ЕР СОТГАН “ТАДБИРКОР”

Бугун тадбиркорлик билан шуғулланиб, ҳам ўзига ҳам жамиятга наф келтираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шароит яратиб бериш борасида устувор вазифалар жадаллик билан амалга оширилмоқда. Ана шундай шарт-шароитлардан оқилона фойдаланиб, тадбиркорлик соҳасида  ўз ўрнига эга ишбилармонлар қаторида нафс қулига айланган айрим қўштирноқ ичидаги “тадбиркорлар” ҳам йўқ эмас. Уларнинг ўзи учун муаммо туғдириб, бир-нималик бўлиб қолишга уринаётгани мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнига салбий таъсир ўтказмоқда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда ана шундай жиноий ҳолатга чек қўйилди.

Хонқа тумани “Қирқёп” қишлоғида яшовчи Шодиёр Саломов (исм, фамилиялар ўзгартирилган) тумандаги масъулияти чекланган жамиятларнинг бирига раҳбарлик қилиб келган. У ўзининг тадбиркорлигидан фойдаланиб, Хонқа тумани “Новхоз” қишлоғида яшовчи Акбар Собировга туман ҳудудидан турур жой қуриш учун ер майдони ажратиб беришни муаммосиз ҳал қилишини айтиб, алдаш йўли билан унинг ишончига кирган. Тадбиркор Ш.Саломов ушбу ер майдони учун туман хокимининг тегишли қарорини чиқартиб бериш учун фуқаро А.Собировдан нақд 2000 АҚШ доллари сўрайди.

Ноқонуний ҳаракатни тўғри англаган фуқаро ушбу жиноий ишга барҳам бериш мақсадида Департаментнинг вилоят бошқармасига ариза билан мурожаат қилади. Унга асосан ўтказилган тезкор тадбирда тадбиркор Ш.Саломов фуқаро А.Собировдан турар жой учун ер майдони ажратишда тегишли ташкилот раҳбарлари орқали туман хокими қарорини чиқартириб бериш эвазига фуқарони алдаш йўли билан ундан 2000 АҚШ долларини олаётган вақтда ашёвий   далиллар билан ушланди.

Тадбиркорлар учун яратилган шунча шарт-шароитдан тўлиқ фойдаланиш ўрнига, кимнингдир кимларга пора беришга ундаш, алдаш ва инсоларнинг ишончини суиистеъмол қилиш орқали мўмай даромад топишнинг охири жиноят манзилига олиб боради. Албатта, бундай ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар учун миллий қонунчилигимизда тегишли жазо турлари аниқ белгилаб берилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ушбу фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилиб, ҳуқуқий таъсир чоралари қўрилмоқда.

 

Фарход ЖУМАНИЯЗОВ

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти

Шовот туман бўлими бошлиғи