ФАОЛИЯТГА ТАҲЛИЛИЙ НАЗАР

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Хоразм вилоят Кенгаши томонидан партия шаҳар, туман Кенгашларининг навбатдаги мажлислари ҳамда ҳисобот-сайлов конференцияларини алоҳида тайёргарлик асосида ташкил этишга юқори даражада эътибор қаратилмоқда. Чуқур таҳлил, очиқ-ошкора муҳокамалар асосида ўтказилаётган мазкур тадбирларда ҳудудий Кенгашларнинг беш йиллик фаолияти юзасидан ҳисоботлари танқидий руҳда кўриб чиқилиб, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинмоқда.
Хонқа маиший хизмат ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида ЎзМТДП Хонқа туман Кенгашининг XV Мажлиси ҳамда VI Конференцияси бўлиб ўтди. Унда туман Кенгашининг бошланғич партия ташкилотлари вакиллари, делегатлар, партия фаоллари ҳамда депутатлар иштирок этдилар.
Кун тартибидаги масалалар конференция раёсати, котибият, саноқ ва мандат, тафтиш комиссиялари, делегатларнинг овозлари билан тасдиқланди. Конференция кун тартибида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Хонқа туман Кенгашининг ҳисобот даврида партиянинг сайловолди дастури ижросини таъминлашдаги фаолияти, партиянинг янги таҳрирдаги Устави ва Дастури лойиҳаси ҳамда Партия Хоразм вилоят Кенгаши конференциясига делегатлар сайлаш тўғрисидаги масалалар муҳокама этилди.
Конференцияни партиянинг Хонқа туман Кенгаши раиси бошқариб борди ҳамда туман Кенгашининг беш йиллик фаолияти тўғрисида хисобот берди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Хонқа туманида 1520 нафар аъзолари мавжуд бўлиб, шундан 893 нафари хотин-қизлар, 872 нафари эса ёшлар ҳисобланади. Партия аъзолари 30 та бошланғич партия ташкилотига бирлашиб, турли соҳаларда фаолият кўрсатмоқдалар. Хозирги кунда Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашида партиядан сайланган 2 нафар ҳамда туман Кенгашида 6 нафар депутатлар фаолият олиб бормоқда.
Маърузалар давомида қайд этилганидек, партия туман Кенгаши томонидан жорий йилнинг 22 декабрида бўлиб ўтадиган сайловларга пухта тайёргарлик кўрилмоқда, ўтган даврда йўл қўйилган хато ва камчиликлар бартараф этилиб, сайловларда бошланғич партия ташкилотлар фаоллигини янада оширишга, номзодларни ўринли танлашда, кузатувчи ва ваколатли вакилларнинг сиёсий фаоллигини оширишга чуқур эътибор қаратилмоқда.
– Демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини очиқ-ошкора, адолатли сайловларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Мамлакатимизда изчил амалга оширилган ислоҳотлар самарасида демократик талаблар ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга жавоб берадиган, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш кафолатларини таъминлайдиган миллий сайлов тизими яратилди. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Сайлов жараёнларида барчамизнинг, аввало, дунёқарашимиз, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятимиз, гражданлик позициямиз яна бир бор намоён бўлади, — дейди, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Хонқа туман Кенгаши раиси Анагул Бекчанова.
Конференцияда партия туман Кенгаш аъзолари тасдиқлаб олинди ҳамда ЎзМТДП Хоразм вилоят Кенгаши Конференциясида иштирок этувчи делегатлар сайланди.

Гулноза УМИРОВА,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби