БИЗ ХАЛҚНИНГ МУАММОЛАРИНИ ДАДИЛ КЎТАРИБ ЧИҚАДИГАН ПАРЛАМЕНТНИ ҚУРМОҚЧИМИЗ!!

Муҳим сиёсий тадбир – жорий йилнинг 22 декабрида Парламентга ҳамда маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловлар “Янги Ўзбекистон. Янги сайловлар!” шиори остида ўтказилаётгани бугун ҳаётимизнинг барча жабҳасида юз бераётган ўзгаришлар, янгиланишлар жараёнига ҳамоҳанглик касб этмоқда. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳам сайловга тайёргарлик кўриш, сайловолди Платформаси билан боғлиқ тадбирларда тарғибот-ташвиқотнинг янги усул ва технологияларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратяпти.
Урганч шаҳрининг Ал-Хоразмий кўчасида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши томонидан ўтказилаётган “Бирмиз, Қўлни қўлга берамиз!” шиори остидаги навбатдаги митинг ҳам байрамона руҳда ташкил этилди. Унда партия фаоллари, ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этдилар.
Тадбирда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаш раиси Алишер Қодиров сўзга чиқиб, “Миллий тикланиш” демократик партияси устувор партия сифатида аввало халққа таяниб, инсонларнинг ишончини оқлаши кераклигини ва ана шундагина бошлаган ислоҳотларимизни амалий натижаларга боғлаб қўя олишимизни алоҳида таъкидлади. – Биз ҳалқнинг муаммоларини дадил кўтариб чиқа оладиган парламентни қурмоқчимиз. Бу парламент одамларнинг муаммоларини бевосита ўзи билан маслаҳатлашган ҳолатда ҳал қилади, қонунчиликда акс эттиради. Биз журъатли парламентни қуриш нуқтаи назаридан фақатгина “Миллий тикланиш” партиясининг “Миллий тикланишдан миллий юксалиш”га даъват этадиган ғоялари асосида бир тану бир жон бўлиб Ўзбекистонимизни ўзгартириш йўлида улкан ташаббусларни илгари сурамиз. Ким бўлишимиз ва қандай соҳада фаолият кўрсатишимиздан қатъий назар барчамизни ягона эзгу мақсад бирлаштириб туради, бу халқимиз фаровонлиги учун сидқидилдан хизмат қилиш, ёшларимизни она Ватан қадрига етадиган комил инсон қилиб тарбиялаш, маънавий ва миллий қадрият, урф-одатларимиз руҳида вояга етказишдир, -дейди партия етакчиси.
Тарғибот тадбирида таъкидланганидек, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ўз ғояларини ҳаётга изчил татбиқ этган ҳолда сайловда фаол иштирок этиб, парламентда энг кўп депутатлик ўрнига эга бўлишга ҳаракат қилмоқда.
Майдон узра Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси мадҳияси баралла янгради. Партия фаоллари бирлашиб, “Бирмиз! Қўлни қўлга берамиз!” дея жўр бўлдилар, ҳавода хилпираётган рамзий байроқлар янада юксакликка бўй чўзди…

Гулноза УМИРОВА,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби