва савдога алоқадор бўлган пул ўтказиш тушумларининг эркинлашувига олиб келади. Шу сабабдан фуқароларимиз бу қонуний имкониятлардан унумли фойдаланиб, ҳам жамият, ҳам давлатга манфаат келтириш билан ўзларининг қонуний даромадига эга бўлмоқдалар.

Халоллик, поклик ҳар қандай ишнинг муваффақиятини таъминлайди. Аммо, орамизда бундай хислатлардан узоқ бўлган кимсалар ҳам йўқ эмас. Аниқроғи, мавжуд қонунларга чап бериб, кўча-кўйда, турли таъқиқланган жойларда, хатто ўз хонадонида хорижий валютани алмаштиришни ўзларига «касб» қилиб олганлар  учрамоқда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ходимлари томонидан валютага оид жиноятларни аниқлаш, валюта бозорини эркинлаштиришга қаратилган норматив ҳужжатлар ижросини таъминлаш, валюта соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва ноқонуний хатти-ҳаракатларни фош этиш борасида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда Урганч шаҳар Туркистон кўчасида яшовчи валютафуруш фуқаронинг ноқонуний ҳаракатлари фош этилди.

Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ҳамда Хоразм вилояти ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Урганчлик фуқаро Сотимбой Хамидов (исм, фамилиялар ўзгартирилган) ўз хонадонида  навбатдаги харидордан ҳар бир АҚШ долларини 8320 сўмдан жами 95 миллион 264 минг сўмга сотиб олишга келишиб, ундан 11 минг 450 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Тадбир давомида ушбу валютуфурушдан ноқонуний муомалага киритиш учун мўлжалланган жами 700 АҚШ доллари, 133 минг 650 Россия рубли, 545 минг 700 Қозоқ тенгеси ва 64 миллион 812 минг сўм пуллар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Хозирда, мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ушбу фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қазақбой Жабборов

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Хоразм вилояти бошқармаси ходими


Президентимизнинг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, юртдошларимизга валюта маблағларини тез ва қулай айирбошлаш учун катта қулайликлар яратилди. Лекин хали-ҳамон осон ва мўмай даромад топишни кўзлаб, ноқонуний валюта олди-сотдиси билан шуғулланаётган шахслар афсуски учраб турибди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Хонқа туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Хонқа тумани “Пахтакор” маҳалласида яшовчи фуқаро Алишер Салимов (исм, фамилиялар ўзгартирилган)  туман марказидаги “Иморат” кўчасида жойлашган озиқ-овқат дўконларининг бирида ноқонуний  валюта олди-сотдиси билан шуғулланиб келаётганлиги фош этилди.

Гап шундаки, Хонқалик фуқаро А.Салимов жорий йилнинг 29 январь куни  навбатдаги харидорига ўзи ишлаб келаётган дўконда 3300 АҚШ долларини 27 миллион 984 минг сўмга сотган вақтда департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Тезкор тадбирда, валютафуруш фуқаро тумандаги “Иморат” кўчасида жойлашган дўконда ишлаш орқали қонунга хилоф равишда валюта олди-сотдиси билан шуғулланишни ўзига касб қилиб олганлигини ҳамда ноқонуний муомалага киритилган пул маблағлари ўзига тегишли эканлигини тан олди.

Тадбир якунида холислар иштирокида қонунбузарнинг ёни кўздан кечирилганида, унинг ёнидан 1435 АҚШ доллари, 3000 Россия рубли,
134.000 сўм ўзбек сўмлари  борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида олиб қўйилди.

Хозирда, мазкур ҳолат юзасидан  Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг тегишли моддалари билан ушбу фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Хорижий валюталарни қонунга хилоф равишда ўтказиш, нақд пулни банкдан ташқари ноқонуний айлантириш учун қонунчиликда жавобгарлик чоралари белгиланган. Қинғир йўлни танлаганушбу устамон эса қонун олдида жавоб беришга мажбур.

Эргаш МАШАРИПОВ

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Хоразм вилояти бошқармаси ходими

 

 

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида миллий валютанинг мақомини янада мустаҳкамлаш, нақд хорижий валютанинг муомала доирасини тартибга солиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича халқаро стандартларни сўзсиз бажариш, шунингдек валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш механизмини такомиллаштириш мақсадида бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Бу борада Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ўтказилаётган тезкор тадбирлар давомида миллий валюта савдоси билан ноқонуний шуғулланиб келаётган фуқароларнинг ҳаракатларига чек қўйилмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Урганч шаҳар бўлими томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда Урганч шаҳар “Шабнам” кўчасида яшовчи фуқаро Карим Бекчанов (исм, фамилиялар ўзгартирилган) харидордан 23 миллион  176 минг сўмни жами 2800 АҚШ доллари ва 10 000 Россия рублини жами 24 миллион 986 минг сўмга сотаётган пайтда тезкор ходимлар томонидан ушланди.  Ушбу ҳуқуқбузар ҳар бир АҚШ долларини 8 470 сўмдан ва ҳар бир Россия рублини 127 сўмдан ҳисоблаб сотишга уринган.

Тадбир якунида фуқаро К.Бекчановдан жами 2 800 АҚШ доллари ва 10 250 Россия рубли ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Ушбу ҳуқуқбузар олдин ҳам жиноят кўчасига кирган бўлишига қарамасдан, мавжуд қонунларни четлаб ўтиб, ўз нафси йўлида “валютуфуруш”ликни касб қилиб олган экан.

Бу фуқаронинг қилмишлари уни қаерга етаклаб келганлигию, ноқонуний фаолияти қандай якун топганлиги шундай йўлдан юраётган шахсларга ҳам сабоқ бўлиши аниқ.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ушбу фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўктамбой ДАВЛЕТОВ

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Урганч шаҳар бўлими бошлиғи